Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Бошқалар қандай кўмаклашиши мумкин?

Бошқалар қандай кўмаклашиши мумкин?

«АГАР бирор нарса керак бўлса, менга албатта хабар беринг». Кўпинча дўстидан ёки қариндошидан айрилган инсонлар, шу каби сўзларни эшитиши мумкин. Тўғри, бу сўзлар самимийдир. Ахир, қўлимиздан келганича ёрдам беришни истаймиз. Бироқ, қайғу чекаётган инсон бизга қўнғироқ қилиб: «Биласизми, ҳозир ёрдамингиз керак бўлиб қолди», дермикан? Қайдам. Чиндан ҳам кўмак ёхуд тасалли беришни истасак, албатта ўзимиз биринчи бўлиб бирор амалий нарса қилишга интилишимиз керак.

Муқаддас Китоб: «Ўз ўрнида айтилган сўз тилла узукка қўйилган ёқут кўздайдир»,— деб айтмоқда (Ҳикматлар 15:23; 25:11). Бу ҳикматли сўзлар нимани айтиб, нимани айтмасликка ҳамда нима қилиш ва нимани қилмасликка бизни ўргатяпти. Қуйидаги баъзи илоҳий васиятлар яқинидан айрилган кишиларга ёрдам берган.

Нима қилиш керак

Тингланг: Муқаддас Китобда «эшитишда чаққон» бўлинг, деб айтилади (Ёқубнинг 1:19). Энг катта кўмак, яқинидан жудо бўлган инсоннинг гапини тинглашдир. Балки қайғу чекаётган инсон ўзининг ҳис-туйғулари билан бўлишмоқчи, ё бўлмаса марҳумнинг ўлимига сабаб бўлган касаллиги ёки фожиа тўғрисида айтмоқчидир. Шунда сиз: «Дардингизни баҳам кўрмоқчидирсиз?» деган савол беришингиз мумкин. Ва ўзи ҳал қилишига йўл қўйинг. Бир йигит, отаси вафот этганидан сўнг қуйидагини айтди: «Бошқалар саволлар бериб, мени самимий тинглаганларида чиндан ҳам тасалли топганман». Бирорта маслаҳат беришни ўйламай, сабр ва сидқидиллик билан тингланг. Майли дардини тўкиб солсин.

Қўллаб-қувватланг: Қўлидан келганича ҳаракат қилганига ишонтиринг (ёки бошқа бирорта яхши ва ижобий фикрлар билан бўлишинг). Қайғу, айб, аччиқланиш ва бошқа бунга ўхшаш ҳиссиётлар табиий эканини кўрсатинг. Бошқалар ҳам шу каби дард-аламни бошидан кечириб, яна куч-қувватга кирганларини айтинг. «Ёқимли сўз асал кабидир, жонга роҳат, суякларга малҳамдир»,— деб айтилади Муқаддас Китобда (Ҳикматлар 16:24; 1-Салоникаликларга 5:11, 24)

Ёрдам беришдан безманг: Ёрдамингизни нафақат мотам кунларида, азадор хонада одам тиқилинч бўлган вақтда, балки бир неча ой ўтгандан сўнг, кўплари ўзининг ҳар кунги ишларига қайтганларида ҳам аяманг. Шундай йўл тутиб сиз оғир кунда ёрдам берадиган ҳақиқий «дўст» эканингизни кўрсатасиз (Ҳикматлар 17:17). Йўл ҳалокати натижасида боласидан жудо бўлган Тереза исмли аёл қуйидаги билан бўлишмоқда: «Оқшомлари кўп вақт ёлғиз қолмаслигимиз учун, дўстларимиз ҳеч ҳам бизни ёлғиз қолдиришмас эди. Бу бизга, бироз бўлса-да ўзимизни хотиржам сезишга ёрдам берар эди». Ҳа, ҳатто йиллар ўтиб никоҳ йиллиги, ўлим йиллиги ё бошқа бир муайян пайтлари келганида, яқинидан жудо бўлган инсонлар ўта эзилиши мумкин. Ушбу кунларни ўз календаримизда алоҳида белгилаб, сўнг вақти келса мадад ва ҳамдардлик кўрсатишга интилмаймизми?

Бирор нарсада эҳтиёж борлигини кўрсангиз, ёрдамингизни таклиф қилинг.

Ташаббус кўрсатинг: Бирор вазифани бажариш керакдир? Балки болаларга қараб туриш керакдир? Дафн маросимига узоқдан келган дўстлару қариндошларни бирорта жойга жойлаш керакдир? Ахир, яқин кишидан айрилганлар ўзлари нима қилишни билмай қоладию яна бошқаларнинг нима қилиши кераклигини қайдан билсин. Хуллас, бирор нарсада эҳтиёж борлигини кўриб қолсангиз, сўраб ўтирмай шартта қилиб қўя қолинг (1-Коринфликларга 10:24 оятни 1-Юҳаннонинг 3:17, 18 билан солиштиринг). Бир бева аёл қуйидагини эсламоқда: «Кўплари ёнимга келиб: “Агар бирор нарса керак бўлса, менга хабар беринг”,— деб айтишар эди. Аммо дугонажоним, бир оғзим гап айтмай, тўғри ётоқхонага кирди-да кўрпа-тўшакларни олиб ювиб берди. Бошқаси челакка сув олди-да, раҳматли эрим гиламга қайт қилганидан сўнг доғ қолган ҳамма жойларини ювиб чиқди. Бир неча ҳафта сўнг жамоатимизнинг бир оқсоқоли, қўлида асбобларини ушлаб, меникига келди-да: “Аниқ биламан бирор нарсани тузатиш керак. Лекин айнан нимани, кўрсатиб берсангиз”,— деб айтди. Мен унга қанчалик миннатдор эдим, чунки ундан олдин битта ошиқ-мошиғида осилиб турган эшигимни у тузатиб берган. У ҳатто бир электр асбобини тузатиб берди!» (Ёқубнинг 1:27 оятни солиштиринг).

Меҳмондўст бўлинг: «Меҳмондўстликни унутманглар»,— деб ундамоқда Муқаддас Китоб (Ибронийларга 13:2). Айниқса яқинидан жудо бўлганларни меҳмон қилинг. «Чой-пойга кириб туринг», дейишнинг ўрнига муайян бир вақтни тайинланг. Йўқ дейишига қарамай, мулойимлик ила таклиф қилаверинг. Балки одам ўз ҳис-туйғуларини кўрсатишдан хижолат бўлаётгандир? Ёки, шундай вақтда қандай бет билан меҳмонга бориб, еб-ичиб ўтираман, деб ўйлаши мумкин. Бироқ, Муқаддас Китобда тилга олинган Лидия исмли тақводор аёлни эслайлик. Инжилда, Луқо билан ҳамроҳларини таклиф қилганида, «бизни кўндирди», деган сўзларни ўқишимиз мумкин (Ҳаворийларнинг 16:15).

Сабр-тоқатли ва тушунувчи бўлинг: Қайғу чекаётган одамнинг айтган гапларидан ҳайрон бўлманг. Эсингизда бўлса, у аччиқланиш ва айб ҳис-туйғулари остида бўлиши мумкин. Агар у бор-йўғини сизга тўкиб солса-да, ўз навбатингизда ўта заковатли ва сабр-тоқатли бўлиб, ғазаб ила қайтармаслигингиз керак. Муқаддас Китоб: «раҳм-шафқат, кўнгилчанлик, камтарлик, мулойимлик ва сабр-тоқатни зеб-зийнат қилиб тақинглар»,— деб маслаҳат бермоқда (Колосаликларга 3:12, 13).

Хат ёзинг: Кўплар хат орқали тасалли беришни назар-писанд қилмайди. Лекин бунинг қандай фойдаси бор? Синди исмли аёлнинг онаси саратон касаллигига чалиниб ҳаётдан кўз юмганида, қуйидагини айтмоқда: «Бир дугонам менга ўта таъсирли хат ёзган эди. Бу хат менга далда берган, чунки мен уни қайта-қайта ўқий олар эдим». Бундай хат «қисқагина ёзилган бўлиши» мумкин, аммо чин юракдан чиқиши даркор (Ибронийларга 13:22). Хатда шунингдек ғамхўрлигингизни, ўзгача хотираларни ва марҳумнинг қанчалик сизга яқин бўлганини қаламга олишингиз мумкин.

Биргаликда ибодат қилинг: Қайғу чекаётган инсон учун, биргаликда айтилган ибодатнинг қанчалик қимматбаҳолигини унутманг. Муқаддас Китобда «Солиҳ одамнинг... илтижоси кучли таъсирга эгадир»,— деб айтилган (Ёқубнинг 5:16). Масалан бу одам, у учун ибодат қилинганини эшитиб, айб каби салбий фикрларни енгиши мумкин (Ёқубнинг 5:13-15 ни солиштиринг).

Нимани қилмаслик керак

Хабар олгани касалхонага боришингиз яқинидан айрилган инсонга далда беради.

Нима гапириш ё қилиш кераклигини билмасангиз-да, ўзингизни четга олманг: Эҳтимол сиз: «Ҳозир ёлғиз қолса тўғри бўлса керак»,— деб ўйлаётгандирсиз. Аммо чиндан ҳам шундаймикин? Балки қандайдир нотўғри гап ёки қилмишдан хавфсираётгандирмиз. Агар дўстлар, қариндошлар ёки имондошлар қайғу чекаётган инсондан ўзларини четга олишса, у ўзини янада ёлғиз сезади ва қайғуси кучайиши мумкин. Эсингизда бўлсин, самимий сўзлару ҳаракатлар оддий бўлади (Эфесликларга 4:32). Ҳатто ҳозир бўлишингиз, одамнинг кўнглини кўтаради (Ҳаворийларнинг 28:15 ни солиштиринг). Тереза исмли аёл қизалоғининг вафот этган кунини эслаб, қуйидагини айтди: «Бир соат ўтмай, касалхонанинг қабулхонаси дўстларимиз билан зич бўлди; улар қаторида оқсоқоллар ва хотинлари бўлган. Улар ҳамма нарсани ташлашди-ю оёғига илинганини кийиб, ҳатто иш кийимларида етиб келишди. Кўплари, нима дейишни ҳам билмаймиз дейишган, аммо энг муҳими улар ёнимизда эдилар».

Қайғусини унутишга мажбурламанг: Балки: «Қўйинг, йиғламанг»,— деб айтмоқчимиз. Аммо, балки бу вақт кўз ёш тўкишнинг айни пайтидир. Кэтрин исмли аёл турмуш ўртоғининг вафотини эслаб: «Менимча, яқинидан жудо бўлган кишига, қайғусини тўкиб солиши ва руҳий изтиробдан халос бўлиши ўта муҳим»,— деб айтди. Бошқаларга ўзларини қандай тутиши кераклигини айтишдан ўзингизни тийинг. Қайғу чекаётганнинг дилини оғритмаслик учун ўз ҳис-туйғуларимни яширишим керак, деган хулоса қилманг. Бунинг ўрнига, Муқаддас Китоб «йиғлаётганлар билан бирга йиғланглар», деб маслаҳат бермоқда (Римликларга 12:15).

Яқинидан жудо бўлган кишига марҳумнинг кийим-кечак ёки бошқа шахсий нарсаларини тезроқ ташлаб юборишга, шахсан ўзи шу қарорга келмагунча маслаҳат берманг: Марҳумни эслатадиган нарсалардан халос бўлганида, ўзини анча яхши ҳис қилар эди, деб ўйлашимиз мумкин. Лекин «Кўздан узоқ — дилдан йироқ» деган мақол доим ҳам жоиз эмас. Эҳтимол, яқинидан жудо бўлган инсонга марҳумнинг нарсаларидан айрилиш учун вақт керакдир. Муқаддас Китобда баён этилган Ёқуб алайҳиссаломнинг Юсуф исмли ўғлини йиртқич ҳайвон тилка-пора қилганини айтшганида, Ёқубнинг қайғусини эслаб кўринг. Ёқубга Юсуфнинг қонга беланган устки кийимини кўрсатишганда, у «ўғли учун анча вақт мотам тутди. Ҳамма ўғил-қизлари унга тасалли бермоқ учун отасини бориб кўрса-да, аммо у овунишни рад қиларди» (Ибтидо 37:31-35).

«Сиз тағин фарзанд кўрасиз»,— деб айтманг: Фарзандидан жудо бўлган бир она шундай деди: «“Бошқа фарзанд кўрасиз”, деб гапирганларида асабим бузилар эди. Бу сўзлар чин кўнгилдан айтилиши мумкин, аммо бадбахт ота-онани улар «қиличдай жароҳатлайди», худди вафот этган фарзанднинг ўрнини бошқа фарзанд билан тўлдириш мумкиндай (Ҳикматлар 12:18). Битта фарзанднинг ўрнини бошқаси ҳеч қачон боса олмайди. Нега дейсизми? Чунки ҳар бири ўзгачадир.

Марҳум ҳақида эслаб ўтишдан қўрқманг: Бир она қуйидагини эсламоқда: «Кўпчилик, ўғлим Жимми ҳақда гапиришдан ёки ҳатто исмини тилга олишдан қўрқишар эди. Тўғрисини айтсам, бу мени ранжитар эди». Хуллас, марҳумнинг исми тилга олинганда гапни бошқа мавзуга буриб кетишнинг ҳожати йўқ. Яқинини йўқотган кишидан сўраб кўринг, балки у марҳум ҳақида гаплашгиси келгандир (Аюб 1:18, 19 ва 10:1 ни солиштиринг). Яқинларидан жудо бўлган баъзилари, дўстларнинг марҳум ҳақида ва унинг қадрли бўлган хислатлари тўғрисида гапиришса кўнгилларига хуш ёқади (Ҳаворийларнинг 9:36-39 ни солиштиринг).

«Шундай бўлгани ҳам яхши»,— деб айтишга шошилманг: Ўлимда ижобийликни қидириш доим ҳам тушкунликка тушганларнинг «руҳини кўтара» олмайди (1-Салоникаликларга 5:14). Бир жувоннинг онаси вафот этганда шуни эсламоқда: «Атрофдагилар менга нуқул: “Энди онангиз қийналмаяпти, у ҳозир баҳузур”,— деб такрорлашар эди. Аммо буни эшитишни ҳам истамас эдим». Бундай гаплар, яқинидан жудо бўлган кишига бунчалик қайғуришнинг ҳожати йўқ ёки жудолик унча аҳамиятли эмас, деган маънони билдиради. Бироқ бу инсон жуда катта изтиробда бўлиши мумкин, чунки дилдан севган кишиси энди йўқ.

«Мен сизни тушуняпман»,— деб айтмасангиз яхши бўлар эди: Чунки, ҳақиқатан ҳам тушуняпсизми? Масалан сизнинг бошингиздан ўтмаган бўлса, фарзанддан жудо бўлган ота-онанинг ҳис туйғуларини тушуна оласизми? Майли бошингиздан ўтган дейлик, бироқ ҳамманинг ҳис-туйғулари ўзгача бўлади-ку (Еремиёнинг марсияси 1:12 ни солиштиринг). Иккинчи томондан, худди шундай вазиятда соғайиб кетишга сизга нима ёрдам берганини айтиб берсангиз фойдали бўлади. Қизи ҳалок бўлган бир она, худди шундай вазиятда бўлган бошқа бир аёлнинг ҳикоясини ва унга нима ёрдам берганини эшитганида, ўзи ҳам тасалли топди. У шундай деди: «Бу аёл гапини: “Мен сизни тушуняпман”,— деб бошлагани йўқ. У фақат ўзининг ҳис-туйғулари билан бўлишди-да, сабоқ олишни эса ўзимга қўйиб берди».

Яқинидан жудо бўлган инсонга ёрдам бериш учун ҳамдардлик, донолик ва меҳр-муҳаббат талаб қилинади. Қайғу чекаётган инсоннинг ёнингизга келиб, ёрдам сўрашини кутиб ўтирманг. «Агар бирор нарса керак бўлса...»,— деб айтишнинг ўрнига, ўша «нарсани» аниқлаб, мулойимлик билан ёрдамингизни таклиф қилинг.

Энди бир нечта саволлар қолди: Тирилтириш тўғрисида Муқаддас Китоб қандай умид бермоқда? Бу сиз учун ва ўлган қадрдонларингиз учун нимани билдиради? Бу умид қанчалик ишончли?