6- дарс
Ўлганлар учун қандай умид бор?
1. Ўлганларни нима кутмоқда?
Исо ер юзида хизмат қилган даврда унинг дўсти Лазар вафот этади. Лазар Қуддус шаҳри яқинидаги Байтания қишлоғида яшарди. Исо у ерга етиб келганида Лазарнинг ўлганига тўрт кун бўлган эди. Шунда Исо марҳумнинг сингиллари Марта ва Марям билан биргаликда Лазар дафн этилган жойга боради. Тез орада халойиқ тўпланади. Ҳазрати Исо Лазарни тирилтирганида Марта билан Марям қанчалик қувонганини бир тасаввур қилинг-а! Юҳанно 11:21–24, 38–44 ни ўқинг.
Марта ўлганларнинг тирилишига ишонган. Яҳова уларни ердаги ҳаётга қайтаришини билган. Аюб 14:14, 15 ни ўқинг.
2. Ўлганлар қандай ҳолатда бўлади?
Одамлар тупроқдан яратилган. (Ибтидо 2:7; 3:19) Бизнинг ичимизда қандайдир руҳ йўқ. Шундай экан, ўлганимиздан сўнг ҳеч қандай жон ёки руҳ яшашни давом эттирмайди. Ўлганимиздан сўнг миямиз ўз фаолиятини тўхтатиб, барча ўй-фикрларимиз йўқ бўлиб кетади. Лазар тирилгач, ўлимдан кейинги ҳаёт ҳақида бирон нарса айтиб бермаган, чунки ўликлар ҳеч нимани билмайди. Забур 146:4; Воиз 9:5, 6, 10 ни ўқинг.
Одамлар ўлганидан сўнг Худо уларни дўзахда қийнайдими? Муқаддас Китобда ўлганлар ҳеч нимани билмаслиги ҳақида айтилган. Демак, дўзах Аллоҳнинг номига доғ туширадиган сохта таълимотдир. Инсонларни қийнаш тўғрисидаги фикр Худо учун жирканч. Еремиё 7:31 ни ўқинг.
3. Ўлганлар биз билан гаплаша оладими?
Ўликлар на гапира олади, на эшитади. (Забур 115:17) Бироқ ёвуз фаришталар бор. Улар марҳумнинг қиёфасига кириб одамлар билан гаплашиши мумкин. (2 Бутрус 2:4) Яҳова ўликлар билан алоқа қилишни ман этади. Қонунлар 18:10, 11 ни ўқинг.
4. Кимлар тирилади?
Миллионлаб ўлган кишилар ер юзида яшаш учун тирилади. Ҳатто Аллоҳни билмаган ва нотўғри ишлар билан шуғулланганлар ҳам тирилади. Луқо 23:43; Ҳаворийлар 24:15 ни ўқинг.
Тирилганларга Худо тўғрисида ҳақиқатни ўрганишга ва Ҳазрати Исога қулоқ солиш орқали имонини намоён этишга имкон берилади. (Ваҳий 20:11–13) Тўғри йўлдан юрган кишилар ер юзида абадий ҳаётдан баҳра олиб яшайди. Юҳанно 5:28, 29 ни ўқинг.
5. Тирилиш Яҳова ҳақида нимани ошкор этади?
Аллоҳ Исони ер юзига юборгани ва у биз учун ўз жонини фидо қилгани туфайли тирилиш умиди пайдо бўлди. Шу сабабдан тирилиш бизга Тангри Яҳованинг севгиси ва иноятидан далолат беради. Ўлганлар ҳаётга қайтганда сиз айниқса ким билан кўришишни истайсиз? Юҳанно 3:16; Римликларга 6:23 ни ўқинг.