Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Биласизми?

Биласизми?

Қадимда инсонларнинг атайин кийимини йиртиши нимани англатарди?

МУҚАДДАС КИТОБДАН баъзиларнинг эгнидаги кийимини йиртгани тўғрисида кўпгина мисолларни топишимиз мумкин. Бундай ҳаракат эҳтимол замонавий ўқувчиларга ғалати бўлиб туюлар, лекин яҳудийлар орасида бу каби ҳаракат кучли туйғуларнинг ифодаси бўлиб, инсоннинг тушкунликка тушгани, қайғуга ботгани, камситилгани, жаҳли чиққани ёки аза тутаётганидан далолат берган.

Масалан, Рубен укаси Юсуфни қулликка сотиб юборилгани учун қутқаришга улгурмай қолганини тушуниб, «қайғудан кийимларини йиртди». Уларнинг отаси Ёқуб, боламни ёввойи ҳайвон тилка-пора қилган бўлса керак, дея «қайғудан кийимларини йиртиб» ташлади (Ибт. 37:18–35). Аюб ҳам, барча фарзандлари нобуд бўлгани ҳақида хабар топганида, «қайғудан кийимини йиртиб ташлади» (Аюб 1:18–20). «Қайғудан кийимларини йиртган» бир киши, олий руҳоний Элахнинг ёнига бориб, Исроил лашкарининг жангда мағлубиятга учрагани, Элахнинг иккита ўғли ўлдирилгани, Худонинг сандиғи эса қўлдан кетгани тўғрисида айтиб беради (1 Шоҳ. 4:12–17). Шоҳ Ҳизқиё Тавротда ёзилган сўзларни эшитгач ва халқининг қилган гуноҳларини англаб етгач, «қайғудан либосларни йиртиб ташлади» (4 Шоҳ. 22:8–13).

Олий руҳоний Каяфа ўлимга маҳкум этилаётган Исонинг сўзларини эшитгач, «устки кийимини йиртиб», қуйидагиларни айтади: «У куфр кетяпти!» (Мат. 26:59–66). Яҳудий динининг уламолари ўрнатган қонунга кўра, илоҳий исмнинг таҳқирланганини эшитган ҳар қандай инсон, эгнидаги либосини йиртиши шарт эди. Аммо Қуддусдаги маъбаднинг вайрон қилинганидан кейин, худди шу қонунда бошқача нуқтаи назар пайдо бўлди. У ерда қуйидагича айтилган эди: «Бугунги кунда ИЛОҲИЙ ИСМНИНГ таҳқирланганини эшитган кишига кийимини йиртишнинг ҳожати йўқ, акс ҳолда унинг либоси латтага айланади».

Агар инсоннинг қайғуси самимий бўлмаса, кийим йиртишнинг Худо назарида ҳеч қандай қадр-қиммати йўқ. Шундай экан, Яҳова халқига: «Кийимингизни эмас, бағрингизни йиртинглар. Эгангиз Худога қайтинглар»,— деб беҳудага айтмаган (Йўэл 2:13).