ТАШКИЛОТИМИЗ АРХИВИДАН
«Ҳақиқатни билишингиз учун Яҳова сизларни Францияга етаклаган»
ЁШЛИГИДА, Антуан Скалескийнинг доимий ҳамроҳи от эди. Улар иккови ғира-шира туннеллар ичра ҳолдан тойдирадиган йўл босиб, чуқурлиги 500 метр бўлган кондан кўмирни тортиб чиқаришарди. Антуаннинг отаси кон ўпирилганида қаттиқ жароҳатлангани боис, оила боқувчига муҳтож эди. Шунинг учун, болакайни кунига тўққиз соат конда меҳнат қилишга юборишдан бошқа чора қолмади. Бир сафар, Антуан ҳам кон ўпирилиши натижасида ҳаётидан айрилай деди.
Антуан, Францияда 1920–1930 йилларда польшалик оилаларда туғилган кўпгина болалардан бири эди. Нима учун одамлар Польшадан Францияга кўчиб ўтишган? Биринчи жаҳон урушидан сўнг Польша қайта мустақилликка эришганида, у ерда аҳолининг ғоят зичлиги жиддий муаммога айланган. Францияда эса аксинча, урушда миллиондан зиёд эркаклар вафот этгани учун кончиларга эҳтиёж ниҳоятда улкан бўлган. Шунга кўра, Франция ва Польша ҳукуматлари 1919 йили сентябрда муҳожирлик битимини имзолашган. 1931 йилга келиб, Францияда польшаликларнинг сони 507 800 га етган. Уларнинг кўпи тоғ-кон саноати йўлга қўйилган шимолдаги ҳудудларда истиқомат қилган.
Польшалик тиришқоқ муҳожирлар ўзлари билан бирга ўзгача маданиятини ҳам олиб келишган, қолаверса улар жуда художўй бўлишган. Ёши 90 га борган Антуан қуйидагиларни эслайди: «Жозеф исмли бувам ўз отасидан олган Муқаддас Ёзувлар ҳақида чуқур эҳтиром ила гапирган». Якшанба кунлари польшалик кончилар, энг яхши кийимларини кийиб, оилалари билан черковга боришарди. Уйга қайтиб келаётганда эса, баъзи француз кишилар уларни назарига илишмасди.
Нор-Па-де-Кале деган ҳудудда анчагина поляклар, ўша ерда 1904 йилдан бери ғайрат ила ваъз қилиб келган Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари билан илк бор танишишган. 1915 йили ҳар ой «Сион қўриқчи минораси» ва 1925 йили «Олтин давр» (ҳозирги пайтда «Уйғонинг!») журналлари поляк тилида нашр этила бошлаган. «Илоҳий арфа» номли китоби ҳам ушбу тилда чоп этилган. Кўп оилалар ушбу адабиётлар Муқаддас Китобга асослангани боис, уларни ўқишдан завқ олишган.
Антуаннинг оиласи Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари тўғрисида, жамоатга илк бор 1924 йили ташриф буюрган тоғасидан эшитган. Ўша йили, Брюэ-ла-Бюисьер шаҳрида поляк тилида биринчи маротаба анжуман ўтказилган. Бир ойдан камроқ вақт ўтгач, ўша ерга Бош идора вакили Жозеф Рутерфорд ташриф буюриб, нутқ сўзлаганда 2 000 та киши йиғилган эди. Аксарияти поляклар бўлган оломонни кўриб таъсирланган Рутерфорд биродаримиз уларга шундай деган: «Ҳақиқатни билишингиз учун Яҳова сизларни Францияга етаклаган. Энди, сиз ҳамда фарзандларингиз францияликларга ёрдам беришингиз даркор! Олдинда улкан воизлик иши кутмоқда ва Яҳова уни бажариш учун ваъзгўйларни ҳам етказади».
Ҳа, Худованд Яҳова буни амалга оширди! Ушбу поляк масиҳийлар нафақат меҳнатсевар кончи, балки сидқидил ваъзгўйлар сифатида ҳам танилган. Шуни айтиш жоизки, улардан айримлари билиб олган бебаҳо ҳақиқатни бўлишиш ниятида она юрти Польшага қайтиб кетишган. Польшанинг катта ҳудудлари бўйлаб хушхабарни эълон қилиш мақсадида, Францияни тарк этганлар орасида Теофил Пясковский, Стефан Косяк ва Ян Забуда ҳам бўлган.
Лекин поляк тилида гапирадиган ваъзгўйларнинг кўпи Францияда қолиб, француз биродару опа-сингиллари билан бирга ғайрат ила шоҳидлик беришда давом этган. 1926 йили Син-ле-Нобледа бўлиб ўтган анжуманга 1 000 та поляк ва 300 та француз киши ташриф буюрган. 1929 йилги «Йилнома»да қуйидагича ёзилган: «Бир йилнинг ўзида, 332 та поляк киши ҳаётини Худога бағишлаб, бунинг рамзи сифатида сувга чўмди». Иккинчи жаҳон урушидан олдин, Франциядаги 84 та жамоатдан 32 таси поляк тилида эди.
1947 йили, Яҳова Шоҳидларининг аксарияти Польша ҳукуматининг таклифи билан ўз юртига қайтди. Шундай бўлса-да, улар ва француз имондошлари қилган уринишларнинг ҳосили, ўша йилнинг ўзида Шоҳлик ваъзгўйларининг сони 10 фоизга ортганида кузатилган. Сўнг, 1948–1950 йилларда, ушбу кўрсаткич 20, 23 ва ҳатто 40 фоизгача ошган! Бу янги ваъзгўйларни ўргатишга ёрдам бериш учун, Франция филиали 1948 йили илк бор кўчма нозирларни тайинлаган. Танланган бешта нозирлардан тўрттаси поляк бўлиб, уларнинг орасида Антуан Скалеский ҳам бор эди.
Франциядаги Яҳова Шоҳидларининг кўпи ҳамон, ҳам конда, ҳам воизлик ишида жон куйдириб, меҳнат қилган поляк ота-боболарининг фамилияларида қолишган. Бугунги кунда ҳам, талайгина муҳожирлар ҳақиқатни Францияда билиб олишмоқда. Бошқа мамлакатлардан бўлган ваъзгўйлар она юртига қайтадими ёки поляк Шоҳлик хабарчилари каби ўша ерда қоладими, хизматини ғайрат ила давом эттиришади. (Ташкилотимизнинг Франциядаги архивидан.)