Луқо баён этган хушхабар 1:1–80
1 Кўплар, бизлар ҳам ишонган ҳодисалар ҳақида маълумот йиғиб, уларни қаламга олишга киришди+.
2 Бу воқеаларга бошиданоқ гувоҳ бўлганлар+ ва хушхабарни ваъз қилувчи хизматчилар+ буларни бизга айтиб беришди.
3 Шу сабабли, эй муҳтарам Теофил+, мен ҳам бир бошдан ҳаммасини текширганимдан кейин, булар ҳақида мантиқий тартибда сизга ёзишга қарор қилдим.
4 Токи сиз олган таълимингизга+ бутунлай ишонч ҳосил қилинг.
5 Яҳудияда Ҳирод* шоҳ бўлган даврда+, Абиё+ номи билан аталган руҳонийлар гуруҳига тегишли Закариё исмли бир руҳоний бор эди. Унинг хотини Ҳорун авлодидан бўлиб, исми Элисабет эди.
6 Улар Худонинг назарида одил кишилар эди. Чунки иккови ҳам Яҳованинг* амрлари ва қонунларига мувофиқ бенуқсон ҳаёт кечиришарди.
7 Аммо Элисабет бепушт бўлгани боис, фарзандлари йўқ эди. Боз устига, уларнинг ёши ҳам ўтиб қолган эди.
8 Бир куни Закариё ўз гуруҳининг навбати бўйича+ Аллоҳнинг олдида руҳонийлик вазифасини бажараётганида,
9 руҳонийлик қоидасига кўра Яҳованинг маъбадига*+ кириб, тутатқи тутатиш+ навбати келди.
10 Тутатқи тутатилаётган вақтда бутун халқ ташқарида ибодат қилаётган эди.
11 Шунда Закариёнинг олдида Яҳованинг* фариштаси пайдо бўлиб, тутатқи қурбонгоҳининг ўнг тарафига турди.
12 Закариё уни кўрганида ташвишга тушиб, жуда қўрқди.
13 Аммо фаришта унга шундай деди: «Қўрқма Закариё, зеро илтижоларинг ижобат бўлди. Хотининг Элисабет сенга ўғил туғиб беради ва унинг исмини Яҳё қўясан+.
14 У сенга севинч ва шодлик келтиради, унинг туғилганидан кўплар қувонади+.
15 У Яҳованинг* назарида улуғ киши бўлади+. Лекин у ҳеч қандай шароб ва ўткир ичимликлар ичмаслиги лозим+. У ҳали туғилмасидан муқаддас руҳга тўлади+
16 ва Исроил ўғилларидан кўпларини Тангриси Яҳовага* қайтаради+.
17 У Худонинг олдида Илёс пайғамбарнинг руҳи ва қудрати ила юради+. Оталарнинг қалбларини фарзандларига қайтариб+, итоатсизларга одил кишилар каби доно йўл тутишига ёрдам беради, тайёр халқни Яҳовага* тақдим этади»+.
18 Закариё фариштага: «Мен бунга қандай амин бўламан? Ахир ўзим қариб қолган бўлсам, хотинимнинг ҳам ёши ўтиб қолган-ку»,— деди.
19 Фаришта эса унга шундай жавоб берди: «Мен Аллоҳнинг олдида турган+ Жаброилман+. Мен бу ҳақдаги қувончли хабарни сенга етказиш учун юборилганман.
20 Аммо белгиланган вақтда бажо бўладиган сўзларимга ишонмаганинг учун, буларнинг бари рўёбга чиқмагунча тилдан қоласан».
21 Айни маҳалда халқ Закариёни кутиб, маъбаддан ҳалигача чиқмаётганидан ҳайрон эди.
22 Закариё чиққач, улар билан гаплаша олмасди. Шунда халқ у маъбадда ваҳий кўрганини тушунди. Закариё гунг бўлиб қолгани учун, улар билан имо-ишора орқали мулоқот қилди.
23 Муқаддас хизмат кунлари якунига етгач, Закариё уйига қайтди.
24 Орадан кунлар ўтиб, хотини Элисабет ҳомиладор бўлди ва беш ой яшириниб юрди. У шундай дерди:
25 «Шу кунларда Яҳова* менга нисбатан шундай йўл тутди: У менга эътибор қаратиб, одамлар олдида шармандалигимдан озод этди»+.
26 Элисабетнинг ҳомиладорлигига олти ой бўлгач, Аллоҳ фаришта Жаброилни+ Жалиланинг Носира деган шаҳрига,
27 Довуд авлодидан Юсуф исмли кишига унаштирилган қизнинг+ ёнига юборди. Қизнинг исми Марям эди+.
28 Фаришта унинг олдига келиб, деди: «Салом, улуғ илтифотга сазовор бўлган қиз, Яҳова* сен биландир».
29 Бу сўзлар қизни саросимага солди ва у бундай саломлашиш нимани англатиши борасида ўйлай бошлади.
30 Шунда фаришта унга деди: «Қўрқма Марям, сен Аллоҳнинг назарида марҳамат топдинг.
31 Мана, сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғасан+ ва исмини Исо қўясан+.
32 У улуғ бўлади+, Худойи Таолонинг Ўғли деб аталади+ ва Тангри Яҳова* унга бобокалони Довуднинг тахтини беради+.
33 У Ёқубнинг хонадони устидан шоҳлик қилади ва Шоҳлигининг чеки бўлмайди»+.
34 Бироқ Марям фариштадан: «Бу қандай бўлиши мумкин, ахир мен эр кўрмаганман-ку?»+ — деб сўради.
35 Фаришта унга жавоб бериб, деди: «Муқаддас руҳ устингга тушиб келади+ ва Аллоҳ Таолонинг қудрати сени қоплайди. Шу сабабли, сендан туғиладиган болани муқаддас+, Худонинг Ўғли деб аташади+.
36 Ана, одамлар бепушт деб юрган қариндошинг ҳам қарилигида ўғилга ҳомиладор бўлди. Ҳомиласи олтинчи ойда.
37 Зотан Худонинг ҳеч бир каломи бажарилмай қолмайди»+.
38 Шунда Марям: «Мен Яҳованинг* чўрисиман! Илоё айтганингиз келсин»,— деди. Кейин фаришта ғойиб бўлди.
39 Ўша кунларда Марям зудлик билан йўлга чиқиб, тоғли ҳудудга, Яҳудиянинг бир шаҳрига борди.
40 У Закариёнинг уйига кириб, Элисабет билан саломлашди.
41 Элисабет Марямнинг саломини эшитган заҳотиёқ, унинг қорнидаги боласи қимирлаб кетди. Элисабет муқаддас руҳга тўлди-да,
42 баланд овозда хитоб қилиб деди: «Сен аёллар ичра мубораксан, қорнингдаги бола ҳам муборакдир!
43 Ҳазратимнинг онаси олдимга келгани мен учун нақадар шараф!
44 Буни қара-я, саломингни эшитганим заҳоти, қорнимдаги бола ҳам қувончдан ўйноқлаб кетди!
45 Ишонганинг учун бахтлисан, боиси, Яҳова* сенга айтган сўзларини амалга оширади».
46 Шунда Марям қуйидагиларни айтди: «Жоним-ла* Яҳовани* улуғлайман+,
47 Халоскор Аллоҳим ила кўнглим шод-хуррам+.
48 Зеро У фақир чўрисининг ҳолига назар солди+. Бундан буён барча насллар мени бахтиёр деб аташади+.
49 Қодир Тангри мен учун улуғ ишлар қилди, Унинг исми муқаддасдир+.
50 Ундан қўрққанларга У тоабад раҳм-шафқат намоён этади+.
51 У қўли билан қудратли ишлар қилди, қалбларида мағрурлик ўрнашганларни тўзғитиб юборди+.
52 Ҳукмдорларни тахтларидан улоқтириб ташлади+, фақирларни эса юксалтирди+.
53 Очларни У неъматлар ила тўйғазди+, бойларни эса қуппа-қуруқ жўнатди.
54 Раҳм-шафқатни мангу намоён этиш ваъдаси ёдида эканини кўрсатиш учун хизматкори Исроилга ёрдамга келди+.
55 Чунки У буни ота-боболаримиз Иброҳим ва унинг зурриётига* ваъда қилган эди»+.
56 Шундай қилиб, Марям Элисабетникида қарийб уч ой бўлиб, сўнг уйига қайтди.
57 Элисабетнинг ой-куни тўлиб, ўғил туғди.
58 Яҳова* унга буюк марҳамат кўрсатганини қўни-қўшнилари ва қариндошлари эшитиб, у билан бирга қувонишди+.
59 Саккизинчи куни улар болани суннат қилгани келишди+, унга отасининг исмини — Закариё қўймоқчи бўлишди.
60 Лекин онаси: «Йўқ, унинг исмини Яҳё қўямиз»,— деди.
61 Бошқалар унга: «Ахир, уруғ-аймоғингиз орасида бундай исмли киши йўқ-ку»,— дейишди.
62 Шу пайт отасидан имо-ишора орқали чақалоққа қандай исм беришни сўрашди.
63 Закариё бир тахтача сўради-да, устига: «Унинг исми Яҳё бўлади»+,— деб ёзди. Бундан ҳамма ҳайрон қолди.
64 Ўша заҳоти Закариё тилга кириб+, Аллоҳни улуғлай бошлади.
65 Атрофда яшовчиларнинг ҳаммасини қўрқув босди. Яҳудиянинг бутун тоғли ҳудудидаги одамларнинг оғзида шу гап юрарди.
66 Ушбу сўзларни эшитганлар буни юракларига тугиб: «Ажабо, бу бола ким бўлар экан?» — дея ўйлашарди. Чунки Яҳованинг* қудрати у билан эди.
67 Чақалоқнинг отаси Закариё муқаддас руҳга тўлиб, башорат қила бошлади:
68 «Халқига назар ташлаб, нажот берган+ Исроилнинг Худоси Яҳовага* ҳамду санолар бўлсин!+
69 У хизматкори Довуд хонадонидан+ чиққан қудратли нажоткорни* берди+.
70 Қадимда яшаган пайғамбарлар орқали айтганидек+,
71 душманларимизу биздан нафратланган кишиларнинг қўлидан халос этади+.
72 Шу тариқа, У ота-боболаримизга раҳм-шафқат кўрсатиб, муқаддас аҳдини+,
73 бобокалонимиз Иброҳимга ичган қасамини эслайди+.
74 Қасамига кўра, душманлар қўлидан бизни халос этгандан кейин, Унга умр бўйи муқаддас хизматни жасорат,
75 садоқат ва адолат билан бажариш шарафига муяссар қилади.
76 Сен эса, эй чақалоқ, Тангри Таолонинг пайғамбари деб ном оласан. Яҳованинг* олдида юриб, Унинг йўлларини тайёрлайсан+.
77 Унинг халқига гуноҳлари кечирилиши орқали нажот топишини эълон қиласан+.
78 Буларнинг бари Аллоҳимизнинг меҳр-шафқати ила бўлади. Ҳа, меҳр-шафқат билан юксакликдан бизга нур келади.
79 Зулматда ва ўлим соясида ўтирганларга ёруғлик бериб+, қадамларимизни тинчлик йўлига йўналтиради».
80 Шундай қилиб, чақалоқ ўсиб-улғайиб, Исроил халқи олдида пайдо бўлгунга қадар дашт-биёбонда яшади.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «уруғига».