Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

«Энди, ўзимдан уялмайман»

«Энди, ўзимдан уялмайман»
  • Туғилган йили: 1963

  • Мамлакати: Мексика

  • Ўтмишда: кўча боласи; ўзини кераксиз ҳис қилган

ОЛДИНЛАРИ

 Мен Мексиканинг шимолидаги Сьюдад-Обрегон шаҳрида туғилганман. Мен тўққизта фарзанднинг бешинчисиман. Биз шаҳар четида яшардик, дадамнинг кичкина фермаси бор эди. У ерни жуда яхши кўрардик, оиламиз аҳил ва бахтиёр яшарди. Афсуски, мен беш ёшда бўлганимда бўрон юз бериб, фермамизни яксон қилди ва биз бошқа шаҳарга кўчишга мажбур бўлдик.

 Дадамнинг иши юришаётган эди. Лекин у спиртли ичимликларга берилиб кетди. Бу бутун оиламизга таъсир қилди. Мен ва иккита акам дадамнинг сигаретларини ўғирлаб, чекардик. Бор-йўғи олти ёшимда илк бор спиртли ичимликдан маст бўлиб қолдим. Кўп ўтмай, ота-онам ажрашди ва хулқим роса ёмонлашди.

 Онам бошқа киши билан яшай бошлаганда, бизни ҳам олиб кетди. У киши бир тийин ҳам бермасди ва онамнинг топгани бизга етмас эди. Опа-акаларим ва мен ишлар эдик, лекин бу энг асосий нарсаларга зўрға етарди. Бошқаларнинг оёқ кийимларини тозалардим, нон, газета, сақич ва ҳоказоларни сотардим. Бойлар уйларининг ёнидаги ахлат қутиларида егулик ҳам қидириб юрардим.

 Ўн ёшда бўлганимда, битта киши шаҳар ахлати йиғиладиган бир жойда ишлашга мени чақирди. Мен рози бўлиб, мактабни ташладим ва уйдан кетдим. У менга кунига бир доллардан ҳам камроқ пул ва ахлатдан топилган озиқ-овқат берарди. Ахлатдан топилган нарсалардан ўзим учун кулбача ясаб, у ерда яшардим. Атрофимдаги одамлар сўкиниб, ахлоқсиз ҳаёт кечирарди. Кўплари гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиб, спиртли ичимликларга ружу қўйганди. Бу ҳаётимдаги энг даҳшатли дамлар эди ва мен ҳар тунда йиғлаб, қўрқувдан титрардим. Қашшоқ ва саводсиз бўлганим дастидан ўзимдан роса уялардим. Ўша ерда тахминан уч йил яшаб, Мексиканинг бошқа штатига кўчиб кетдим. У ерда далаларда меҳнат қилардим ва гул, пахта, картошка териб, шакарқамиш йиғардим.

Шу каби ахлат жойда тахминан уч йил яшаганман

 Тўрт йилдан кейин Сьюдад-Обрегонга қайтдим. У ерда табиб бўлган аммам уйидан менга бир хона ажратиб берди. Кечалари ёмон тушлар кўрадиган бўлдим ва ҳатто ҳаётимга қасд қилиш хаёллари чулғаб олди. Тунларнинг бирида шундай деб Худога мурожаат қилдим: «Эй, Худо, агар бор бўлсанг, Ўзингни менга очиб бер. Сенга бутун умр хизмат қиламан. Ҳақ дин бор бўлса, уни топишимга ёрдам бер».

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

 Мен маънан чанқоқ эканимни доим ҳис қилардим. Ҳатто болалигимда кўпгина турли черковларга борардим, аммо ҳаммасидан кўнглим қолиб кетди. Муқаддас Китоб ва Худо ҳақида билиш эҳтиёжим бирортасида ҳам қондирилмади. Айримларида у ерга борадиган кишилар бойлик пайидан бўлса, бошқаларида ахлоқсиз ҳаёт кечирарди.

 Ёшим 19 да бўлганда, поччам Яҳованинг Шоҳидлари унга Муқаддас Китобда бутларга сажда қилиш борасида нима ёзилганини кўрсатишганини айтди. У Чиқиш 20:4, 5 ни келтириб, ўйма тасвирларни ясамаслигимиз кераклигини айтди ва 5- оятни ўқиб берди. У ерда: «Уларга сажда ва хизмат қилманглар. Чунки Мен, Худойингиз Яҳова мутлақ садоқатни талаб қиладиган Тангриман»,— дейилган. Сўнг менга қуйидагича савол берди: «Худо мўъжизаларни бундай тасвирлардан фойдаланиб кўрсатса ёки уларни топинишимизда қўллашимизни истаса, нега унда уларни ман этяпти?» Бу мени ўйлантириб қўйди. Бундан кейин бир неча марта Муқаддас Китобдаги мавзулар борасида суҳбатлар қурдик. Бундай суҳбатларни роса яхши кўрардим, вақт учиб кетгандай бўларди.

 Кейинчалик, поччам мени Яҳова Шоҳидларининг учрашувига олиб борди. У ерда эшитган ва кўрганларим менга қаттиқ таъсир қилди. Ҳатто ёшлар ҳам дастурда қатнашиб, саҳнадан туриб бемалол гапиришарди. Ичимда: «Бу ердагилар роса зўр таълим олар экан!» — деб ўйладим. Сочим узун бўлганига ва пала-партиш кийинганимга қарамай, улар мени илиқ кутиб олишди. Битта оила мени йиғилишдан кейин тушликка таклиф қилди.

 Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилгач, Тангри Яҳова меҳрибон Ота сифатида моддий, ижтимоий, ирқий ёки олган таълимимизга қарамай бизга ғамхўрлик қилишини билиб олдим. Ҳа, У юзхотирчилик қилмайди. (Ҳаворийлар 10:34, 35) Хуллас, маънавий эҳтиёжларим қондирила бошлади. Ҳаёт мазмунини топиб, бахтиёр бўлдим.

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

 Ҳаётим юз фоизга ўзгарди! Чекишни ташладим ва спиртли ичимликларни суиистеъмол қилишни тўхтатиб, сўкинмайдиган бўлдим. Болалигимда қийнаган салбий туйғулардан қутулиб, ёмон тушлар кўрмайдиган бўлдим. Энди, болалигимдаги азобларим ва саводсизлик дастидан ҳиссий жароҳатларим ортда қолиб, ўзимни кераксиз ҳис этмаяпман.

 Яҳовани яхши кўрадиган турмуш ўртоғим бор ва у мени жуда ҳам қўллаб-қувватлайди. Ҳозир мен кўчма нозир сифатида Худога хизмат қилиб, жамоатларга ташриф буюраман ва имондошларимга таълим бераман. Муқаддас Китоб тўғри йўлга солиш кучига эга бўлгани ва у орқали Худо бизга таълим бераётгани учун, энди, ўзимдан уялмайман.

Менга ҳам ёрдам беришгандай, хотиним билан бошқаларга кўмаклашишдан завқ топамиз