Оилалар нега бузилмоқда?
Оилалар нега бузилмоқда?
Унинг [Исонинг] ёнига фарзийлар келиб, синаш ниятида шундай савол беришди: «Эркак киши ҳар қандай сабабга кўра ўз хотинидан ажралиши Тавротга тўғри келадими?» Муқаддас Китобдан Матто қисми 19- боб, 3- оят.
ҲАЗРАТИ ИСОНИНГ давридаги баъзи одамлар, масалан «фарзийлар» номли мазҳабидаги кишилар, никоҳнинг давомийлиги борасида шубҳали саволлар беришган. Шунда Исо уларга қуйидагича жавоб қайтарган: «Ахир ўқимаганмисизлар? Парвардигор бошданоқ одамларни эркак ва аёл қилиб яратиб, шундай деган: “Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўлади”. Демак, энди улар икки эмас, бир тан ҳисобланади. Шундай экан, Аллоҳ бирга қўшганини бандаси ажратмасин» (Матто 19:4–6) *. Кўриниб турганидек, Аллоҳ никоҳ узоқ давом этишини ният қилган эди.
Бугунги кунда кўпгина мамлакатларда, 40 фоиз ёки ундан ҳам ортиқ никоҳлар бузилиб кетяпти. Лекин бу, Муқаддас Китобнинг никоҳ борасидаги маслаҳатлари эскириб қолганини англатадими? Ёки никоҳ тузумининг ўзида қандайдир камчилик борми?
Келинг бир мисолни кўриб чиқайлик: иккита эр-хотин бир хил русумдаги машина сотиб олишди. Биринчи жуфтлик машинасини авайлаб ҳайдар экан. Машинаси ҳам яхши ҳолатда сақланиб қолган. Иккинчи жуфтлик эса машинасини эҳтиёт қилмас ва аямасдан минар экан. Кўп ўтмай машина бузилиб, яроқсиз ҳолатга келибди. Хўш, иккинчи вазиятда муаммо нимада бўлган: машинадами ё эгаларидами? Шубҳасизки, муаммо иккинчи жуфтликда.
Шунга ўхшаб, кўпгина никоҳлар бузилиб кетаётгани никоҳ тузумининг ўзида камчилик борлигини англатмайди. Ахир миллионлаб бахтли оилалар бунинг тасдиғи эмасми?! Бундай никоҳ, оила аъзоларига бахт келтиради ва жамият гуллаб-яшнашига катта ҳисса қўшади. Бироқ машинани таъмирлаш ва эҳтиёт қилиш керак бўлгани каби, никоҳ мустаҳкам ва узоқ давом этиши учун уйим, жойим деб оила учун қайғуриш керак.
Неча йил никоҳда бўлишингиздан қатъи назар, оилангиз файзли ва мустаҳкам бўлишида Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар жуда қўл келади. Кейинги саҳифаларда эса бу борада баъзи бир мисолларини кўриб чиқамиз.
[Изоҳ]
^ Муқаддас Китобда фақатгина зино ажралишга жиддий сабаб бўлиши мумкин деб айтилган (Матто 19:9).