Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

11- БОБ

Яҳё йўл ҳозирлайди

Яҳё йўл ҳозирлайди

МАТТО 3:1–12 МАРК 1:1–8 ЛУҚО 3:1–18 ЮҲАННО 1:6–8, 15–28

  • ЯҲЁ ВАЪЗ ҚИЛИБ, СУВГА ЧЎМДИРАДИ

  • КЎПЧИЛИК СУВГА ЧЎМАДИ, ЛЕКИН ҲАММА ЭМАС

Ўн икки яшар Исо маъбаддаги дин муаллимларига саволлар берганидан қарийб ўн етти йил ўтди. Мил. 29 йилнинг баҳори. Кўп одамлар Исонинг қариндоши бўлмиш Яҳё ҳақида гапиряпти. У Иордан дарёсининг ғарб томонидаги барча ҳудудларда ваъз қилиб юрибди.

Яҳёнинг ташқи кўриниши ҳам, сўзлари ҳам, ўзгача одам эканлигидан далолат беради. У туя жунидан тўқилган кийим кийиб, белига чармдан камар тақиб юради. Егулиги чигиртка ва ёввойи асалдир. Қизиқ у нима ҳақида ваъз қилади? У: «Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди»,— деб айтади. (Матто 3:2)

Ушбу хабар тингловчиларга таъсир қилади. Кўплар тавба қилиш лозимлигини тан олади. Яъни улар нуқтаи назарини ўзгартириб, илгариги турмуш тарзини рад этишлари зарурлигини тушунишади. Яҳёнинг олдига «Қуддус, бутун Яҳудия ва Иордан дарёсининг бўйида яшовчилар» келади. (Матто 3:5) Яҳёнинг олдига келганларнинг кўпчилиги тавба қилади. У одамларни Иордан дарёсида сувга чўмдиради. Нима учун?

Яҳёнинг сувга чўмдириши рамзий маънога эга. Одамлар сувга чўмиб, Худо берган Таврот аҳдига қарши қилган гуноҳларидан самимий тавба қилганларини кўрсатишади. (Ҳаворийлар 19:4) Аммо ҳамма ҳам бунга тайёр эмас. Масалан, яҳудий динидаги мазҳаблардан бўлган фарзийлар ва саддуқийлар Иорданга келишганида, Яҳё уларга: «Вой илонлар зоти-ей»,— деб таъна қилади. Сўнг шундай дейди: «Тавбага яраша ҳосил беринглар. Ўзингизча: “Биз Иброҳимнинг фарзандларимиз”,— деб ўйламанглар. Сизларга шуни айтиб қўяй, Тангри мана шу тошлардан Иброҳимга зурриёт яратишга қодир. Ана, дарахтларнинг томирини чопиш учун болта ҳам тайёр турибди. Яхши ҳосил бермайдиган ҳар қандай дарахт чопилиб, оловга ташланади». (Матто 3:7–10)

Яҳёнинг ваъз қилиб, кўпчиликни сувга чўмдиргани эътиборни жалб қилади. Шунинг учун яҳудийлар унинг олдига руҳоний ва левиларни юбориб: «Сен кимсан?» — деб сўрашади.

«Мен Масиҳ эмасман»,— деб тан олади Яҳё.

«Унда кимсан? — деб сўрашади улар,— Илёсми?»

«Йўқ»,— дейди у.

Мусо башорат қилган пайғамбарни назарда тутиб: «Балки пайғамбардирсан?» — деб сўрашади. (Қонунлар 18:15, 18)

«Йўқ!» — деб жавоб беради Яҳё.

«Ўзи кимсан? — деб туриб олишади улар.— Бизни юборганларга нима деб жавоб беришимизни айт. Ўзинг ҳақингда нима дея оласан?» Яҳё: «Мен Ишаё пайғамбар айтганидай, “Яҳовага йўл ҳозирланглар”, дея саҳрода жар солаётганнинг садосиман»,— деб тушунтиради. (Юҳанно 1:19–23)

«Сен на Масиҳ, на Илёс ва на пайғамбар бўлсанг,— дейишади улар билишни истаб,— унда нега халқни сувга чўмдириб юрибсан?» Яҳё уларга жавобан шундай дейди: «Мен одамларни сувга чўмдиряпман, аммо орангизда сизлар билмайдиган бир кимса бор. У ортимдан келяпти». (Юҳанно 1:25–27)

Шоҳ бўлиши керак бўлган Масиҳни қабул қилишга одамларнинг қалбини тайёрлашга ёрдам бериб, Яҳё йўл ҳозирлашини тан олади. Бу Шоҳ ҳақида Яҳё: «Аммо ортимдан келаётган мендан кучлироқдир, мен унинг сандалларини ечишга ҳам арзимайман»,— дейди. (Матто 3:11) У ҳатто шундай дейди: «Ортимдан келаётган мендан олдинга ўтди, чунки у мендан аввал бор эди». (Юҳанно 1:15)

Бинобарин, Яҳёнинг «тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди» деган хабари айни муддао эди. (Матто 3:2) Бу хабар орқали, Яҳова тайинлаган Шоҳ — Исо Масиҳнинг хизмати яқинда бошланиши кераклиги ҳақида барчага эслатилди.