Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Тўла вақтли хизмат қилаётганларни унутманг

Тўла вақтли хизмат қилаётганларни унутманг

Имон билан қилаётган ишларингиз, севгига асосланган меҳнатингиз... доимо ёдимиздадир. 1 САЛОН. 1:3

1. Яҳовага жон куйдириб хизмат қилаётганларга Павлус қандай муносабатда бўлган?

ҲАВОРИЙ ПАВЛУС хушхабарни ваъз қилиш учун жон куйдириб меҳнат қилганларни доимо ёдда тутган. У шундай деб ёзган: «Имон билан қилаётган ишларингиз, севгига асосланган меҳнатингиз ҳамда Отамиз Худо ва Ҳазратимиз Исо Масиҳга бўлган умидингиз туфайли намоён этаётган сабр-бардошингиз доимо ёдимиздадир» (1 Салон. 1:3). Дарҳақиқат, ўз шароитларида қанча қилишига қарамай садоқат ила хизмат қилаётганларнинг севгига асосланган меҳнатини Яҳова сира ҳам унутмайди (Иброн. 6:10).

2. Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

2 Ўтмишда бўлгани каби ҳозир ҳам, кўплаб имондошларимиз Яҳовага тўла вақтли хизматда фидойилик намоён этишмоқда. Келинг, биринчи асрда айримлар қандай хизмат қилишганини кўрайлик. Шунингдек, замонамизда тўла вақтли хизматнинг қандай турлари борлигини ва уларда иштирок этаётганларга қай йўсин ёрдам беришимиз мумкинлигини билиб олайлик.

БИРИНЧИ АСРДАГИ МАСИҲИЙЛАР

3, 4. а) Биринчи асрда айримлар қандай хизмат қилишган? б) Уларнинг жисмоний эҳтиёжлари қандай қопланган?

3 Сувга чўмганидан кўп ўтмай, Исо бутун дунёни қамраб олган  фаолиятга асос солган (Луқо 3:21–23; 4:14, 15, 43). У ўлгандан сўнг, унинг ҳаворийлари кенгайиб бораётган ваъзгўйлик ишига бош бўлишган (Ҳавор. 5:42; 6:7). Айрим масиҳийлар, Филип каби хушхабар воизи ва Фаластинда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлишган (Ҳавор. 8:5, 40; 21:8). Павлус ва бошқа хизматчилар узоқ ҳудудларга саёҳат қилишган (Ҳавор. 13:2–4; 14:26; 2 Кор. 1:19). Баъзилар, масалан Силван (Сила), Марк ҳамда Луқо котиб ёки Муқаддас Китоб ёзувчилари бўлишган (1 Бутр. 5:12). Масиҳий опа-сингиллар ҳам бу садоқатли биродарлар билан хизмат қилишган (Ҳавор. 18:26; Рим. 16:1, 2). Улар ҳақида баён этилган қизиқарли воқеалар, Инжилни завқ билан ўқишимизга ҳисса қўшади ва Яҳова Ўз хизматчиларини хайрихоҳлик ила ёдда тутишини кўрсатади.

4 Биринчи асрдаги тўла вақтли хизматчилар ўз харажатларини қандай қоплашган? Баъзан уларга меҳмондўстлик кўрсатишган ва бошқа йўллар билан қўллаб-қувватлашган. Бироқ улар имондошларидан буни талаб қилишмаган (1 Кор. 9:11–15). Айрим кишилар ва жамоатлар ўз хоҳиши билан ёрдам кўрсатган (Ҳаворийлар 16:14, 15; Филиппиликларга 4:15–18 ни ўқинг). Павлус ва унинг ҳамроҳлари ҳам ярим кун ишлашгани учун ўз харажатларини қоплай олишган.

БУГУНГИ КУНДАГИ ТЎЛА ВАҚТЛИ ХИЗМАТЧИЛАР

5. Тўла вақтли хизматда ўтган ҳаёти ҳақида бир жуфтлик нима деб бўлишди?

5 Бугунги кунда ҳам, кўплар тўла вақтли хизматнинг турли соҳаларида иштирок этишмоқда (« Тўла вақтли хизмат турлари» номли рамкага қ.). Улар танлаган ҳаёт тарзи борасида қандай фикрдалар? Имондошларимизга бундай савол бериб, жавобини тинглаганингизда далда олишингиз турган гап. Бир мисолни кўриб чиқайлик. Доимий кашшоф, махсус кашшоф, тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлган ҳамда чет элда Байтилда хизмат қилган биродаримиз шундай бўлишди: «Тўла вақтли хизматни бошлаш, ҳаётимдаги энг яхши қарор бўлган. 18 ёшда бўлганимда, университетда таҳсил олиб, бу дунёда мартаба орттириш ёки кашшоф бўлиш танловига дуч келдим. Тажрибамда шунга амин бўлдимки, Яҳова тўла вақтли хизматда кўрсатган фидойилигимизни ҳеч қачон унутмайди. Агар дунёвий мартабани танлаганимда эди, Яҳова менга берган ҳар қандай истеъдод ёки қобилиятни шу даражада ишга сола олмасдим». Унинг рафиқаси шуларни қўшиб қўйди: «Ҳар бир топшириқ улғайишимга ёрдам берди. Яҳованинг ҳимоясини ва У йўл-йўриқ бераётганини қайта-қайта ҳис қилганмиз. Агар ўзимизга қулай жойда қолганимизда, ҳеч қачон бундай содир бўлмасди. Тўла вақтли хизматда ўтган ҳаётимиз учун, ҳар куни Яҳовага миннатдорчилик билдираман». Сиз ҳам ўз ҳаётингизда шуларни ҳис қилишни хоҳлайсизми?

6. Яҳова ҳар биримизнинг хизмати борасида қандай фикрда?

6 Албатта, кимгадир ҳозирги шароитлари тўла вақтли хизматда иштирок этишига йўл қўймас. Яҳова уларни қўлидан келганича ҳаракат қилаётганини қадрлашига амин бўлишимиз мумкин. Павлус, Филимўнга 1–3 да исмларини тилга олган ва Колосадаги жамоатнинг аъзолари бўлганлар ҳақида ўйлаб кўринг (ўқинг). Павлус каби Яҳова ҳам уларнинг машаққатли меҳнатини қадрлаган. Шундай экан, самовий Отамиз сизнинг ҳам хизматингизни қимматли деб билади. Тўла вақтли хизматда бўлганларни қандай қўллаб-қувватлашингиз мумкин?

КАШШОФЛАРГА ЁРДАМ БЕРИШ

7, 8. Кашшофлик хизмати нимани ўз ичига олади ва жамоатдагилар уларни қандай қўллаб-қувватлашади?

7 Биринчи асрдаги хушхабар воизларига ўхшаб, бугун ҳам ғайратли кашшофлар жамоат учун далда манбаидир. Уларнинг аксарияти ҳар ой хизматга 70 соат бағишлашга интилади. Уларга қандай ёрдам бера оласиз?

8 Шери исмли кашшоф опамиз кузатувлари  билан бўлишиб, шундай деди: «Кашшофлар ҳар куни хизмат қилишади ва кучли кўринишади. Лекин улар ҳам далдага муҳтож» (Рим. 1:11, 12). Бир неча йил кашшоф бўлган бошқа опамиз жамоатидаги кашшофлар ҳақида қуйидагиларни айтди: «Улар жон-жаҳди билан ва тинмай меҳнат қилишади. Бошқалар уларни хизматга, бирга овқатланишга таклиф қилишганда, йўлкираси ё бошқа харажатлари учун оз-моз пул беришганида, жуда миннатдор бўлишади. Бу, сиз уларга чиндан ҳам ғамхўрлик қилаётганингизни намоён этади».

9, 10. Жамоатидаги кашшофларга ёрдам бериш учун айримлар нима қилишади?

9 Сиз ҳам кашшофларга хизматида кўмаклаша оласизми? Бобби исмли кашшоф опамиз: «Биз ҳафта мобайнида ёрдамга кўпроқ муҳтож бўламиз»,— деб айтди. Унинг жамоатидаги бошқа кашшоф эса: «Куннинг иккинчи ярмида ҳамкор топиш айниқса мушкул»,— деб қўшиб қўйди. Ҳозир Бруклиндаги Байтилда хизмат қилаётган опамиз ўзининг кашшоф бўлган дамларини меҳр ила эслаб, шуларни айтди: «Машинаси бор бир опамиз шундай дерди: “Қачон бўлмасин ҳамкорсиз қолганингизда, менга қўнғироқ қилсангиз хизматга чиқишга тайёрман”. Бу опамиз кашшофлик хизматини давом эттиришимга ёрдам берган». Шейри опамиз қуйидагича фикр билдирди: «Турмуш қурмаган кашшофлар хизматдан сўнг кўпинча ёлғиз қолишади. Гоҳида, бўйдоқ биродар ёки турмушга чиқмаган опа-сингилларни оилавий топинишга таклиф қилишингиз мумкин. Бошқа бирон тадбир ёки ўйин-кулгиларда иштирок этишга таклиф қилиш ҳам, уларнинг мустаҳкам бўлишига ҳисса қўшади».

10 Деярли 50 йил тўла вақтли хизматда иштирок этган бир опамиз, турмуш қурмаган бошқа опа-сингиллар билан қилган кашшофлик хизматини эслаб, шундай деди: «Оқсоқоллар бир неча ойда бир марта кашшофларникига ташриф буюришган. Улар соғлигимиз ва дунёвий ишимиз ҳақида сўраб, бирон ташвишимиз борми деб қизиқишган. Улар бунга жиддий ёндашишган. Биз қандай ёрдамга муҳтож эканимизни кўриш ниятида, улар яшаётган жойимизга келишарди». Бу, Эфесда яшовчи оилавий киши қилган хизматлари учун Павлус миннатдорчилик билдирганини ёдингизга солгандир (2 Тим. 1:18).

11. Махсус кашшофлик нимани ўз ичига олади?

11 Тўла вақтли хизматнинг яна бир тури —  махсус кашшофликдир. Бу хизматдаги биродару опа-сингилларнинг аксарияти ҳар ой 130 соат ваъзгўйлик хизматида иштирок этишади. Улар вақтини асосан хизматга ёки бошқаларга турлича ёрдам беришга сарфлашгани учун, ишлашга жуда кам ёки умуман вақти қолмайди. Шу боис, бутун эътиборини хизматга қаратишлари учун филиал ҳар ой уларга оз миқдорда ёрдам пули ажратади.

12. Оқсоқоллар ва бошқа ваъзгўйлар махсус кашшофларга қандай ёрдам бера олишади?

12 Махсус кашшофларга қандай ёрдам кўрсатишимиз мумкин? Уларнинг кўпи билан суҳбатлашган филиалдаги бир оқсоқол шундай тушунтирди: «Оқсоқоллар улар билан гаплашиши, шароитлари қандай эканини билиши ва кейин уларни қай йўсин қўллаб-қувватлашни ўйлаб кўриши лозим. Айрим имондошларимиз, махсус кашшофлар ёрдам пули олишгани учун ҳар томонлама таъминланган деб ўйлашади. Аслида эса, маҳаллий биродару опа-сингиллар махсус кашшофларга кўп соҳаларда ёрдам беришлари мумкин». Доимий кашшофлар сингари махсус кашшофлар ҳам, ваъзгўйлик хизматида улар билан ҳамкорлик қилганларни қадрлашади. Сиз-чи, уларга шундай ёрдам кўрсата оласизми?

КЎЧМА НОЗИРЛАРГА ЁРДАМ БЕРИШ

13, 14. а) Кўчма нозирлар ҳақида нимани ёдда тутишимиз керак? б) Кўчма нозирлик ишида қатнашаётганларга қандай ёрдам беришингиз мумкин?

13 Кўчма нозирлар ва уларнинг рафиқалари одатда маънан мустаҳкам, хушчақчақ бўлишади. Албатта бу тўғри, аммо улар ҳам далдага, ҳамкорликка ва етарлича ҳордиқ чиқаришга муҳтож. Айтайлик, улар касал бўлиб, шифохонада даволанаётган бўлишса, уларни йўқлаб боришимиз ва ғамхўрлик қилишимиз мумкин. Масалан, Ҳаворийлар китобининг ёзувчиси «севикли табиб» Луқо, Павлус ва унинг ҳамроҳларига қандай ғамхўрлик кўрсатганини тасаввур қилсак бўлади (Колос. 4:14; Ҳавор. 20:5–21:18).

14 Кўчма нозирлар ва уларнинг хотинлари яқин дўстларининг севгиси ва далдасига муҳтож. Бир кўчма нозир шундай деди: «Дўстларим, мен қачон далдага муҳтож бўлишимни биладигандек туюлади. Улар шундай савол беришадики, бу мени ташвишга солаётган нарсалар борасида суҳбатлашишга чорлайди. Эътиборли тингловчи бўлиб ҳам, улар менга катта ёрдам кўрсатишади». Кўчма нозирлар ва хотинлари имондошлари кўрсатган самимий қизиқишни жуда қадрлашади.

БАЙТИЛЧИЛАРГА ЁРДАМ БЕРИШ

15, 16. Байтил ва Анжуман Залларида хизмат қилаётганларнинг меҳнати нега муҳим ва биз уларни қандай қўллаб-қувватлашимиз мумкин?

15 Бутун дунёдаги Байтил ва Анжуман Залларида хизмат қилаётганлар Шоҳлик иши олға сурилишига ҳисса қўшишмоқда. Агар сиз хизмат қилаётган жамоат ёки ҳудудда байтилчилар бўлса, уларни ёддан чиқармаганингизни қандай кўрсата оласиз?

16 Байтилдаги хизматини энди бошлаганлар оиласи ва дўстларидан узоқда бўлгани учун уйини соғинар. Бундай имондошларимизга Байтил оиласининг бошқа аъзолари ва жамоатидагилари дўстона муносабатда бўлишса, улар ниҳоятда миннатдор бўлишади (Марк 10:29, 30). Байтилчиларнинг одатдаги иш тартиби ҳар ҳафта жамоат учрашувларига бориб, ваъзгўйлик хизматида иштирок этишга имкон беради. Айрим пайтларда улар қўшимча вазифаларни бажаришлари мумкин. Жамоатдагилар буни тушуниб, уларни ва қилаётган меҳнатларини қадрлашса, барча учун фойдали бўлади (1 Салоникаликларга 2:9 ни ўқинг).

ЧЕТ ЭЛДАГИ ТЎЛА ВАҚТЛИ ХИЗМАТЧИЛАРГА ЁРДАМ БЕРИШ

17, 18. Ўзга мамлакатда тўла вақтли хизмат қилаётганлар қандай вазифаларни бажаришади?

17 Бошқа мамлакатда хизмат қилиш топшириғини қабул қилганлар ўзгача таом, тил, урф-одат ва шароитларга кўникишига тўғри келар. Нима учун улар шу каби ўзгаришларни қабул қилишга рози бўлишади?

18 Айрим тўла вақтли махсус ваъзгўйлар  асосан воизлик хизматида банд бўлишади. Улар ваъзгўйлик қилиш ва шогирд орттириш учун махсус таълим олишгани боис, ўз жамоатидагилари билан билиб олганларини бўлишишади. Филиал уларни оддийгина яшаш жойи ва кундалик эҳтиёжини қоплаш учун ёрдам пули билан таъминлайди. Ўзга мамлакатда хизмат қилаётганларнинг айримларини филиалда хизмат қилишга ёки филиаллар, таржимонларнинг олисдаги офислари, Анжуман ё Йиғилиш Залларининг қурилишида иштирок этишга тайинлашади. Уларни озиқ-овқат, оддийгина яшаш жойи ва бошқа нарсалар билан таъминлашади. Байтилчилар каби улар ҳам мунтазам равишда маҳаллий жамоат учрашувларига бориб, ваъзгўйлик хизматида қатнашишади. Бундай тажрибали биродару опа-сингиллар жамоатдагилар учун баракадир!

19. Ўзга мамлакатда хизмат қилаётганлар борасида нимани ёдда тутишимиз лозим?

19 Қай йўсин тўла вақтли хизматчиларни ёдда тутсангиз бўлади? Шуни унутмангки, улар айниқса хизматининг бошида баъзи маҳаллий таомларни ея олмаслиги мумкин. Буни инобатга олиб, уларни меҳмонга таклиф қилишдан олдин қандай таомни ёқтиришини сўрасангиз яхши бўларди. Улар маҳаллий тил ва урф-одатларни ўрганаётганида сабрли бўлинг. Барча сўзларингизни тўлиқ тушуна олишларига вақт керак бўлар, бироқ тўғри талаффуз қилишларига меҳр ила кўмаклашишингиз мумкин. Зеро улар ўрганишни хоҳлашади!

20. Тўла вақтли хизматчилар ва уларнинг ота-оналарига қандай ёрдам бера оласиз?

20 Тўла вақтли хизматчиларнинг ёши улғайгани сари, уларнинг ота-оналари ҳам қариб қолади. Яҳованинг Шоҳиди бўлган ота-оналар фарзандлари хизматини давом эттиришларини жуда исташади (3 Юҳан. 4). Албатта, ота-оналари ғамхўрликка муҳтож бўлишса, тўла вақтли хизматчилар қўлидан келган барча нарсани қилиб, иложи борича тезроқ ёрдамга келишади. Ғамхўрликка муҳтож бўлган қария ота-оналарига яқин яшайдиганлар ҳам уларни қўллаб-қувватлаб, тўла вақтли хизматчиларга ёрдам беришлари мумкин. Шуни ёдда тутингки, бундай хизматчиларга дунёдаги энг муҳим ишда иштирок этиш масъулияти топширилган (Мат. 28:19, 20). Сиз ҳам, ота-оналари ғамхўрликка муҳтож бўлган тўла вақтли хизматчиларга кўмаклаша оласизми?

21. Бошқаларнинг ёрдами ва далдаси тўла вақтли хизматчиларга қандай таъсир қилади?

21 Тўла вақтли хизматчилар моддий манфаат кўзлаб эмас, балки Яҳова ва бошқаларга энг яхшисини бериш учун бу хизматни бошлаганлар. Улар сиз кўрсатган ҳар қандай ёрдамни ниҳоятда қадрлашади. Ўзга юртда хизмат қилаётган бир опамиз кўпчиликнинг ҳис-туйғуларини қуйидагича изҳор қилди: «Ўзгалар билдирган миннатдорчилик, улар сиз ҳақингизда ўйлаётганини ва қилаётган меҳнатингиз уларга бахт келтираётганини кўрсатади».

22. Тўла вақтли хизмат борасида қандай фикрдасиз?

22 Яҳовага тўла вақтли хизмат қилиш ҳақиқий мукофот келтирадиган ҳаёт йўли бўлиб, мамнуният бахш этади ва масъулият юклайди. Тўла вақтли хизматчилар ҳозир ва янги дунёда керак бўладиган фазилатларни ривожлантиришлари ва кўп нарсага ўрганишлари мумкин. Яқинда, Яҳованинг барча хизматчилари ҳар куни қувонч келтирадиган иш билан шуғулланишади. Келинг, тўла вақтли хизматчиларнинг имон билан қилаётган ишларини ва севгига асосланган меҳнатини доимо ёдда тутайлик (1 Салон. 1:3).