Матто баён этган хушхабар 28:1–20

  • Исо тирилади (1–10)

  • Аскарлар ёлғон гап тарқатади (11–15)

  • Шогирд тайёрлаш топшириғи (16–20)

28  Шаббат кунидан сўнг, ҳафтанинг биринчи куни* тонг отганда, магдалалик Марям ва бошқа Марям қабрни кўргани боришди+. 2  Тўсатдан, кучли зилзила юз берди. Яҳованинг* фариштаси осмондан тушиб, қабрнинг оғзидаги тошни юмалатди-да, устига ўтириб олди+. 3  Унинг кўриниши чақмоқдай, кийимлари эса қордай оппоқ эди+. 4  Соқчилар уни кўриб, зир-зир титрашди ва қўрққанларидан қотиб қолишди. 5  Фаришта аёлларга шундай деди: «Қўрқманглар, сизлар устунда қатл этилган Исони ахтариб келганингизни биламан+. 6  У ҳозир бу ерда эмас. У ўзи айтганидай тирилди+. Келинглар, унинг ётган жойини кўриб қўйинглар. 7  Энди тезроқ бориб, унинг тирилганини шогирдларига айтинглар. Шунингдек, уларга: “У сизлардан аввал Жалилага кетяпти+. Ўша ерда уни кўрасизлар”,— деб айтинглар. Мен сизларга айнан шуни айтиш учун келганман»+. 8  Аёлларни ваҳима босган бўлса-да, улар катта қувонч билан шоша-пиша қабрдан чиқиб, Исонинг шогирдларига хабар бергани югуриб кетишди+. 9  Бирдан, уларнинг йўлидан Исо чиқиб: «Ассалому алайкум!» — деди. Улар Исонинг ёнига келиб, унга таъзим қилиб, оёқларига ёпишиб олишди. 10  Шунда Исо уларга: «Қўрқманглар! Бориб, биродарларимга хабар беринглар, улар Жалилага боришсин. Мени ўша ерда кўришади»,— деди. 11  Аёллар йўлда кетишаётганида, соқчилардан+ айримлари шаҳарга бориб, юз берган воқеани бош руҳонийларга айтиб беришди. 12  Бош руҳонийлар эса оқсоқоллар билан маслаҳатлашиб олгач, аскарларга анчагина кумуш танга беришди. 13  Кейин уларга шундай дейишди: «“Биз ухлаб ётганимизда, шогирдлари келиб, унинг жасадини ўғирлаб кетишди”+,— денглар. 14  Мабодо бу ҳокимнинг қулоғига етиб борса, ўзимиз унга ҳаммасини тушунтирамиз*, сизлар ҳеч ташвишланманглар». 15  Шундай қилиб, аскарлар кумуш тангаларни олишди-да, уларга буюрилгандай қилишди. Бу гаплар то ҳозиргача яҳудийлар орасида тарқалган. 16  Исонинг 11 та шогирди эса Жалилага+, Исо учрашиш учун тайин этган тоққа боришди+. 17  Исони кўргач улар унга таъзим қилишди. Аммо баъзилар унинг Исо эканидан шубҳаланди. 18  Исо бўлса уларга яқинлашиб, қуйидагиларни айтди: «Аллоҳ менга еру осмондаги бутун ҳокимиятни топширди+. 19  Шунинг учун боринглар, барча халқлардан шогирд тайёрланглар+. Уларни Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан сувга чўмдиринглар+. 20  Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар+. Замонанинг* охиригача+ мен доимо сизлар билан бўламан».

Изоҳлар

Бу кун ҳозир якшанба деб аталади. Яҳудийларда эса, бу ҳафтанинг биринчи куни эди.
Ёки «уни ишонтирамиз».
Ёки «Бу замонанинг». Луғатга қ.