Ёшуа 9:1–27

  • Фаросатли гивонликлар сулҳ тузишга келади (1-15)

  • Гивонликлар фош этилади (16-21)

  • Гивонликлар ўтин терувчи ва сув ташувчи бўлади (22-27)

9  Иорданнинг ғарбий томонида+ — ўртадаги тоғли ҳудудда, Шефелада, Буюк денгиз* соҳилида+ ва Ливаннинг рўпарасида яшовчи хетийлар, аморийлар, канъонликлар, паризийлар, хивийлар ва ёбусийларнинг шоҳлари нима бўлганидан хабар топгач+,  Ёшуага ҳамда Исроил халқига қарши жанг қилиш учун иттифоқ тузишди+.  Ёшуа Ерихо билан Ай+ шаҳарларини не кўйга солганини Гивон+ аҳолиси ҳам эшитди+.  Шу боис, улар узоқни кўзлаб иш қилишди. Улар эскирган хуржунларга озиқ-овқат солиб, йиртиқлари ямалган мешларни олишди-да, эшакларга ортишди.  Оёқларига эскирган ва ямалган сандалларни, эгниларига жулдур кийимларни кийишди. Ўзлари билан суви қочган, уваланиб кетган нонларни олишди.  Кейин улар Ёшуанинг олдига, Гилгалдаги қароргоҳга+ боришди-да, унга ва исроилликларга: «Биз узоқ юртдан келдик. Илтимос, биз билан сулҳ тузинглар»,— дейишди.  Аммо исроилликлар хивийларга+: «Эҳтимол, сизлар бизга яқин жойда яшарсизлар. Қандай қилиб сизлар билан сулҳ тузамиз?»+ — деб айтишди.  Улар Ёшуага: «Биз хизматкорларингизмиз»,— деб жавоб қайтаришди. Ёшуа улардан: «Сизлар кимсизлар? Қаердан келгансизлар?» — деб сўради.  Улар жавобан бундай дейишди: «Биз Тангрингиз Яҳованинг исмини ҳурмат қилганимиз учун жуда узоқ юртдан келдик+. Чунки Худойингизнинг шуҳрати ва Унинг Миср юртида қилган барча ишларини эшитдик+. 10  Иорданнинг нариги томонида* яшаган аморийларнинг иккита шоҳи — Хашбон шоҳи Сихўн+ ва Аштарўтдаги Башан шоҳи Ўг+ билан нима қилганини эшитдик. 11  Шу сабабли, юртимизнинг оқсоқоллари ва бутун аҳолиси бизга қуйидагича айтишди: “Йўлга озиқ-овқат олинглар-да, уларнинг олдига боринглар. Уларга: “Биз сизларнинг хизматкорларингиз бўлайлик+, илтимос, биз билан сулҳ тузинглар”+,— денглар”. 12  Олдингизга келиш учун уйимиздан чиққанимизда, олган нонларимиз иссиқ эди. Энди эса қаранг, уларнинг суви қочиб, уваланиб кетди+. 13  Мешларимизни шаробга тўлдирганимизда, мешларимиз янги эди, ҳозир эса улар ёрилиб кетди+. Узоқ йўл юрганимиздан кийимларимиз ҳам, сандалларимиз ҳам йиртилиб кетди». 14  Шунда исроилликлар уларнинг озиқ-овқатидан оз-моз олиб, текшириб кўришди, аммо Яҳовадан йўл-йўриқ сўрашмади+. 15  Ёшуа уларни тирик қолдириш учун тинчлик сулҳини тузди+. Жамоа йўлбошчилари ҳам уларга қасам ичди+. 16  Улар билан сулҳ тузилгандан уч кун ўтгач, исроилликлар улар қўшни эканини ва яқин жойда яшашини эшитиб қолишди. 17  Исроил ўғиллари йўлга чиқиб, учинчи куни уларнинг шаҳарларига етиб келишди. Уларнинг шаҳарлари Гивон+, Хафира, Берўт ва Хират-Ёрим+ эди. 18  Бироқ жамоа йўлбошчилари уларга Исроилнинг Тангриси Яҳова ҳаққи қасам ичганлари боис, исроилликлар уларга ҳужум қилишмади+. Бутун жамоа эса йўлбошчилардан нолий бошлади. 19  Шунда барча йўлбошчилар жамоага қуйидагиларни айтишди: «Биз Исроилнинг Худоси Яҳова ҳаққи қасам ичган эканмиз, уларга зарар етказа олмаймиз. 20  Аллоҳнинг нафратига дучор бўлмаслик учун, ичган қасамимизга биноан уларни тирик қолдирамиз»+. 21  Йўлбошчилар яна: «Майли, улар тирик қолишсин. Бутун жамоага ўтин терувчи ва сув ташувчи бўлиб хизмат қилишсин»,— деб айтишди. Шундай қилиб, йўлбошчилар берган ваъдаларида туришди. 22  Ёшуа уларни чақириб, деди: «Нега бизни: “Биз анча узоқ ердан келдик”,— деб алдадингиз? Ахир бизга жуда яқин жойда яшар экансизлар-ку?!+ 23  Энди лаънатга қолган халқсизлар+. Худойимнинг уйи учун доимо ўтин терувчи ва сув ташувчи қуллар бўласизлар». 24  Улар Ёшуага жавобан дейишди: «Аллоҳингиз Яҳова хизматчиси бўлмиш Мусога бутун юртни сизларга беришини, аҳолисини эса олдингизда йўқ қилиб ташлашга буйруқ берганини+ биз қулларингизга айтишганда, сизлар туфайли жонимиздан айрилишдан қўрқиб+ шундай қилдик+. 25  Энди сизнинг ихтиёрингиздамиз. Нимани маъқул ва тўғри деб билсангиз, шундай йўл тутинг». 26  Ёшуа уларнинг ўтинчига яраша йўл тутиб, уларни исроилликларнинг қўлидан қутқариб қолди ва исроилликлар уларни ўлдирмади. 27  Ўша куни Ёшуа уларни бутун жамоа учун ҳамда Яҳова Ўзининг қурбонгоҳи учун танлаган ерда+ ўтин терувчи ва сув ташувчи қилиб тайинлади+. Улар бугунгача шу ишларни бажариб келишяпти+.

Изоҳлар

Яъни Ўрта денгиз.
Яъни шарқ томонида