Барча христианлар Исонинг чинакам издошларими?
Барча христианлар Исонинг чинакам издошларими?
ДУНЁДА қанча христианлар бор? Бир манбага кўра, 2010 йили дунё бўйлаб деярли 2,3 миллиард одам христиан динига эътиқод қилган. («Atlas of Global Christianity») Лекин худди шу манбага кўра, улар 41 000 дан ошиқ мазҳабга бўлинади. Уларнинг ҳар бирида ўз таълимотлари ва одатлари бор. Христиан оламида оқимлар кўплигидан одамлар чалкашиб кетиши ва ҳатто ҳафсаласи пир бўлиши мумкин. Улар «Ўзини христиан деб атайдиганлар чиндан ҳам Исонинг издошими» деб ўйланиб қолишади.
Келинг, бу вазиятга бошқача бир назар билан қарайлик. Одатда сайёҳ чегарадан ўтаётганда, қайси мамлакат фуқароси эканини айтади. Шунингдек, у шахсини тасдиқловчи ҳужжат, яъни паспортни кўрсатади. Шунга ўхшаб, ўзини чинакам масиҳий деб ҳисоблаган киши «Масиҳга ишонаман» деб айтишдан кўпроқ нарса қилиши керак. У қўшимча тасдиқ тақдим этиши лозим. Хўш, бу нима бўлиши мумкин?
«Христиан» ёки «масиҳий» деган сўз истеъмолга тахминан милодий 44 йилдан кейин кириб келди. Муқаддас Китобни ёзишда иштирок этган тарихшунос Луқо шундай деган: «Шогирдлар биринчи марта Антиохияда “масиҳий” деган ном олишди. Бу Худонинг бошқаруви билан бўлди». (Ҳаворийлар 11:26) Эътибор берган бўлсангиз, Масиҳнинг илк издошлари «христиан» ёки «масиҳий» деган ном олган. Лекин Исо Масиҳнинг издошлари деганда, кимлар назарда тутилади? Бир луғатда бу шундай тушунтирилган: «Исонинг шогирди бўлиш инсон ўз ҳаётини буткул фидо қилишини англатади». («The New International Dictionary of New Testament Theology») Демак, чин масиҳий деганда масиҳийликнинг асосчиси Исонинг таълимотларию амрларига сўзсиз ва астойдил амал қиладиган шахс назарда тутилади.
Хўш бугунги кунда ўзини Исонинг издоши деб атайдиганлар орасида бундай одамларни топишнинг имкони борми? Исо унинг чинакам издошларини қандай аниқлашимиз мумкинлиги тўғрисида нималар деган? Келинг, Муқаддас Китоб асосида мазкур саволларнинг жавобларини кўриб чиқамиз. Навбатдаги мақолаларда Исонинг чинакам издошларини аниқлашимизга ёрдам берадиган бешта белгини муҳокама қиламиз. Бундан ташқари, биринчи асрдаги масиҳийлар бу намунага қандай мос келганини кўриб чиқамиз. Қолаверса, ҳозир ўзини Исонинг издоши деб атайдиганлар орасида кимлар бу намунага мос келишини билиб оламиз.