«Мен исмингни уларга маълум қилдим»
«Мен исмингни уларга маълум қилдим»
«Дунёдан танлаб олиб, менга берган одамларингга исмингни ошкор этдим. […] Мен исмингни уларга маълум қилдим ва яна маълум қиламан». (ЮҲАННО 17:6, 26)
Бу нимани англатади? Исо хизматда Худонинг исмини қўллаб, бошқаларга уни маълум қиларди. У Муқаддас Китобдан тез-тез фойдаланарди ва Худонинг исмини овоз чиқариб ўқиб берарди. (Луқо 4:16–21) У ўзининг издошларини шундай деб ибодат қилишга ўргатарди: «Эй Отамиз, исминг муқаддас бўлсин». (Луқо 11:2)
Биринчи асрдаги масиҳийлар қандай йўл тутишган? Ҳаворий Бутрус Қуддусдаги оқсоқолларга Тангри Ўз исми билан аталадиган халқни ўзга халқ вакилларидан ҳам танлаётгани ҳақида айтган эди. (Ҳаворийлар 15:14) Ҳаворийлар ҳамда бошқа масиҳийлар «Яҳованинг исмини айтиб чақирган ҳар бир одам қутқарилади» дея ваъз қилишган. (Ҳаворийлар 2:21; Римликларга 10:13) Шунингдек, улар ўз мактубларида Худонинг исмини қўллашган. Тахминан милодий III асрнинг охирида ёзилган оғзаки қонунлар тўплами Тосефтада масиҳийларнинг Шаббат куни ёндирилган қўлёзмалари борасида шундай дейилган: «Улар Инжил ва минимларнинг (эҳтимол, яҳудий масиҳийлар) китобларини оловдан ҳимоялашмаган. Аксинча, бу китоблар уларда ёзилган Худонинг исми билан бирга ёниб кетишига йўл қўйишган».
Бугунги кунда бу намунага ким мос келяпти? Христиан олами Худонинг шахсий исмини қўллашга қарши ва, мисол учун, АҚШ даги христиан черкови миллий кенгаши томонидан маъқулланган бир Муқаддас Китоб таржимасининг кириш сўзларида шундай дейилган: «Яҳудий динида ҳали Масиҳ туғилишидан олдин Худонинг шахсий исмини аллақачон қўлламай қўйишган ва христиан оламида ҳам бу исмни қўллаш номаъқул бўлади». («Revised Standard Version of the Bible») Чунки Худонинг шахсий исмини қўллаш орқали Уни бошқа худолардан ажратгандек бўламиз. Шундай қилиб, Худонинг шахсий исми «Раб» унвонига алмаштирилди. Яқинда Ватиканда диний хизматчиларга шундай кўрсатма берилган эди: «Ибодат ва қўшиқларда ЙҲВҲ * шаклидаги Худонинг исми умуман қўлланмасин ва ҳатто тилга олинмасин».
Бугунги кунда ким Худонинг шахсий исмидан фойдаланиб, уни бошқаларга танитмоқда? Қирғизистонлик Сергей ўсмирлик пайтида бир фильм томоша қилганди ва унда Худонинг исми Яҳова қўлланилганди. У деярли ўн йил мобайнида Худонинг исми билан умуман тўқнашмади. Кейин Сергей Қўшма Штатларга кўчиб ўтди ва у ерда икки нафар Яҳованинг Шоҳиди унинг уйига келиб, Муқаддас Китобдан Худонинг исмини кўрсатди. Яҳованинг Шоҳидлари Худонинг исмини қўллашини эшитиб, у жудаям хурсанд бўлди. Бир луғатда «Тангри Яҳова» иборасига шундай таъриф берилган: «Бу Яҳованинг Шоҳидлари томонидан тан олинган ва улар топинадиган ягона илоҳий Шахс». («Webster’s Third New International Dictionary»)
[Изоҳ]
^ Ўзбек тилида Худонинг исми одатда «Яҳова» деб транслитерация қилинади.