10- ҚИСМ
Имоннинг Душмани ким?
ЕР ЮЗИНИ яратишдан анча олдин Аллоҳ Яҳова осмонда фаришталарни яратган. Бироқ, вақт ўтиб бир фариштада нотўғри истак туғилди. Яъни у одамларнинг Аллоҳга эмас, унга топинишини хоҳлади. Бундай эҳтиросга берилиб, у Шайтонга айланди. Бу сўзнинг маъноси «душман» деганидир. Хўш, қандай қилиб Шайтон Аллоҳга қарши чиқди?
Шайтон Момоҳавони йўлдан уриб, уни Аллоҳга итоат этмасликка ундади. Ҳийла-найранг ишлатиб Шайтон Момоҳавонинг эътиборини Аллоҳ Яҳова меваларидан емасликни буюрган муайян дарахтга қаратди. Сўнг, Тангрининг улардан яхши бир нарсани яшираётганини айтди. Шайтон Аллоҳни алдоқчига чиқариб, Момоҳавони Унинг бошқарувидан бош тортишга ундади. Шайтон шундай деб айтди: «Худо биладики, сизлар бу мевалардан есаларингиз, кўзларингиз очилиб, сизлар ҳам барча яхши ва ёмон нарсаларни биладиган бўлиб, Худога ўхшаб қоласизлар» (Ибтидо 3:5). Момоҳаво аҳмоқлик қилиб, Шайтоннинг ёлғон гапларига ишонди. У Аллоҳнинг қонунини бузиб, Одаматони ҳам шундай йўл тутишга кўндирди. Ўша пайтдан бошлаб Шайтон ҳақиқий имонни намоён этган кишиларнинг душмани бўлиб қолди. Бугун ҳам Шайтон одамларни алдаб юрибди. Қандай қилиб дейсизми?
Сохта имоннинг тарқалиши
Исроил авлодининг имонини бузиш учун Шайтон бутпарастлик ва инсоний урф-одатлардан фойдаланди. Исо Масиҳ замондоши бўлган уламоларга топинишлари беҳуда эканини айтган, чунки улар «инсон таълимотини» ўргатиб юришган (Матто 15:9). Ўша халқ Масиҳни рад этгани боис, Аллоҳ ҳам улардан воз кечди. Ҳазрати Исо уларга: «Худонинг Шоҳлиги сизлардан тортиб олиниб, самара келтирадиган бошқа халққа берилади»,— деб айтган (Матто 21:43). Кейинчалик Исонинг издошлари Худо ёрлақаган халқ бўлишди.
Энди эса Шайтон Исо пайғамбарнинг издошларини йўлдан уришга киришди. Хўш, бу унинг қўлидан келдими? Исо алайҳиссалом бўлажак ҳодисаларни башоратли бир масал тариқасида айтиб берди. Ўша масалда бир киши ўз даласида яхши буғдой экибди. Кейин, душман келиб, буғдой орасига бегона ўт уруғларини сепиб кетибди. Буғдойни ҳам, бегона ўтни ҳам ўрим-йиғимгача ўсишга қолдиришибди. Сўнгра, бегона ўтларни йиғиб, ёқиб юборишибди, буғдойларни эса хўжайиннинг омборига тўплашибди.
Бундан сўнг, Исо пайғамбар шогирдларига бу масалнинг маъносини тушунтирди. Унинг ўзи — Хўжайиндир. «Яхши уруғлар — шоҳлик ўғиллари; бегона ўтлар эса — ёвуз Шайтоннинг ўғилларидир, уларни эккан душман — Иблисдир. Ўрим-йиғим — охирзамон, ўроқчилар эса — фаришталардир» (Матто 13:38, 39). Исо ўз шогирдларини буғдой билан солиштирди. Аммо Шайтон буғдой орасига бегона ўтлар билан таққосланган сохта шогирдларни эккан. Шу йўсин, Исонинг ўзи башорат қилганидек, унинг вафотидан сўнг асрлар мобайнида сохта шогирдлар пайдо бўлган. Улар сохта таълимотларни, жумладан уч қиёфали худо тўғрисидаги ғояни ёйиб юборишган. Сохта шогирдлар шунингдек, бутларга сиғиниб, сиёсатга аралашадиган бўлишди. Ҳазрати Исонинг таълимотларига амал қиладиган шогирдларнинг сони эса кўп бўлмаган.
Ҳақиқий имон сақланиб қолди
Бироқ, Исо алайҳиссаломнинг тушунтиришича, охири ўзгариш бўлади. Фаришталар ҳақиқий имони бўлмаган одамларни йўқ қилиш учун уларни ажратиб қўйишади. Ўшанда ҳақиқий имони бор бўлганларни аниқлаш осон кечади. Охир-оқибат, имоннинг азалий душмани Иблис Шайтон ҳам даф қилинади. Шунда ҳақиқий имон зафар қозонади!
Лекин ҳақиқий имони бор бўлган кишиларни қандай аниқлаш мумкин? Бу саволнинг жавоби кейинги қисмда муҳокама қилинади.