ЎҚУВЧИЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Худони ким яратган?
Етти ёшли ўғилчаси билан суҳбатлашаётган отани тасаввур қилинг. У шундай деяпти: «Анча вақт илгари Худо ерни ва ундаги барча нарсани яратди. Яна У қуёшни, ойни ва юлдузларни яратди». Болакай отасининг гапи ҳақида бир оз ўйланиб: «Дадажон, Худони ким яратган?» — деб сўрайди.
Отаси: «Уни ҳеч ким яратмаган. У доим бор бўлган»,— деб жавоб беради. Болакай бу жавобдан ҳозирча қониқди. Аммо у улғаяр экан, мазкур саволи унга тинчлик бермайди. У ахир ҳамма нарсанинг, ҳатто коинотнинг ҳам боши бор, деб буни тушунишга қийналади. «Худо қаердан пайдо бўлган?» деб қизиқади.
Муқаддас Китобда нима дейилган? Аслида отанинг айтганлари Муқаддас Китобда ёзилганларга кўп жиҳатдан ўхшайди. Мусо пайғамбар шундай деган: «Эй Яҳова,.. барча авлодлар оша масканимиз Сенсан. Тоғлар туғилишидан олдин, Ер, ҳосилдор замин дунёга келишидан аввал, азалдан, тоабад Сен Худосан». (Забур 90:1, 2) Ишаё пайғамбар ҳам: «Наҳотки хабаринг бўлмаса? Наҳотки эшитмаган бўлсанг? Ердаги бор нарсанинг Яратувчиси Яҳова абадият Худосидир»,— деб айтган. (Ишаё 40:28) Шу каби, Яҳудонинг мактубида ҳам Худо «азалдан» бор эканига ишора қилинган. (Яҳудо 25)
Бу оятлар, ҳаворий Павлус айтганидай, Худо «Абадият Подшоҳи» эканини кўрсатмоқда. (1 Тимўтийга 1:17) Ўтмишга қанчалик узоқ назар солмайлик, бу Худо доим бор бўлганини англатади. Шунингдек, У келажакда ҳам доим бор бўлади. (Ваҳий 1:8) Демак, Қодир Аллоҳнинг мангу бор бўлиши Унинг ажралмас хусусиятидир.
Нима сабабдан биз учун бу фикрни қабул қилиш қийин? Умримиз қисқа бўлгани туфайли вақт тушунчасига Яҳова каби қарай олмаймиз. Аллоҳ абадий экан, У учун минг йил бир кундайдир. (2 Бутрус 3:8) Масалан, чигирткаларнинг баъзи тури вояга етганида атиги 50 кунча яшайди. Бундай чигиртка бизнинг 70 ёки 80 йиллик умримизни тушуна олармиди? Амримаҳол! Бироқ Муқаддас Китобда тушунтирилишича, Улуғ Парвардигоримиз билан солиштирганда биз чигирткалар кабидирмиз. Ҳатто фикр юритиш қобилиятимиз ҳам Уники билан солиштирганда анча чегараланган. (Ишаё 40:22; 55:8, 9) Шу боис, Яҳованинг айрим фазилатларини инсон тўлиғича тушуна олмаслигининг ажабланарли жойи йўқ.
Гарчи Худо абадий экани борасидаги тушунчани англаш қийин бўлса-да, бу мантиқан тўғри эканини кўрсак бўлади. Борди-ю, кимдир Худони яратганида ўша шахс Яратувчи ҳисобланган бўларди. Бироқ Муқаддас Китобда ёзилишича, Яҳова «бутун борлиқни яратган». (Ваҳий 4:11) Бундан ташқари, шуни биламизки, қачонлардир коинот мавжуд бўлмаган. (Ибтидо 1:1, 2) Хўш, у қаердан пайдо бўлган? Биринчи навбатда, унинг Яратувчиси мавжуд бўлиши керак эди. Қолаверса, Худо ягона Ўғли ва фаришталар каби онгли мавжудотлардан олдин ҳам бор бўлган. (Аюб 38:4, 7; Колосаликларга 1:15) Шуниси аниқки, бошида У ёлғиз Ўзи мавжуд бўлган. Худо яратилган бўлиши мумкин эмас, чунки Уни яратадиган ҳеч ким ва ҳеч нарса йўқ эди.
Бизнинг ва бутун коинотнинг мавжудлиги абадий Худо борлигини тасдиқлаяпти. Улкан коинотимизни ҳаракатга келтирган, уни бошқариш учун қонунлар ўрнатган Шахс ҳамиша мавжуд бўлган бўлиши керак. Фақатгина Унинг нафаси қолган барча нарсага ҳаёт бахш эта оларди. (Аюб 33:4)