ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Нега бошқа тилни ўрганиш арзийди?
Ўзга тилни ўрганиш ўзимизни тарбиялашга ва қанчалар камтарин эканимизни синашга қўл келиши мумкин. Хўш, тил ўрганиш арзийдими? Кўп ёшларнинг фикрича, арзийди! Бу мақоладан бунинг сабабларини билиб оласиз.
Нима учун буни қиламиз?
Аксарият кишилар бошқа тилни мактабда таълим олгани туфайли ўрганади. Бошқалар ўз хоҳишига биноан тил ўрганади. Масалан, қуйидагича фикрлар мавжуд:
Австралиядаги 25 ёшли Анна онасининг она тилини, яъни латиш тилини ўрганишга қарор қилди. У шундай деди: «Оиламиз билан Латвияга боришни режалаштирдик ва у ердаги қариндошларимиз билан суҳбатлаша олиш учун бундай қилдим».
Қўшма Штатлардан бўлган Жина Америка имо-ишора тилини ўрганиб, кўпроқ хизмат қилиш мақсадида Белизга кўчиб ўтди. У шундай деб айтди: «Қулоғи эшитмайдиган кишиларнинг мулоқот қилиш доираси унча кенг эмас. Муқаддас Китоб асосида таълим бериш мақсадида бу тилни ўрганаётганимни айтганимда, одамлар буни жуда қадрлайди».
Биласизми? Муқаддас Китобда башорат қилинганидай, Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабар «ҳар бир миллат, қабила, тил ва халққа» эълон этилади. (Ваҳий 14:6) Ушбу башорат амалга ошар экан, Яҳованинг Шоҳидлари орасидаги кўп ёшлар ўз мамлакатида ёки бошқа ҳудудларда хизматини кенгайтириш учун ўзга тилни ўрганмоқда.
Қандай қийинчиликлар пайдо бўлади?
Тил ўрганиш осон эмас. Коррина исмли ўсмир шундай фикр билдирди: «Тил ўрганиш шунчаки янги сўзларни ёдлаб олиш эмас, балки янги маданият ва бошқача фикрлаш тарзини ҳам ўзлаштириш эканини тушундим. Тил ўрганиш учун вақт сарфлаш керак».
Шунингдек, камтарин бўлиш даркор. Испан тилини ўрганаётган Жеймс қуйидагича деди: «Ўз устингиздан кулишга одатланишингиз керак бўлади, чунки ўрганаётган тилда анчагина хатоларга йўл қўясиз. Бу ҳам тил ўрганиш жараёни».
Хулоса. Агар тўсиқларни енга олсангиз, яъни онда-сонда қилаётган хатоларингиз устида ишласангиз бошқа тилни ўрганишда кўпроқ муваффақиятли бўласиз.
Маслаҳат. Бошқалар сиздан кўра яхшироқ ўрганаётган бўлса, тушкунликка тушманг. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳар ким ўз ишини текширсин, шунда ўзини бошқалар билан солиштирмай ўзига қарасагина, суюнишга сабаб топади». (Галатияликларга 6:4)
Мукофоти қандай?
Тил ўрганишнинг фойдаси катта. Мисол учун, Оливия исмли 18 ёшли қиз шундай деди: «Бошқа тилни ўрганганингизда, фикрлаш тарзингиз кенгайиб, янги дўстлар орттирасиз».
17 яшар Мэри эса тил ўрганиш туфайли ўзига бўлган ишончни кучайтириш мумкинлигини тушунибди. У: «Ҳар қандай ишим билан фахрланишга қийналаман, лекин ҳозир тил ўрганиб, ҳар бир янги сўзни ёдлаб олгач суюнаман. Шу йўсин ўзимни яхши ҳис қиламан»,— деди.
Юқорида тилга олинган Жина имо-ишора тилида Муқаддас Китоб асосида таълим бераётганидан қувонч топаётганини айтди. «Одамларнинг тилида гапиришни бошлаганимда, уларнинг юзидан нур таралишини кўриш энг аъло мукофот»,— деди у.
Хулоса. Бошқа тилни ўрганиш янги дўстлар орттириш, ўзингизга бўлган ишончни кучайтириш ва хизматингизни янада мазмунли қилишга кўмаклашади. Тил ўрганиш хушхабарни «ҳар бир миллатдан, қабиладан, халқдан ва тилдан бўлган» одамларга айтишга катта ҳисса қўшади. (Ваҳий 7:9)