Нега Яҳованинг Шоҳидлари уларга қарши айтилган ҳамма айбловларга ҳам жавоб қайтаришмайди?
Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобдаги маслаҳатга амал қилиб, ҳамма айбловларга ва масхараларга ҳам жавоб қайтаришмайди. Мисол учун, Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Мазах қилувчини тўғрилаган шарманда бўлади». (Ҳикматлар 9:7, 8; 26:4) Ёлғон айбловлар ҳақида ҳаддан ортиқ ташвишланиб баҳслашишдан кўра, диққатимизни Худони мамнун қилишга қаратамиз. (Заб. 119:69)
Албатта «сукут сақлашнинг ҳам, гапиришнинг ҳам ўз вақти бор». (Воиз 3:7) Ҳақиқатни топмоқчи бўлган самимий инсонлар билан суҳбатлашишга тайёрмиз, лекин беъмани баҳсларга берилишдан қочамиз. Шу йўсин, Исонинг ва илк масиҳийларнинг таълимотларию ўрнагига эргашамиз.
Исо Масиҳ бошқалар уни Пилатнинг олдида ноҳақ айблаганда, ҳеч қандай жавоб қайтармаган. (Матто 27:11–14; 1 Бутрус 2:21–23) Қолаверса, Исони ичкиликбоз ва очкўз деб ҳақорат қилишганида ҳам у жим турган. Унинг ишлари у учун гапирган. Муқаддас Китобда ёзилганидай: «Одамнинг донолиги адолатли ишларидан кўринади». (Матто 11:19) Лекин вазият бошқача бўлганида, Исо унга туҳмат қилганларга жасорат ила жавоб қайтарган. (Матто 15:1–3; Марк 3:22–30)
Исо ўз издошларини айбловлар дастидан руҳини туширмасликка ўргатган. У шундай деб айтган: «Мен учун одамлар сизларни ҳақоратлаб, қувғун қилишса, сизлар ҳақда ёлғон ва ҳар қандай ярамас сўзларни айтишса, бахтлисизлар». (Матто 5:11, 12) Баъзида бундай айбловлар туфайли шогирдлар кенг шоҳидлик беришган. Исо бундай вазиятларда уларга ёрдам беришини айтиб, қуйидагича деган: «Мен сизларга шундай донолик бераманки, сизлар нима дейиш кераклигини биласизлар. Шунда душманларингиз сизларга қарши ҳам тура олишмайди, эътироз ҳам билдира олишмайди». (Луқо 21:12–15)
Ҳаворий Павлус масиҳийларга таъқиб қулувчилар билан кераксиз баҳслар олиб боришдан қочишни маслаҳат бериб, бундай гап талашишларни «фойдасиз ва беҳуда» деб атаган. (Титусга 3:9; Римликларга 16:17, 18)
Ҳаворий Бутрус масиҳийларни керак бўлганда имонини ҳимоя қилишга ундаган. (1 Бутрус 3:15) Аммо шу билан бирга бундай қилишнинг энг яхши йўли кўпинча сўзлар билан эмас, балки амалда кўрсатиш эканини у яхши тушунган. У шундай ёзган: «Тангри сизлар яхши ишлар қилиб ақлсиз одамларнинг аҳмоқона гапларига чек қўйишингизни истайди». (1 Бутрус 2:12–15)