138- БОБ
Масиҳ Худонинг ўнг томонида
-
ИСО ХУДОНИНГ ЎНГ ТОМОНИДА ЎТИРИБДИ
-
ШОУЛ МАСИҲНИНГ ШОГИРДИ БЎЛАДИ
-
ШОДЛИК УЧУН САБАБИМИЗ БОР
Самога кўтарилганидан ўн кун ўтгач, Ҳосил байрамида Исо шогирдларининг устига муқаддас руҳ ёғдиради. Бу, Исо чиндан ҳам осмонда эканининг тасдиғи бўлади. Кейинроқ яна бир ҳодиса буни исботлайди. Садоқат ила шоҳидлик бергани учун тошбўрон қилинишидан олдин Стефан: «Мен осмон очилганини ва Тангрининг ўнг томонида турган Инсон Ўғлини кўряпман»,— дейди. (Ҳаворийлар 7:56)
Отаси билан самода экан, Аллоҳнинг Каломида башорат қилинганидек Исо ўзгача бир буйруқ берилишини кутади. Илоҳий илҳом остида Довуд қуйидагича ёзган: «Яҳова Ҳазратимга [Исога]: “Душманларингни оёғинг остига курси қилмагунимча, Менинг ўнг томонимда ўтириб тур”,— деб айтди». Кутиш вақти тугаганидан кейин у қуйидаги буйруқни бажаради: «Бориб душманларинг орасида ҳукмронлик қил». (Забур 110:1, 2) Қизиқ, душманларига қарши чиқиш вақти келгунига қадар Исо осмонда туриб нима қилади?
Мил. 33 йил Ҳосил байрамида масиҳийлар жамоати пайдо бўлади. Исо эса осмондан туриб муқаддас руҳ билан мойланган шогирдлари устидан бошқара бошлайди. (Колосаликларга 1:13) У шогирдларига ваъзгўйлик ишида йўл-йўриқ кўрсатади ва уларни келажакда бажарадиган вазифаларига тайёрлайди. Бу қандай вазифалар экан? Ўлимгача содиқ қолган шогирдлар вақти келиб тирилишади ва Исо билан бирга Самовий Шоҳликда ҳукм суришади.
Келажакда шоҳлик қиладиганлардан бири Шоул эди. У кўпроқ Павлус деган рим исми билан танилган. Шоул Аллоҳнинг Каломи учун ниҳоятда жонкуяр яҳудий эди. Аммо яҳудий дин раҳбарлари уни шунчалик йўлдан адаштиришадики, у ҳатто Стефаннинг тошбўрон қилинишини маъқуллайди. У «Ҳазратимизнинг шогирдларини роса таъқиб қилиб, уларни ўлдириш истагида» Дамашққа боради. Исонинг шогирдларини ҳибсга олиб, Қуддусга келтириши учун Шоулга олий руҳоний Каяфа томонидан ҳуқуқ берилади. (Ҳаворийлар 7:58; 9:1) Бироқ ҳали йўлда кетаётганида атрофини ёрқин нур ярқиратиб юборади ва у ерга йиқилади.
Ғойибдан бир садо келиб: «Шоул, Шоул, нимага мени таъқиб қиляпсан?» — дейди. Шоул эса: «Эй Ҳазрат, сиз кимсиз?» — деб сўрайди. Ҳаворийлар 9:4, 5)
Сўнг: «Мен, сен таъқиб қилаётган Исоман»,— деган жавоб эшитилади. (Исо Шоулга Дамашққа киришни ва йўл-йўриқ берилишини кутишни айтади. Лекин ёрқин нур туфайли кўзлари кўрмай қолгани учун уни шаҳарга етаклаб олиб боришади. Сўнг Исо Дамашқда яшовчи Ҳанания исмли шогирдига ваҳийда кўринади. Исо Ҳананияга бир манзилни айтиб, Шоулнинг ёнига боришни буюради. Ҳанания бундан хавотирга тушади, лекин Исо уни ишонтириб: «Қани бор, чунки мен ўз исмимни бошқа халқларга, шунингдек, шоҳларга ва Исроил ўғилларига етказиш учун бу кишини танлаганман»,— дейди. Шоулнинг кўриш қобилияти тикланади ва у Дамашқда «Исо Худонинг Ўғли эканини... ваъз эта бошлайди». (Ҳаворийлар 9:15, 20)
Павлус ва бошқа хушхабар воизлари Исонинг кўмаги билан у бошлаган ваъзгўйлик ишини давом эттиришган. Худонинг баракаси билан улар мисли кўрилмаган муваффақиятга эришишган. Дамашққа борадиган йўлда Исо унга зоҳир бўлганидан тахминан 25 йил ўтиб, Павлус хушхабар «фалак остида бор жонзотга ваъз» қилингани ҳақида ёзган. (Колосаликларга 1:23)
Йиллар ўтиб Исо севимли ҳаворийси бўлмиш Юҳаннога бир қанча ваҳийлар кўрсатган. Улар Муқаддас Ёзувларнинг Ваҳий китобида баён этилган. Юҳанно ушбу ваҳийлар орқали Исонинг Шоҳ сифатида қайтганини кўрган. (Юҳанно 21:22) «Муқаддас руҳ таъсирида... [Юҳанно] Ҳазратимиз кунида бўлиб» қолган. (Ваҳий 1:10) Хўш, қайси пайт ҳақида гап кетяпти?
Муқаддас Китоб башоратларидан «Ҳазратимиз куни» 1914 йили бошлангани аён бўляпти. Шу йили Биринчи жаҳон уруши юзага келди. Ўша пайтдан бери борган сари кўпроқ урушлар, ўлатлар, очарчилик ва зилзилалар содир бўлаётгани диққатга сазовор. Бу ва бошқа воқеалар, Исо «ҳозир бўлиши» ва «замона охирлаб бораётгани» ҳақида ҳаворийларига айтган «белги» кенг миқёсда амалга ошаётганини кўрсатяпти. (Матто 24:3, 7, 8, 14) Ҳозир Шоҳлик ҳақидаги хушхабар фақат Рим империяси бўйлаб эмас, балки бутун дунё бўйлаб ваъз қилинмоқда.
Илоҳий илҳом остида Юҳанно ушбу воқеаларнинг маъносини қуйидагича тушунтирган: «Энди Худойимизнинг нажоти, куч-қудрати, Шоҳлиги ва Масиҳининг ҳукмронлиги келди». (Ваҳий 12:10) Ҳа, Исо ҳар ерда ваъз қилган Худонинг Самовий Шоҳлиги ҳозир бошқармоқда!
Бу, Исонинг барча содиқ издошлари учун ажойиб хушхабар. Улар Юҳаннонинг қуйидаги сўзларини яхши тушунишади: «Шу боис шодланинг, эй, осмону фалак ва унда яшовчилар! Аммо ер ва денгизнинг ҳолига вой! Зеро Иблис вақти оз қолганини билиб, мудҳиш қаҳр-ғазаб ила олдингизга тушди». (Ваҳий 12:12)
Энди Исо Отасининг ўнг томонида шунчаки кутиб ўтиргани йўқ. У Шоҳ сифатида бошқаряпти ва яқинда барча душманларини йўқ қилади. (Ибронийларга 10:12, 13) Қизиқ, олдинда бизни қандай воқеалар кутяпти?