Муқаддас Китобда турмуш қурмасдан бирга яшаш ҳақида нима дейилган?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Муқаддас Китобга кўра, Аллоҳ одамлар ўзларини «зинодан тийишларини» хоҳлайди. (1 Салоникаликларга 4:3) Муқаддас Китобда қўлланилган «зино» сўзи бевафолик, гомосексуализм ва никоҳда бўлмаган кишилар орасидаги жинсий алоқани ўз ичига олади.
Нега ишқий муносабатларни ривожлантириб, бирга яшамоқчи бўлган эркак ва аёлнинг турмуш қуриши Худо учун муҳим?
Никоҳнинг асосчиси — Худодир. Худо илк эркак ва аёлни никоҳ ришталари билан боғлаганида никоҳ тузумига асос солган. (Ибтидо 2:22–24) Эркак ва аёл турмуш қурмасдан бирга яшаши Унинг ниятига кирмаган.
Худо одамлар учун нима яхши эканини билади. У эркак ва аёл ўртасидаги никоҳ ришталари бир умрлик бўлишини ва бундан оиланинг барча аъзолари фойда олиб, ўзини хавфсиз ҳис қилишини истаган. Қуйидаги мисолга диққат қаратинг: мебелни тўғри йиғиш учун уни ишлаб чиқарган корхонанинг йўл-йўриқлари зарур бўлганидек, бахтли никоҳ қуриш учун ҳам Худонинг йўл-йўриқлари керак. Худонинг меъёрлари уларга амал қилганларга доим фойда келтиради. (Ишаё 48:17, 18)
Турмуш қурмасдан жинсий алоқада бўлиш аянчли оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас. Масалан, бундай оқибатларга исталмаган ҳомиладорлик, жинсий алоқа орқали юқадиган касалликлар ва ҳиссий жароҳат кириши мумкин.
Худо эркак ва аёлга жинсий алоқа йўли билан фарзанд кўриш қобилиятини берган. Худонинг назарида ҳаёт муқаддас ва фарзанд кўриш қобилияти Унинг қимматбаҳо ҳадясидир. У биздан бу ҳадяни қадрлашимизни ва никоҳ тузумига ҳурмат кўрсатишимизни кутади. (Ибронийларга 13:4)
Эркак ва аёл бир-бирига мос келиш-келмаслигини текшириш учун турмуш қурмай бирга яшаши оқилонами?
Бахтли никоҳнинг калити эркак ва аёл масъулиятни ҳис этмай, муайян вақт давомида бирга яшашида эмас, аксинча, бир-бирининг олдидаги бурчни ҳис этиб, муаммоларни бир жамоа бўлиб ҳал қилишидадир a. Расмий никоҳ турмуш ўртоқлар бир-бирининг олдидаги бурчни ҳис қилишига ёрдам беради. (Матто 19:6)
Никоҳи мустаҳкам бўлиши учун жуфтликлар нималар қилиши мумкин?
Мукаммал никоҳнинг ўзи йўқ. Лекин шунга қарамай, жуфтликлар Муқаддас Китобдаги принципларни қўллаб, никоҳларини мустаҳкамлай олишади. Мана маслаҳатлардан баъзилари:
Турмуш ўртоғингизнинг манфаатларини ўзингизникидан устун қўйинг. (1 Коринфликларга 7:3–5; Филиппиликларга 2:3, 4)
Бир-бирингизга нисбатан севгини ривожлантиринг. Ҳурмат кўрсатишда давом этинг. (Эфесликларга 5:25, 33)
Тилингизни назорат қилишни ўрганинг. (Ҳикматлар 12:18)
Сабрли бўлинг ва кечиришга тайёр туринг. (Колосаликларга 3:13, 14)
a «Оилавий бахтнинг сири — Бурч» номли мақолага қаранг.