25- БОБ
Мохов кишига раҳмдиллик кўрсатилади
МАТТО 8:1–4 МАРК 1:40–45 ЛУҚО 5:12–16
-
ИСО МОХОВНИ СОҒАЙТИРАДИ
Исо тўртта шогирди билан «бутун Жалилани айланиб, ўша ердаги ибодатхоналарда ваъз қилади». У яратган мўъжизалар тўғрисидаги хабар ҳар ерга тарқалади. (Марк 1:39) Исонинг ишлари ҳақида бир мохов киши билиб қолади. Табиб Луқонинг сўзларига кўра, бу кишининг «бутун танаси мохов бўлган». (Луқо 5:12) Бу касаллик дастидан киши танасининг турли қисмлари секин-аста хунуклашиб боради.
Демак, бу мохов киши аянчли аҳволда бўлиб, бошқалардан узоқда яшаши талаб қилинади. Бундан ташқари, бошқа одамлар унинг ёнига яқинлашаётганда у: «Нопокман, нопокман!» — деб бақириши керак эди. Бундай йўл тутиб, у одамларни касалликни юқтириб олишдан огоҳлантирган бўлади. (Левилар 13:45, 46) Аммо бу мохов киши энди нима қилади? У Исонинг ёнига боради-да, юз тубан тиз чўкиб: «Ҳазратим, сиз мени пок қила оласиз, фақат истасангиз бас»,— деб ёлворади. (Матто 8:2)
Ажабо, унинг Исога бўлган ишончини қаранг-а! Чиндан ҳам бундай касаллик дастидан аянчли аҳволга тушиб қолган одамни кўрсанг юрагинг ачийди. Қизиқ, Исо қандай йўл тутади? Сиз-чи, ўша ерда бўлганингизда, нима қилган бўлардингиз? Исонинг унга раҳми келади ва қўлини теккизиб: «Албатта истайман. Пок бўлинг»,— дейди. (Матто 8:3) Ана мўъжизаю мана мўъжиза! Шу заҳотиёқ мохов киши дардидан фориғ бўлади.
Шундай раҳм-шафқатли ҳамда бундай ишлар қилишга қодир шоҳингиз бўлишини хоҳлармидингиз? Исонинг мохов кишига бўлган муносабати шуни ошкор қиляптики, бутун ер юзи устидан Исо шоҳлик қилганида, Забурдаги: «Хокисор ва камбағалга жони ачийди, фақирнинг ҳаётини сақлаб қолади»,— деган башорат амалга ошади. (Забур 72:13) Ҳа, ўшанда Исо азоб тортган ҳаммага ёрдам беради ва у буни қилишни жудаям истайди.
Эсингизда бўлса, ҳатто мохов кишини соғайтиришидан олдин Исо ва унинг хизмати ҳақида халқ орасида кўп гап тарқалганди. Энди одамлар бу мўъжиза тўғрисида ҳам эшитишади. Лекин Исо одамлар шунчаки эшитганлари асосида унга ишонишларини хоҳламайди. У ўзи ҳақидаги: «Кўчада овози эшитилмайди»,— деган башоратни билади, шунинг учун у ўзини улуғлашни истамайди. (Ишаё 42:1, 2) Исо соғайган кишига: «Бу ҳақда ҳеч кимга айтманг. Аммо бориб ўзингизни руҳонийга кўрсатинг ва Мусо пайғамбар буюргани бўйича қурбонлик келтиринг»,— деб айтади. (Матто 8:4)
Лекин ўша киши бахтиёрлигидан жим тура олмайди. У бориб, рўй берган воқеа тўғрисида ҳамма жойда жар сола бошлайди. Унинг бундай ҳаракати одамларнинг қизиқишини уйғотади ва натижада Исо шаҳарга очиқчасига кира олмайди. Шунинг учун Исо хилват жойларда юрадиган бўлади. Бироқ одамлар уни тинглаш ва шифо топиш учун ҳар ёқдан ёнига келишади.