Қонунлар 7:1–26
7 Тангрингиз Яҳова эгаллаш учун кетаётган юртга сизларни олиб боргач+, у ердаги кўп сонли халқларни, сизлардан кўпроқ ва кучлироқ бўлган еттита халқни+ — хетийлар, гиргошийлар, аморийлар+, канъонликлар, паризийлар, хивийлар ва ёбусийларни+ олдингиздан қувиб чиқаради+.
2 Худойингиз Яҳова уларни қўлингизга топширади ва сизлар уларни мағлуб этасизлар+. Уларни албатта йўқ қилинглар+. Улар билан аҳдлашманглар, уларга раҳм ҳам қилманглар+.
3 Улар билан қуда-андачилик қилманглар. Қизларингизни ўғилларига узатманглар, уларнинг қизларини ҳам ўғилларингизга олиб берманглар+.
4 Акс ҳолда, улар фарзандларингизни Худонинг йўлидан қайтариб, бошқа худоларга хизмат қилишга оғдиради+. Шунда сизларга қарши Яҳованинг ғазаби қайнаб, сизларни тезда қириб ташлайди+.
5 Улар билан мана бундай йўл тутинглар: қурбонгоҳларини қулатинглар, муқаддас тошларини* синдириб+, муқаддас устунларини* кесиб ташланглар+, ўйма бутларини эса ёндириб юборинглар+.
6 Чунки сизлар Аллоҳингиз Яҳованинг муқаддас халқисизлар. Худойингиз Яҳова ер юзидаги барча халқлар ичидан сизларни Ўз халқи сифатида танлаб, ўзгача* мулки қилиб олди+.
7 Яҳова сизларга кўнгил боғлаб, танлаб олганининг+ сабаби барча бошқа халқлардан кўпроқ бўлганингизда эмас. Чунки сизлар ўзга халқларга қараганда камроқсизлар+.
8 Аксинча, Яҳова сизларни севгани ва ота-боболарингизга қасам ичиб берган сўзида тургани учун танлаб олди+. Шу боис, Яҳова сизларни Миср фиръавнининг қўлидан, сизлар қул бўлган юртдан* озод этиб, қудратли қўли билан олиб чиқди+.
9 Сизлар Тангрингиз Яҳова ҳақ ва ишончли Худо эканини, аҳдини бузмайдиган ва Уни севиб амрларини бажарадиганларнинг мингларча авлодларига меҳр-садоқатини намоён этадиган Аллоҳ эканини яхши биласизлар+.
10 Ундан нафратланадиганларга эса қилмишларига яраша очиқчасига* жавоб қайтариб, йўқ қилади+. Худо Ундан нафратланган кишиларга қилмишларига яраша очиқчасига тезда жавоб қайтаради.
11 Шундай экан, мен бугун сизларга буюрган амрлару қонун-қоидаларга амал қилиб, уларни бажаринглар.
12 Агар шу қоидаларга қулоқ солсангизлар ва уларга амал қилиб, бажарсангизлар, Аллоҳингиз Яҳова қилган аҳдини бузмайди ҳамда ота-боболарингизга берган сўзига мувофиқ, меҳр-садоқатини кўрсатади.
13 У сизларни севиб, баракасини ёғдиради ва кўпайтиради. Ота-боболарингизга бераман деб қасам ичган юртда+ сизларга баракасини ёғдириб, серфарзанд* қилади+, ерингизни унумдор қилиб, ғаллангизни, янги шаробингизни, мойингизни+, подангиздаги бузоқларни ва сурувингиздаги қўзиларни кўпайтиради.
14 Сизлар бошқа халқларга қараганда кўпроқ барака топасизлар+. Орангизда бефарзанд эркак ёки аёл бўлмайди, ҳеч бир молингиз ҳам қисир қолмайди+.
15 Яҳова сизларни барча хасталиклардан фориғ этади. Мисрда сизлар билган даҳшатли касалликларнинг бирортасини ҳам йўлатмайди+, уларни сизлардан нафратланганларнинг бошига солади.
16 Худойингиз Яҳова қўлингизга берган халқларнинг барини йўқ қилинглар+. Уларга раҳмингиз келмасин+ ва тузоққа тушиб қолмаслик учун+ уларнинг худоларига хизмат қилманглар+.
17 Агар: “Бу халқлар биздан анча кўп-ку, қандай қилиб уларни ҳайдаб чиқарамиз?”+ — деб кўнглингиздан ўтказсангизлар,
18 улардан қўрқманглар+. Тангрингиз Яҳова фиръавн ва бутун Миср юрти билан нима қилганини эсланглар+.
19 Аллоҳингиз Яҳова кўз ўнгингизда буюк ҳукмларни*, аломатлару мўъжизаларни кўрсатиб+, Ўзининг кучли билаги ва қудратли қўли билан сизларни ўша ердан олиб чиққан эди+. Тангрингиз Яҳова сизлар қўрқаётган халқлар билан ҳам шундай йўл тутади+.
20 Омон қолган ёки сизлардан яширинганлар қирилиб кетмагунча, Аллоҳингиз Яҳова уларни тушкун аҳволга* солади+.
21 Улардан даҳшатга тушманглар, чунки буюк ва маҳобатли Худойингиз Яҳова+ сизлар билан+.
22 Тангрингиз Яҳова бу халқларни олдингиздан аста-секин ҳайдаб чиқаради+. Юрт кимсасиз қолиб, ёввойи ҳайвонлар кўпайиб кетмаслиги ва сизларга зиён етказмаслиги учун, бу халқларни тезда йўқ қилиб юбормайсизлар.
23 Аллоҳингиз Яҳова уларни қўлингизга топширади ва бутунлайин мағлуб этиб, қириб ташлайди+.
24 Уларнинг шоҳларини қўлингизга топширади+ ва сизлар уларнинг исмларини ер юзидан* ўчириб ташлайсизлар+. Уларни йўқ қилиб юбормагунингизча+, ҳеч ким сизларга қаршилик кўрсата олмайди+.
25 Худоларининг ўйма тасвирларини оловда куйдириб юборинглар+. Тузоққа тушиб қолмаслик учун, улардаги кумуш ва олтинга ҳавас қилиб, уларни олманглар+. Чунки булар, Тангрингиз Яҳова учун жирканч нарсадир+.
26 Жирканч нарсалар билан бирга йўқ бўлиб кетмаслик учун, уларни уйларингизга олиб кирманглар. Уларга ўта жирканч нарсадек қараб, қаттиқ нафратланинглар, чунки улар йўқ қилинадиган* нарсалардир.
Изоҳлар
^ Ёки «қимматбаҳо».
^ Сўзма-сўз «қуллар уйидан».
^ Сўзма-сўз «юзларига».
^ Сўзма-сўз «бачадонинг мевасини баракали қилади».
^ Ёки «синовларни».
^ Бошқа вариант «ваҳимага; қўрқувга».
^ Сўзма-сўз «осмон остидан».
^ Сўзма-сўз «йўқ қилишга бағишланган». Ибронийча ушбу ибора номуносиб тарзда фойдаланишдан сақлаш ва кўпинча тамомила йўқ қилиш учун ажратиб қўйиш деган маънога эга.