Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ | НИКОҲ

Порнография никоҳингизни барбод қилиши мумкин

Порнография никоҳингизни барбод қилиши мумкин

 Хотин эрининг сирини билиб қолди. У қайта-қайта кечирим сўради. Бу одатини ташлашни ваъда қилди ва муайян вақт давомида сўзида турди. Лекин кейинчалик, яна унга қўл урди ва ҳамма нарса яна такрорланди.

 Бундай вазият сизга танишми? Ундай бўлса, порнография томоша қилиш одатингиз турмуш уртоғингизга қандай таъсир қилишини ва унга қай йўсин чек қўйиш мумкинлигини тушунишингиз керак a.

Бу мақолада

 Нимани билишингиз керак?

 Порнография никоҳингизни барбод қилиши мумкин. Агар кимдир турмуш ўртоғи порнография томоша қилаётганини билиб қолса, ҳафсаласи пир бўлиб, унга нисбатан ишончи йўқолиши ҳеч гап эмас b.

 Эри порнография томоша қиладиган хотин қуйидагиларни бошдан кечириши мумкин:

  •   Сотқинлик. Сара исмли аёл шундай бўлишди: «Ўзимни эрим худди қайта-қайта зинога қўл ургандай ҳис қиламан».

  •   Ўзини етарлича яхши деб билмаслик. Битта аёлнинг айтишича, эрининг порнография томоша қилиш одати борлиги туфайли ўзини хунук ва хўрлангандай ҳис қилади.

  •   Ишончсизлик. Хелен: «Эримнинг ҳар бир қадамидан гумон қиладиган бўлдим»,— деди.

  •   Хавотирланиш. Кэтрин исмли аёл қуйидагича деди: «Эримнинг одати борасидаги хавотирлар бутун фикр-хаёлларимни қамраб олди».

 Ўйлаб кўринг: Муқаддас Китобга биноан, эр хотинини севиши керак. (Эфесликларга 5:25) Агар хотин эрининг одати туфайли ўзини юқорида айтилгандай ҳис қилаётган бўлса, эр бу маслаҳатга амал қиляпти деб айта оламизми?

 Нима қила оласиз?

 Порнография томоша қилиш одатидан воз кечиш осон эмас. Стейси шундай бўлишди: «Эрим сигарет, марихуана ва спиртли ичимликларни ташлай олди, бироқ порнография томоша қилиш одати билан ҳалиям курашяпти».

 Сиз ҳам бундай муаммога дуч келган бўлсангиз, қуйидаги тавсиялар бундай одатга нуқта қўйишингизга ёрдам беришига умид қиламиз.

  •   Порнография нега ёмон эканини тушунинг. Порнография томоша қиладиган киши ўзининг худбин истакларини қониқтириб, бахтли никоҳ учун муҳим бўлган севги, ишонч ва садоқатга зиён етказади. У шунингдек, никоҳни барпо этган Тангри Яҳовага ҳурматсизлик кўрсатади.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Никоҳ ҳамманинг назарида ҳурмат-эътиборда бўл[син]». (Ибронийларга 13:4)

  •   Ҳаракатларингизнинг оқибатларини бўйнингизга олинг. Ҳеч қачон: «Хотиним менга кўпроқ севги кўрсатганида эди, порнография томоша қилмасдим»,— деб айтманг. Айбни хотинингизга тўнкаш адолатдан эмас. Чунки у кўнглингизни қолдирса, бу яна порнография томоша қилишингиз учун баҳона бўлади.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар ким ўз эҳтиросига берилиб, алданиб синовга дучор бўлади». (Ёқуб 1:14)

  •   Турмуш ўртоғингиз билан очиқ ва ростгўй бўлинг. Кевин шундай деди: «Ҳар куни хотиним билан гаплашиб, кун мобайнида васваса туғдириши мумкин бўлган бирон нимани томоша қилдимми ёки йўқми, муҳокама қиламиз. Шу йўсин, хотиним мен ундан ҳеч нарсани яширмаётганимни тушунади».

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар нарсада ҳалол бўлишни иста[ймиз]». (Ибронийларга 13:18)

  •   Ҳушёр бўлинг. Ҳатто бир неча йил ўтгач, рецидив юз бериши мумкин. Юқорида тилга олинган Кевин қуйидагича бўлишди: «Порнографияни ўн йил томоша қилмаган эдим ва бу муаммога чек қўйганимга амин эдим. Аслида эса бу одат ҳамла қилишга тайёр турган йиртқич ҳайвондай, қулай пайтни кутган экан».

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Ким тик турибман деб ўйласа, эҳтиёт бўлсин, тағин йиқилиб тушмасин». (1 Коринфликларга 10:12)

  •   Васвасага дуч келганда, тўхтанг. Нотўғри истаклар умуман пайдо бўлмаслигига тўсқинлик қила олмасангиз-да, уларга берилиш ёки берилмаслик ўз қўлингизда. Фикрларингизни бошқа нарсага йўналтиришни ўргансангиз, бундай истаклар ўтиб кетиши осонроқ бўлади.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар бирингиз ўз баданингизни муқаддас ва шарафли тарзда бошқара билинг... Очкўзлик билан тийиқсиз шаҳвоний ҳирсга берилманглар». (1 Салоникаликларга 4:4, 5)

  •   Эски одатингизга қайтишга туртки бўладиган вазиятлардан қочинг. Бир китобда шундай ёзилган: «Бундай вазиятга тушганингизда, худди гугурт ёққандай бўласиз. Бензин сачраши биланоқ олов ловуллаб кетади». («Willpower’s Not Enough»)

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Ёвузлик мени бошқаришига йўл қўйма». (Забур 119:133)

  •   Умидни йўқотманг. Умр йўлдошингизнинг ишончини қайта тиклаш учун кўп вақт — ҳатто йиллар керак бўлиши мумкин. Кўп жуфтликларнинг мисоли бунинг уддасидан чиқиш мумкинлигини кўрсатяпти.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Севги сабр-тоқатли». (1 Коринфликларга 13:4)

a Бу мақола эрларга қаратиб ёзилган бўлса-да, тилга олинган принциплар порнография томоша қиладиган хотинларга ҳам тегишли.

b Баъзи жуфтликлар порнографияни бирга томоша қилиш ўзаро ришталарни мустаҳкамлашини таъкидлайди. Аммо Муқаддас Китобдаги принциплар бунга умуман қарама-қарши. (Ҳикматлар 5:15–20; 1 Коринфликларга 13:4, 5; Галатияликларга 5:22, 23)