23- ҚИСМ
Хушхабарнинг ёйилиши
Ҳаворий Павлус ваъзгўйлик сафарларни уюштиради
МАСИҲНИНГ издоши бўлгандан сўнг, Павлус ўзгариб, ғайрат ила Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни эълон қила бошлайди. Қачондир қаршилик кўрсатган кишининг ўзи энди сиқувлар остида қолади. Серғайрат Павлус, Аллоҳнинг илк ниятини амалга оширадиган самовий Шоҳлик тўғрисидаги хушхабарни узоқ юртларга ёйиш мақсадида ваъзгўйлик сафарларига боради.
Павлус биринчи сафарида Листра шаҳрига бориб, у ерда туғма чўлоқ кишини даволайди. Шунда, бир тўда одам Павлусни ва унинг ҳамкори Барнабони баланд овозда худолар деб аташади ва ҳатто қурбонликлар келтирмоқчи бўлишади. Лекин улар оломонни бундай қилмасликка зўрға кўндиришади. Кейин ўша-ўша одамлар Павлус душманларининг таъсири остида, уни тошбўрон қилишади ва уни ўлди деб шаҳар ташқарисига чиқариб ташлашади. Бироқ ҳаворий омон қолади ва шогирдларга далда бериш учун шаҳарга қайтиб киради.
Айрим яҳудий масиҳийлар, ўзга халқ вакилларидан бўлган масиҳийлардан Тавротдаги муайян қонунларни бажаришларини талаб этишади. Павлус бу масалани кўриб чиқиш учун Қуддусдаги ҳаворийлар ва оқсоқолларга мурожаат қилади. Улар бу масалани Муқаддас Ёзувлар ёрдамида ва муқаддас руҳ бошқаруви остида муҳокама қилиб, жамоатларга бутларга бағишланган нарсалардан, қондан, ҳаром ўлган ҳайвон гўштидан ва зинодан сақланиш ҳақида хат йўллашади. Ушбу амрлар «зарур нарсалар» ҳисобланиб, Тавротга риоя қилиш масиҳийлардан талаб қилинмасди (Ҳаворийлар 15:28, 29).
Иккинчи ваъзгўйлик сафарида Павлус, ҳозирги Грециянинг ҳудудида жойлашган Верия шаҳрига боради. У ердаги яҳудийлар хушхабарни жон деб қабул қилиб, Муқаддас Ёзувларни кунда синчковлик билан ўрганишади. Бу сафар ҳам Павлус қаршиликка дуч келгани учун Афинага кетиб қолади. Ўқимишли афиналиклар олдида туриб, ҳаворий хушмуомалалик, ақл-идрок ва сўзга усталик намунасини кўрсатиб ажойиб нутқ сўзлайди.
Учинчи сафаридан кейин, ҳаворий яна Қуддусга йўл олади. У маъбадга келгандан сўнг, яҳудийлар қўзғолон кўтариб, уни ўлдирмоқчи бўлишади. Римлик аскарлар бу ишга аралашиб, уни сўроққа тортишади. Павлус Рим фуқароси бўлгани учун римлик ҳоким Феликснинг олдида ўзини ҳимоя қилади. Яҳудийлар унга қўйган айбловларини исботлай олишмайди. Улардан қутулиш учун Павлус бошқа римлик ҳоким Фестга: «Мени Олий маҳкамада ҳукм этишларини талаб қиламан!» — деб айтади. Фест эса: «Олий маҳкаманинг ҳукмини талаб қилдингми, ўша ерга борасан»,— дея жавоб беради (Ҳаворийлар 25:11, 12).
Шундан сўнг, Павлусни Италияга кемада олиб кетишади. Лекин кема фалокатга учрайди ва ҳаворий қиш бўйи Мальта оролида қолади. Павлус Римга келганда эса, ижарага олинган уйда икки йил давомида яшайди. Гарчи Павлус соқчининг назорати остида бўлса-да, олдига келган одамларга у жасурлик ила Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ваъз қилади.
Ҳаворийлар 11:22–28:31- оятларга асосланган.