Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Оқсоқоллар «сизларга қувонч келтирадиган хизматдошлар»

Оқсоқоллар «сизларга қувонч келтирадиган хизматдошлар»

Биз бўлсак сизларга қувонч келтирадиган хизматдошлармиз. 2 КОР. 1:24

1. Коринфликлар ҳақидаги қандай хабар Павлусга қувонч бағишлади?

МИЛОДИЙ 55- йил эди. Ҳаворий Павлус порт шаҳар бўлмиш Троасда бўлса-да, Коринфдаги биродарлар ҳақида ўйлаётган эди. Шу йилнинг бошида, уларнинг ораларида келишмовчилик содир бўлгани тўғрисидаги хабар уни ранжитган эди. Шу боис, у оталарга хос ғамхўрлик ила уларни тўғрилаш учун мактуб юборганди (1 Кор. 1:11; 4:15). У шунингдек, ҳамкори Титусни жўнатиб, Троасга хабар юборишни топширган эди. Энди эса Павлус Троас шаҳрида, коринфликлар қандай аҳволда эканини билиш учун Титусни кутаётган эди. Лекин ундан ҳеч дарак бўлмагач, Павлуснинг ҳафсаласи пир бўлди. Хўш, шунда Павлус нима қилди? У Македонияга йўл олди ва уларни ўша ерда учратиб, роса хурсанд бўлди. Титус, Павлуснинг мактуби коринфликларга ижобий таъсир кўрсатганини ва улар Павлус билан кўришишни зориқиб кутишаётганини айтди. Бундай қувончли хабарни эшитиш, Павлусга «катта қувонч бағишлади» (2 Кор. 2:12, 13; 7:5–9).

2. а) Павлус коринфликларга имон ва қувонч борасида нима деган? б) Қандай саволларни кўриб чиқамиз?

2 Бундан кўп ўтмай, Павлус коринфликларга иккинчи мактубини юборди. Павлус уларга шундай деди: «Биз сизларнинг имонингиз устидан хўжайинлик қилаётганимиз йўқ. Ахир сизлар имонингиз туфайли маҳкам турибсизлар-ку. Биз бўлсак сизларга қувонч келтирадиган хизматдошлармиз» (2 Кор. 1:24). Бу билан Павлус нимани назарда тутган эди? Ушбу сўзлар бугунги оқсоқолларга қандай таъсир кўрсатиши керак?

ИМОНИМИЗ ВА ҚУВОНЧИМИЗ

3. а) «Имонингиз туфайли маҳкам турибсизлар», деган сўзлар билан Павлус нимани назарда тутган? б) Бугунги оқсоқоллар Павлуснинг ўрнагига қандай тақлид қилишмоқда?

3 Павлус топинишимизнинг иккита муҳим томони бўлмиш имон ва қувончни айтиб ўтган. Имон ҳақида  у: «Биз сизларнинг имонингиз устидан хўжайинлик қилаётганимиз йўқ. Ахир сизлар имонингиз туфайли маҳкам турибсизлар-ку»,— деб айтган. Бу сўзлар билан Павлус, Коринфдаги биродарлар у ёки бошқа инсонлар орқали эмас, балки Худога бўлган ишончлари туфайли маҳкам туришганини тан олган. Шундай экан, Павлус имондошларининг имонини назорат қилишга зарурат йўқлигини тушунган, бундай қилишни истамаган ҳам. Павлус, улар тўғри йўл тутишни хоҳловчи садоқатли масиҳийлар эканларига ишонган (2 Кор. 2:3). Бугунги кунда, оқсоқоллар Павлуснинг ўрнагига эргашиб, биродару опа-сингилларининг имони ва Аллоҳга хизмат қилиш истаклари борлигига ишончлари комил (2 Салон. 3:4). Жамоат учун қатъий қоидалар ўрнатишнинг ўрнига, оқсоқоллар Муқаддас Китоб меъёрлари ҳамда Яҳова ташкилотининг йўл-йўриғига таянишади. Бундан ташқари, улар биродарларининг имони устидан хўжайинлик қилишмайди (1 Бутр. 5:2, 3).

4. а) Павлуснинг: «Биз бўлсак сизларга қувонч келтирадиган хизматдошлармиз»,— деган сўзлари нимани англатади? б) Оқсоқоллар Павлусга қандай тақлид қилишяпти?

4 Павлус шунингдек: «Биз бўлсак сизларга қувонч келтирадиган хизматдошлармиз»,— деб айтган. Ушбу сўзлар билан, у ўзини ва яқин ҳамкорларини назарда тутган. Нега бундай хулосага келяпмиз? Боиси, шу мактубида Павлус коринфликларга: «Орангизда биз, яъни мен, Силван ва Тимўтий орқали ваъз этилган Худонинг Ўғли Исо Масиҳ»,— деб ёзганида, ҳамкорларидан иккитасини эслатиб ўтган (2 Кор. 1:19). Устига-устак, Павлус мактубларида Аполлос, Акила, Прискилла, Тимўтий, Титус ва бошқа яқин хизматдошлари ҳақида гапирганида, доимо «ҳамкор» сўзини қўллаган (Рим. 16:3, 21; 1 Кор. 3:6–9; 2 Кор. 8:23). Шундай экан, Павлус: «Биз бўлсак сизларга қувонч келтирадиган хизматдошлармиз»,— деган сўзлар билан, ўзи ва ҳамкорлари бутун жамоатга қувонч келтиришни исташларига коринфликларни ишонтирган. Бугун ҳам оқсоқоллар айнан шуни исташади. Улар, имондошлари «хурсанд бўлиб Эгамизга саждалар қилишларига» ёрдам бериш учун, қўлларидан келганини қилишга тайёрлар (Заб. 99:2; Филип. 1:25).

5. Қайси саволга жавобни кўриб чиқамиз ва нима мақсадда?

5 Яқинда, дунёнинг турли қисмларида яшовчи ғайратли биродару опа-сингилларимизга: «Оқсоқолларнинг қайси сўзлари ёки ишлари сизга қувонч бахш этади?» — деган савол берилди. Ҳозир уларнинг кузатувларини кўриб чиқар эканмиз, уларнинг жавобларини ўзингизники билан солиштириб кўришингиз мумкин. Бундан ташқари, қай йўсин ҳар биримиз ўз жамоатимизнинг қувончига қувонч қўша олишимизни кўриб чиқамиз *.

«СУЮКЛИ ПЕРСИСГА ҲАМ САЛОМ»

6, 7. а) Оқсоқоллар Исо, Павлус ва Худонинг бошқа хизматчиларига тақлид қилишларининг сабабларидан бири нимада? б) Имондошларимизнинг исмларини эслаб қолиш, нега уларнинг қувончини оширади?

6 Кўпчилик биродару опа-сингилларимизнинг айтишларича, оқсоқоллар уларга шахсан қизиқиш кўрсатишса, қувончлари ошар экан. Оқсоқоллар бундай қилишларининг асосий сабабларидан бири, улар Довуд, Элиху ва Исонинг ўрнагига эргашишларидадир (2 Шоҳлар 9:6; Аюб 33:1 *; Луқо 19:5 ни ўқинг). Яҳованинг ушбу ҳар бир хизматчиси бошқа кишига исмини айтиб мурожаат қилиш билан, самимий қизиқаётганини намоён этган. Павлус  ҳам имондошларининг исмларини эслаб қолиш ва қўллашни муҳим деб билган. У мактубларидан бирини, 25 дан ортиқ биродару опа-сингилларни номма-ном айтиб, салом йўллаш билан якунлаган. Масалан, Персис исмли опамиз ҳақида: «Суюкли Персисга ҳам салом»,— деб айтган (Рим. 16:3–15).

7 Айрим оқсоқоллар учун исмларни эслаб қолиш қийин кечади. Бироқ улар бундай қилишга интилишса, имондошларига: «Мен сизларни қадрлайман»,— дегандай бўлишади (Чиқ. 33:17). «Қўриқчи минораси» журналининг муҳокамаси ёки бошқа учрашувларда оқсоқоллар шарҳ бермоқчи бўлганларнинг исмини айтиб чақиришса, уларга мамнуният бахш этишади (Юҳанно 10:3 ни солиштиринг).

«У АЁЛ ҲАЗРАТИМИЗ ХИЗМАТИДА ЗЎР БЕРИБ ИШЛАГАН»

8. Павлус қайси муҳим бир усул билан Яҳова ҳамда Исонинг ўрнагига тақлид қилган?

8 Павлус шунингдек мақтовли сўзлар айтиш билан бошқаларга қизиқиш кўрсатган. Бу, имондошларга қувонч бахш этишнинг яна бир усулидир. Шу боис, айнан шу мактубида Павлус: «Мен сизлар билан кўп мақтанаман»,— деб ёзган (2 Кор. 7:4). Ушбу мақтовли сўзлар, Коринфдаги биродарларнинг кўнглига илиқлик бахш этган бўлиши керак. Павлус шу каби мақтовларни бошқа жамоатларга ҳам айтган (Рим. 1:8; Филип. 1:3–5; 1 Салон. 1:8). Дарҳақиқат, у Римдаги жамоатга йўллаган мактубида Персисни эслатиб ўтгандан сўнг: «У аёл Ҳазратимиз хизматида зўр бериб ишлаган»,— дея қўшиб қўйган (Рим. 16:12). Бундай мақтовли сўзлар, ушбу садоқатли опамизнинг кўнглини қанчалик кўтаргандир-а! Павлус бошқаларни мақташда, Яҳова ҳамда Исонинг ўрнагига тақлид қилган (Марк 1:9–11; Юҳанно 1:47 ни ўқинг; Ваҳ. 2:2, 13, 19).

9. Мақтовли сўзларни айтиш ва эшитиш, нега жамоатнинг қувончига қувонч қўшади?

9 Бугунги кунда ҳам оқсоқоллар, имондошларини қадрлашларини айтиш муҳимлигини билишади (Ҳик. 3:27; 15:23). Оқсоқол биродару опа-сингилларини мақташ орқали, улар ҳақида ғам чекаётгани ва улар қилаётган ишларини пайқаётганини кўрсатади. Шубҳасизки, имондошлар ҳам оқсоқолларнинг далдали сўзларини эшитишга муҳтожлар. Ёши 50 дан ошган бир опамиз шундай деб бўлишди: «Иш жойимда мақтовли сўзларни кам эшитаман. У ердаги муҳит совуқ ва рақобат руҳи уфуриб туради. Шу сабабли, жамоатда қилган бирор ишим учун оқсоқол мени мақтаса, бу менга роҳат ва далда бахш этади! Осмондаги Отам мени жуда яхши кўришини ҳис этаман». Иккита фарзандини ёлғиз тарбиялаётган биродаримиз ҳам шундай фикр билдирди. Яқинда бир оқсоқол уни чин дилдан мақтабди. Биродаримизга бу қандай таъсир қилибди? У: «Оқсоқолнинг сўзлари менга чинакамига далда берди!» — деб айтди. Ҳақиқатан ҳам, имондошларини самимият ила мақташ орқали, оқсоқол уларнинг руҳини кўтариб, қувончларига қувонч қўшади. Шунингдек бу, ҳаёт йўлида «толиқмай» юришларига куч бағишлайди (Ишаё 40:31).

«ЖАМОАТГА ЧЎПОНЛИК ҚИЛИШ»

10, 11. а) Қай йўсин оқсоқоллар Нахимиёнинг ўрнагига эргашишлари мумкин? б) Далдали ташриф мобайнида, оқсоқолларга Худо ато этган инъом билан бўлишишга нима кўмаклашади?

10 Оқсоқоллар биродарларга шахсан қизиқиш кўрсатиб, жамоатга қувонч бахш эта олишларининг муҳим усулларидан бири қайси? Бу ҳам бўлса, далдага муҳтож бўлганларга ёрдам беришда ташаббус кўрсатишдир (Ҳаворийлар 20:28 ни ўқинг). Оқсоқоллар бундай қилишса, қадимдаги рамзий маънодаги чўпонларга тақлид қилган бўлишади. Мисол учун, садоқатли нозир Нахимиё айрим яҳудий биродарларининг маънан сусайиб қолишганини кўрганида, нима қилганига эътибор беринг. У дарҳол ўрнидан  туриб, уларга далда бера бошлаган эди (Нахим. 4:14). Бугун ҳам оқсоқоллар шундай қилишни исташади. Улар ўринларидан туриб, яъни ташаббус кўрсатиб, имондошлари имонда мустаҳкам қолишларига ёрдам беришади. Шахсан далда бериш учун эса, агар шароит бунга йўл қўйса, улар биродару опа-сингилларнинг уйларига боришади. Бундай далдали ташрифлар пайтида, улар «Худо ато этган инъом билан бўлишишни» хоҳлашади (Рим. 1:11). Оқсоқолларга бунда нима кўмаклашади?

11 Бирор кишиникига далдали ташриф буюришдан олдин, оқсоқол у ҳақида ўйлашга бир мунча вақт ажратиши даркор. Унинг қандай қийинчиликлари бор? Қайси фикрлар унга далда бахш этиши мумкин? Муқаддас Китобдаги қайси оят ёки мисол, унинг шароитларига қўл келади? Бундай фикр юритиш, оқсоқолга шунчаки эмас, балки мазмунли суҳбат қуришига кўмаклашади. Далдали ташриф пайтида оқсоқол, биродар ёки опамизни диққат билан тинглаб, ичидагиларни тўкиб солишига имкон беради (Ёқб. 1:19). Бир опамиз: «Оқсоқолнинг чин дилдан тинглаши, тасалли бағишлайди»,— дея бўлишди (Луқо 8:18).

Тайёргарлик оқсоқолларга, далдали ташриф пайтида Худо ато этган инъом билан бўлишишга ёрдам беради

12. Жамоатда кимлар далдага муҳтож бўлишади ва нега?

12 Далдали ташрифдан кимлар фойда олади? Павлус оқсоқолларни «бутун сурувга диққат қилишга» рағбатлантирган. Демак, жамоатнинг барча аъзолари, жумладан йиллар мобайнида содиқ хизмат қилиб келаётган ваъзгўйлар ва кашшофлар ҳам далдага муҳтож бўлишади. Нега улар оқсоқолларнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож? Сабаби, баъзида бундай маънан кучли кишилар ҳам, ушбу ёвуз дунё ўтказаётган босимдан руҳан эзилишади. Ҳатто Аллоҳнинг кучли хизматчилари ҳам ёрдамга муҳтож бўлишларини, шоҳ Довуд билан содир бўлган воқеадан кўришимиз мумкин.

«АБУШАЙ ДОВУДНИ ҲИМОЯ ҚИЛДИ»

13. а) Йишбибанўв Довуднинг қандай аҳволидан фойдаланмоқчи бўлди? б) Қандай қилиб Абушай Довудни қутқариб қолди?

13 Ёш Довуд шоҳ бўлиш учун мойланганидан кўп ўтмай, Рафа деган паҳлавон наслидан  бўлган Гўлиёт билан яккама-якка жангга чиқди. Жасоратли Довуд бу паҳлавонни ўлдирди (1 Шоҳ. 17:4, 48–51; 1 Сол. 20:5, 8). Йиллар ўтиб, филистларга қарши жангда Довуд бошқа бир паҳлавон билан юзма-юз келиб қолди. Унинг исми Йишбибанўв бўлиб, у ҳам Рафа наслидан эди (2 Шоҳ. 21:16, изоҳ). Лекин ўшанда, бу паҳлавон Довудни ўлдиришига сал қолди. Нега? Довуд жасоратини йўқотгани учун эмас, балки кучсиз бўлиб қолгани туфайли. Муқаддас Китобда: «Довуд жуда толиқиб қолди»,— дейилган. Унинг чарчаб қолганини пайқаб, «Йишбибанўв Довудни ўлдирмоқчи бўлди». У қиличини энди Довудга суқаман деб турганда, «Зеруя ўғли Абушай Довудни ҳимоя қилиб, ўша Филистни мағлуб қилиб ўлдирди» (2 Шоҳ. 21:15–17). Довуд бир ўлимдан қолди! Абушай Довудни назаридан қочирмай, дарҳол ёрдамга келиб, ҳаётини қутқариб қолганидан у қанчалар миннатдор бўлгандир-а! Бу воқеадан қандай сабоқ олсак бўлади?

14. а) «Гўлиёт» каби қийинчиликларни қандай енга оламиз? б) Қай йўсин оқсоқоллар қувончимиз ва кучимизни қайта тиклашга ёрдам беришлари мумкин? Мисол келтиринг.

14 Дунё бўйлаб Яҳованинг Шоҳидлари, Шайтон ва унинг издошлари турли қийинчиликлар туғдираётганига қарамай, хизматларини бажариб келишмоқда. Айримларимиз, ҳайбатли бўлиб туюладиган муаммоларга дуч келамиз. Лекин Яҳовага тўлиқ таянсак, бундай «Гўлиётларни» қулатиб, устидан ғалаба қозонамиз. Аммо, бу дунёнинг босимига тинмай қарши туриш, баъзида ҳолдан тойдириб, руҳан тушириши мумкин. Бу каби вазиятда, биз заифлашиб, илгари муваффақият ила курашиб келган босимга енгилиш хавфи остида қоламиз. Бундай пайтда, оқсоқоллар томонидан ўз вақтида берилган далда, қувончимиз ва кучимизни қайта тиклашга ёрдам бериши мумкин. Буни кўплар ўзларида ҳис этишган. Ёши 60 дан ошган кашшоф опамиз шундай деди: «Бир мунча вақт аввал, ўзимни ёмон ҳис қила бошладим ва хизматда чарчаб қоладиган бўлдим. Бир оқсоқол кучсизланиб қолганимни пайқаб, мендан ҳол-аҳвол сўради. Биз Муқаддас Китобга асосланиб, далдали суҳбат қурдик. У берган маслаҳатларни қўллаб, мен фойда топдим». Ўша опамиз яна: «Бу оқсоқол менинг заиф аҳволимни тушуниб, менга меҳр ила ёрдам берди»,— деб айтди. Дарҳақиқат, бизларни меҳр ила кузатиб турган ва Абушай каби ҳимоя қилишга тайёр бўлган оқсоқолларимиз борлигидан нақадар хурсандмиз!

«СИЗЛАРНИ... СЕВГАНИМНИ БИЛИНГЛАР»

15, 16. а) Нега Павлусни имондошлари жудаям яхши кўришган? б) Нима учун биз ғамхўр оқсоқолларимизни севамиз?

15 Чўпонлик қилиш осон иш эмас. Баъзан оқсоқоллар Худонинг суруви учун ибодат қилиб ёки имондошларини маънан қўллаб-қувватлаш учун тунлари ухламай чиқишади (2 Кор. 11:27, 28). Шундай бўлса-да, улар Павлус сингари вазифаларини тўлиқ ва мамнуният ила бажариб келишмоқда. У коринфликларга: «Сизлар учун мен бор-йўғимни бажонидил сарфлайман, ҳатто ўзимни ҳам аямайман»,— деб ёзган (2 Кор. 12:15). Ҳақиқатан ҳам, биродарларини севгани учун, Павлус уларни қўллаб-қувватлаш ниятида ҳатто ўзини ҳам аямаган (2 Коринфликларга 2:4 ни ўқинг; Филип. 2:17; 1 Салон. 2:8). Мана шунинг учун ҳам, биродарлар Павлусни жудаям яхши кўришган! (Ҳавор. 20:31–38).

16 Биз Тангрининг хизматчилари, ғамхўр оқсоқолларимизни яхши кўрамиз ва бизни қўллаб-қувватлаш ниятида улардан фойдаланаётгани учун Яҳовадан миннатдормиз. Улар бизга шахсан қизиқиш кўрсатиш билан, қувончимизга қувонч қўшиб келишмоқда. Уларнинг далдали ташрифларини ўта қадрлаймиз. Боз устига, улар бу дунёнинг босимига дош бера олмай қолганимизда, бизга ёрдам қўлини чўзишга тайёр эканликлари учун мингдан-минг раҳмат. Ҳа, бундай диққатли оқсоқоллар чиндан ҳам бизларга «қувонч келтирадиган хизматдошлардир».

^ 5- х.б. Ўша биродару опа-сингилларимизга: «Оқсоқолларда қайси фазилатни кўпроқ қадрлайсиз?» — деган савол ҳам берилди. Улардан аксарияти, меҳрибон ва бемалол мурожаат қилса бўладиган оқсоқолларни, деб айтишди. Бошқа мақолада, нега оқсоқоллар бундай бўлишлари муҳим эканини билиб оламиз.

^ 6- х.б. Аюб 33:1: «Эй Аюб, энди менинг сўзларимни эшитинг, ҳамма гапларимга қулоқ солинг».