Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАШКИЛОТИМИЗ АРХИВИДАН

Бўлинган мамлакатда бирликни сақлаган халқ

Бўлинган мамлакатда бирликни сақлаган халқ

 1948 йилдан 1990 йилларнинг бошигача Жанубий Африка сиёсатида апартеид тизими a ҳукм сурган. Ўша вақт мобайнида кўп одамлар бошқа ирқдан бўлганларга адолатсиз муносабатда бўлишган. Апартеид тизими остида «ранглилар» (қора танлиларнинг европоид ирқи вакиллари билан бўлган никоҳидан пайдо бўлган авлод) категориясига мансуб ҳисобланган Келли шундай эслайди: «Ҳатто оқ танли бўлмаганлар орасида ҳам камситилишлар бўлган».

 Жанубий Африкадаги Яҳованинг Шоҳидлари турли ирққа мансуб. Хўш, апартеид тизими пайтида улар нима қилишган? Улар қандай йўл тутганидан нималарни ўргансак бўлади?

Ўта хавфли вазиятлар билан курашиш

 Жанубий Африкада мажбурий ирқий сегрегацияга, яъни ирқий бўлинишларга қарши бўлган баъзилар қўзғолон кўтаришган. Ҳукуматнинг сиёсатига қарши чиққан кўплар қамалишган ва баъзилар ўлдирилишган. Ўз навбатида ҳукуматга қарши чиққанлар дастидан зўравонликлар сони янада кўпайган. Бундан фарқли равишда Яҳованинг Шоҳидлари қонунга бўйсунишган ва қўзғолонларга қўшилишмаган ёки ҳукуматни ўзгартиришга интилишмаган. Бундай йўл тутиб, улар «ҳукмрон ҳокимиятга» бўйсунган биринчи асрдаги масиҳийларга тақлид қилишган. (Римликларга 13:1, 2)

 Кўп вақт мобайнида Яҳованинг Шоҳидлари бетарафликдан воз кечмагани ва кимнингдир тарафини эгалламагани учун босимга дуч келишган. Лекин кимнингдир тарафини эгаллаш сиёсий зўравонликни қўллаб-қувватлашни ёки ҳатто имондошларга қарши курашишни ўз ичига олиши мумкин эди. Масалан, «1976 йили кўтарилган исёнларда юқори синфдаги талабаларни сиёсий юришларда қатнашишга мажбур қилишган»,— дейди Тембзи. Бундай юришларда талабалар уйма-уй юриб бошқа талабаларни уларга қўшилишга ундашарди. Агар таклифни рад этсангиз, улар уйингизга ўт қўйиши ёки ҳатто сизни ўлгунингизга қадар дўппослаши мумкин эди. Сиёсий партия раҳбари Сеофилис исмли биродаримизга шундай деган: «Бир кун келиб оқ танлилар устидан ғалаба қозонамиз. Ўшанда мамлакатни деб курашмаганинг учун сени ўлдирамиз».

Бўлинган ҳудудда йиғилишларни ўтказиш

 Апартеид тизими келтирган қийинчиликларга қарамай, Жанубий Африкадаги Шоҳидлар биргаликда топиниш учун йиғилишни тўхтатишмаган. (Ибронийларга 10:24, 25) Апартеид тизими туфайли кўплар камбағал шароитда яшарди. Шунинг учун баъзи жамоатлар Йиғилиш залини қура олишмаган b. Энвер исмли биродар шундай деди: «Ушбу йиллар давомида жуда ёмон аҳволда бўлган биноларни ижарага олишимизга тўғри келган. Шу сабабли отам уйимизни жамоат йиғилишлари учун тақдим этган. Ҳафтада икки марта уйимиз Йиғилиш зали сифатида хизмат қиларди. Баъзида уйимизда 100 дан ошиқ одам бўларди. Учрашувлардан кейин биз меҳмондўстлик кўрсатишдан завқланардик».

Оқ ва қора танли Шоҳидлар бирга йиғилишган, 1950 йил апрель

Турли ирққа мансуб одамларнинг учрашуви, «Рэнд» стадиони, Йоханнесбург, 1980 йил

 Биродарларимиз апартеид оқибатида юзага келган қийинчиликларни енгиш йўлларини топишган. Масалан, Лимпопо вилоятида оқ танли биродар қора танлилар ҳудудида ўтказилган туман анжуманида нутқ сўзлаши керак эди. Аммо унга ўша ҳудудга киришга рухсат берилмаган. У эса қора танлилар ҳудудининг ёнидаги ферма бошлиғига мурожаат қилган. У оқ танли эди ва улар иккови ўзаро келишиб олишган. Маърузачи ферма ҳудудида, туман анжуманига келганлар эса ферманинг ташқарисида йиғилган.

Сегрегация ҳукм сурган ҳудудларда ваъз қилиш

 Апартеид босими остида турли ирққа мансуб бўлган одамлар алоҳида яшаши учун сегрегация қилинган. Шунинг учун одатда жамоат ҳудуди битта ирққа мансуб бўлган одамлардан тузиларди. Апартеид дастидан ваъзгўйлар хизматни ташкиллаштириш учун мослашувчан бўлишларига тўғри келган. Масалан, тайинланмаган ҳудудларда ваъз қилиш муайян қийинчиликлар туғдирган. Апартеид босими остида «ҳинд» категориясига мансуб ҳисобланган Криш шундай бўлишди: «Одатда оқ танли бўлмаганларга бирон жойда тунашга рухсат беришмасди. Шу боис машиналаримизда ёки дарахт тагида ухлардик. Эрталаб юз-қўлимизни ювиш учун ёқилғи қуйиш шохобчасининг ҳожатхонасига борардик. Баъзида эса у ерда “Фақат оқ танлилар” деган ёзув турарди. Бунга қарамасдан, ваъзгўйлар ғайрат ила хизмат қилишган ва қишлоқ жойларда қизиқиш кўрсатган кўпларга ваъз қилишдан завқ олишган».

Турли ирққа мансуб Яҳова Шоҳидларининг гуруҳи қишлоқ ҳудудда ваъз қиляпти, 1981 йил

 Ушбу қийинчиликларга қарамасдан, Яҳованинг халқи сон жиҳатдан ўсишда давом этган. 1948 йили апартеид қонунан тасдиқланганида Жанубий Африкада ваъзгўйларнинг сони 4 831 киши эди. 1994 йилга келиб апартеид тугаганида ваъзгўйларнинг сони 58 729 тага етди. Ваъзгўйлар сони ўсишда тўхтамади. 2021 йили Жанубий Африкада ваъзгўйларнинг энг юқори сони 100 112 кишини ташкил қилди.

Дунёдаги нафратга қарамай севги ила якдилликни сақлаш

 Апартеид пайтида Жанубий Африкадаги Яҳованинг Шоҳидлари ирқий сегрегацияга мажбур қилиш билан танилган мамлакатда яшашган. Бундай муҳитда улар барча ирққа мансуб одамлар орасида севги ва якдилликни сақлаш учун жон куйдириб ҳаракат қилишлари керак эди. Улар буни Муқаддас Китоб асосида таълим бериш ва ундаги принципларни қўллаш орқали қилишган. (Ҳаворийлар 10:34, 35) Атрофдаги одамлар бир-биридан нафратланганига қарамай, улар севги ила якдилликни сақлашган. (Юҳанно 13:34, 35)

 1993 йили Жанубий Африкада Яҳованинг Шоҳидлари анжуман ўтказишган. У ерга турли ирққа мансуб бўлган одамлар келишган. Атоқли сиёсат раҳбари аэропортда Жанубий Африкада Яҳованинг Шоҳидлари бошқа ердан келган меҳмонларни қучоқ очиб, илиқ қарши олишганини кўрган. У қуйидагича деган: «Агар бизда ҳам сизларга ўхшаган бирлик руҳи бўлганида эди, муаммоларимизни анча олдин ҳал қилган бўлардик».

Турли ирққа мансуб Шоҳидларнинг учрашувида Яҳова Шоҳидларининг бош идорасидан бўлган Милтон Хеншель биродаримиз нутқ сўзлаяпти, 1955 йил

Яҳова Шоҳидларининг Жанубий Африкадаги филиалида оқ ва қора танли бўлган имондошлар бирга хизмат қилишяпти, 1986 йил

Анчадан бери Яҳованинг Шоҳиди бўлган Томас Скосама (чапда) ва Альфред Стейнберг (ўнгда) анжуманда, 1985 йил

Турли ирққа мансуб Яҳованинг Шоҳидлари анжуманда овқат солиб беришяпти, 1985 йил

Ҳар хил ирқдан бўлган Шоҳидлар «Эф-эн-би» стадионида бирга, Йоханнесбург, 2011 йил

a Апартеид одамларни ирқий сегрегацияга мажбурлаган тизим бўлган. Апартеид инсоннинг ирқига қараб у қандай таълим олиши, қаерда ишлаши, қаерда яшаши, ким билан турмуш қура олишини белгилаган. Қўшимча маълумот олиш учун кўп тилларда чиққан 2007 йилги Яҳова Шоҳидларининг «Йилнома»сидаги «Апартеид бу нима?» номли мавзуга қаранг.

b 1999 йилдан бери дунё бўйлаб Яҳова Шоҳидларининг жамоатларига хайр-эҳсон қилинган маблағ қаерда эҳтиёж бўлса ўша ерда Йиғилиш залларини қуриш ва таъмирлаш учун сарфлаб келинмоқда.