Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Худонинг Каломидан таълим олинг

Ҳукм кунида нима юз беради?

Ҳукм кунида нима юз беради?

Мазкур мақолада сизни қизиқтириши мумкин бўлган баъзи саволлар муҳокама қилинади. Бу мақолани ўқиб ўз Муқаддас Китобингиздан жавоблар топсангиз бўлади. Яҳованинг Шоҳидлари бу саволларни сиз билан муҳокама қилишдан хурсанд бўлишади.

1. Ҳукм куни нимани билдиради?

Ўнг томондаги расмда тасвирланганидек, аксарият инсонлар ҳукм куни, ёки қиёматни, бошқача тасаввур қилишади. Уларнинг фикрича, миллиардлаб тирилган марҳумлар Худонинг тахти олдида туриб, ўтмишдаги қилган ишларига яраша ҳукм қилинади. Яхшилик қилганлар осмондаги жаннатда яшайди, ёмонлик қилганлар абадий дўзахда ёнади. Аммо Муқаддас Китобга кўра, ҳукм кунининг мақсади одамларни адолатсизликдан халос қилишдир. (Забур 96:13) Худо Исони ҳакам сифатида тайинлади ва у инсоният учун адолатни қайта тиклайди. (Ишаё 11:1–5; Ҳаворийлар 17:31 ни ўқинг.)

2.Қай йўсин ҳукм кунида адолат тикланади?

Илк инсон Одамато била туриб Худога қарши исён кўтарди ва барча авлодларини гуноҳ, азоб-уқубат ва ўлимга мубтало қилди. (Римликларга 5:12) Исо Масиҳ адолатсизликни тиклаш мақсадида миллиардлаб инсонларни ҳаётга қайтаради, яъни тирилтиради. Ваҳий китобига кўра, бу Исонинг минг йиллик бошқаруви пайтида юз беради. (Ваҳий 20:4, 11, 12 ни ўқинг.)

Тирилганлар ўтмишдаги қилмишларига яраша ҳукм қилинмайди. Аксинча, улар Ваҳий китоби 20- бобда айтилганидек, келажакда қиладиган ишлари, яъни китобларда ёзилгани бўйича қилмишларига яраша ҳукм қилинади. (Римликларга 6:7) Ҳаворий Павлуснинг сўзларига кўра, тирилганлар орасида «адолатли ва адолатсиз одамлар» бўлади ва уларга Худо ҳақида билим олиш имконияти берилади. (Ҳаворийлар 24:15 ни ўқинг.)

3. Ҳукм кунида нима амалга оширилади?

Тирилганлар орасида Яҳова ҳақида билим олишга ҳамда Унга хизмат қилишга имкони бўлмаганлар бўлади. Уларга ўзгариб, одил ҳаёт кечириш фурсати берилади. Агар улар Яҳованинг томонини эгаллашса, «яшаш учун» тирилган бўлишади. Афсуски, баъзилар Яҳованинг йўллари ҳақида билим олишни исташмайди. Шу боис, улар «ҳукм этилиш учун» тирилган бўлишади. (Юҳанно 5:28, 29; Ишаё 26:10; 65:20 ни ўқинг.)

Минг йил давом этадиган ҳукм кунининг охирига келиб, Яҳовага итоатли қолган инсонлар мукаммалликка эришади. (1 Коринфликларга 15:24–28) Дарҳақиқат, барча итоатли инсонларни ажойиб келажак кутмоқда. Шунингдек, сўнгги синовда Худо минг йилга тубсизликка қамалган Шайтон Иблисни озодликка чиқаради. У яна бир бор одамларни Яҳовадан юз ўгиришга ундайди. Аммо Шайтоннинг тузоғига тушмаган одамлар ер юзидаги ҳаётдан тоабад завқланиши мумкин бўлади. (Ишаё 25:8; Ваҳий 20:7–9 ни ўқинг.)

4. Яна қандай ҳукм куни бутун инсониятга баракалар келтиради?

Муқаддас Китобда «ҳукм куни» деган ибора, шунингдек, ушбу замонага чек қўйилишига нисбатан ҳам ишлатилади. Бу ҳукм куни худди Нуҳнинг давридаги тўфондай тўсатдан келади. Ўшанда барча ёвуз инсонлар йўқ бўлиб кетганди. Худосиз инсонларнинг йўқ қилиниши ер юзидаги «адолат ҳукм сурадиган» янги жамият учун замин яратади. (2 Бутрус 3:6, 7, 13 ни ўқинг.)