Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Жасоратли бўлинг, Яҳова сиз биландир!

Жасоратли бўлинг, Яҳова сиз биландир!

Жасоратли ва дадил бўл... Худойинг Яҳова сен биландир. ЁШУА 1:9, ЯДТ

1, 2. а) Қайси фазилатлар қийинчиликларни енгишимизга ёрдам беради? б) Имон бу нима? Мисол келтиринг.

ЯҲОВАГА хизмат қилиш бизга қувонч бахш этяпти. Бироқ бутун инсоният каби, биз ҳам қийинчиликларга дуч келяпмиз. Шунингдек, «одиллик учун азоб чекишимиз» мумкин (1 Бутр. 3:14; 5:8, 9; 1 Кор. 10:13). Бундай қийинчиликларни муваффақият ила енгишимиз учун, имон ва жасоратга эга бўлишимиз керак.

2 Имон бу нима? Ҳаворий Павлус шундай деб ёзган: «Имон — бу умид қилаётган нарсалар амалга ошишидан шубҳаланмасликдир. Гарчи бу нарсалар кўринмайдиган бўлса ҳам, бу нарсалар чин эканига амин бўлишдир» (Иброн. 11:1). Юнон тилидан «амалга ошишидан шубҳаланмаслик» деб таржима қилинган ибора, кўпинча бизнесга оид ҳужжатларда учраб, келажакда муайян нарсага эга бўлишнинг гарови деган маънони англатади. Шу каби, Худонинг ваъдалари келажакда бажо бўлишига ишонадиган одамлар учун, уларнинг умиди амалга ошиши кафолатланган. Имонимиз, Аллоҳнинг ваъдалари амалга ошишини кўришимизга ва ҳатто бу нарсалар кўринмайдиган бўлса ҳам, Муқаддас Китобдаги барча нарса ҳақиқат эканига аминлик қўшяпти.

3, 4. а) Жасорат фазилати қандай маънога эга? б) Имонимизни мустаҳкамлаб, жасоратлироқ бўлишимизнинг усулларидан бири қайси?

3 Жасорат фазилати, қаршилик ва хавф-хатарга рўбарў келганимизда, қўрқмай гапиришимизга ва ҳаракат қилишимизга куч бахш этади. Агар жасоратли бўлсак, кучли, дадил ва ҳатто ишонаётган нарсаларимиз учун азоб чекишга тайёр бўламиз (Марк 6:49, 50; 2 Тим. 1:7).

4 Барчамиз имон ва жасоратга эга бўлишни хоҳлаймиз. Аммо янада жасоратлироқ ва имонимиз мустаҳкамроқ бўлишига муҳтож эканимизни ҳис қилишимиз мумкин. Муқаддас Китобда, ушбу фазилатларни  намоён этган минглаб кишиларнинг мисоллари мавжуд. Шундай экан, имонимизни мустаҳкам қилиб, жасоратлироқ бўлишимизнинг усулларидан бири, мана шу мисолларнинг айримларини кўриб чиқишдир.

ЯҲОВА ЁШУА БИЛАН БЎЛГАН

5. Исроилликларнинг йўлбошчиси бўлиш учун, Ёшуага нима зарур эди?

5 Келинг, деярли 3 500 йил аввал юз берган воқеаларга назар ташлайлик. Бу ҳодисалар, Яҳова миллионлаб исроилликларни Миср асирлигидан қутқариб олганидан 40 йил ўтиб содир бўлган. Ўшанда, Мусо пайғамбар уларнинг йўлбошчиси эди. У Наво тоғининг чўққисига чиқиб, ваъда қилинган юртни узоқдан кўрганида, 120 ёшда эди. Бу тоғнинг чўққисида у оламдан ўтган. Ундан кейин, «донолик руҳи билан тўлган» Ёшуа Исроил халқининг йўлбошчиси бўлган (Қонун. 34:1–9). Исроилликлар Канъон юртини забт этишга тайёр эдилар. Ёшуага, бу ишда уларнинг йўлбошчиси бўлиш учун, Худонинг донолиги керак эди. Боз устига, ундан Яҳовага ишониб, жасоратли ва кучли бўлиш талаб этиларди (Қонун. 31:22, 23).

6. а) Ёшуа 23:6 га биноан, нима қилишга жасоратли бўлишимиз керак? б) Ҳаворийлар 4:18–20 ва Ҳаворийлар 5:29 дан қандай сабоқ оляпмиз?

6 Ёшуанинг намоён этган донолиги, жасорати ва имони, Канъон юртини босиб олиш учун узоқ вақт давомида жанг қилган исроилликларни мустаҳкамлаши керак эди. Улардан нафақат жангда, балки Ёшуанинг топшириқларини бажаришда ҳам жасоратли бўлиш талаб этиларди. Ҳаётининг охирида, у Исроил халқига қуйидагиларни айтган: «Мусонинг Таврот китобида ёзилган барча қонунлардан четга чиқманглар. Уларни битта ҳам қолдирмай бажаринглар» (Ёшуа 23:6). Биз ҳам, Яҳовага доим бўйсунишимиз учун жасоратли бўлишимиз лозим. Бу, бизни Тангрининг иродасига қарши бирон ишга қўл уришга мажбурлашган вазиятларни ҳам ўз ичига олади (Ҳаворийлар 4:18–20; 5:29 ни ўқинг). Агар Яҳовага ибодат ила таянсак, У бизга шу каби жасоратга эга бўлишимизга ёрдам беради.

ҚАЙ ЙЎСИН ИШЛАРИМИЗ ЎНГИДАН КЕЛИШИ МУМКИН?

7. Ёшуа жасорат ила йўл тутиши ва ишлари ўнгидан келиши учун нима қилиши керак эди?

7 Аллоҳнинг иродасини бажариш учун жасоратга эга бўлишимиз керак. Бунинг учун эса, Унинг Каломини тадқиқ қилиб, унга амал этишимиз лозим. Ёшуа Мусодан кейин йўлбошчи бўлганидан сўнг, Яҳова унга шундай деган: «Дадил ва ботир бўлишинг керак, Мен қулим Мусо орқали буюрган қонунларнинг ҳаммасини битта қолдирмай бажаргин... Таврот китобида ёзилганлар тилингдан тушмасин, уларни битта қолдирмай бажаришинг учун кечаю кундуз улар ҳақида фикр юритгин. Шунда ишларинг юришиб, ўнгидан келади» (Ёшуа 1:7, 8). Ёшуа бу маслаҳатга қулоқ солди ва унинг ишлари ўнгидан келди. Агар биз ҳам шундай йўл тутсак, Худонинг хизматида янада жасоратли бўлиб, ишларимиз ўнгидан келади.

8. Ушбу 2013- йил учун қайси оят танланди ва нега бу айни муддао?

8 Ёшуа Яҳованинг мана шу сўзларини эшитганда, далда олган бўлиши мумкин: «Мен сенга: “Жасоратли ва дадил бўл”,— деб амр берганим ёдингдами? Шундай экан, қўрқма ва ваҳимага тушма, чунки қаерга бормасанг ҳам, Худойинг Яҳова сен биландир» (Ёшуа 1:9, ЯДТ). Яҳова биз билан  ҳам бирга. Шунинг учун, келинг, қийинчиликларимиз бўлса ҳам қўрқмайлик ва ваҳимага тушмайлик. Айниқса, қуйидаги сўзлар эътиборимизга лойиқ: «Жасоратли ва дадил бўл... Худойинг Яҳова сен биландир». Ёшуа 1:9 даги мазкур сўзлар, 2013- йил учун йиллик оят деб танланди. Бу оят, имон ва жасоратни намоён этган кишиларнинг сўзлари ҳамда ишлари каби, бизга ойлар мобайнида куч бахш этиб келади.

УЛАР ХУДОНИНГ ИРОДАСИНИ БАЖАРИШНИ ЖАСОРАТ ИЛА ТАНЛАШГАН

9. Қай йўсин Раҳоба имон ва жасоратни намоён этган?

9 Ёшуа иккита айғоқчини Канъон юртига юборганда, Раҳоба исмли фоҳиша уларни яшириб, уларнинг душманларини йўлдан адаштириб юборган. У имон ва жасоратга эга бўлгани учун, исроилликлар Ерихо шаҳрини вайрон қилишганда, ўзини ва уйдагиларини сақлаб қолган (Иброн. 11:30, 31; Ёқб. 2:25). Шубҳасизки, Раҳоба ахлоқсиз ҳаёт тарзини ўзгартиргани учун Яҳовага маъқул келган. Масиҳий бўлганларнинг айримлари ҳам Яҳовага маъқул келиш учун, имон ва жасоратга эга бўлиб, ҳаёт тарзларини ўзгартиришган.

10. Қайси вазиятда Рут ҳақ топиниш тарафдорига айланди ва натижада қандай баракаларга эришди?

10 Ёшуанинг ўлимидан сўнг яшаган мўаблик Рут, жасорат ила ҳақ топиниш тарафдорига айланди. Рут Яҳова ҳақида муайян билимга эга бўлгандир, чунки у исроиллик кишига турмушга чиққан эди. Унинг Наима исмли бева қайнонаси Мўаб юртида яшарди, лекин у Исроилдаги Байтлаҳм шаҳрига кўчиб кетиш қарорига келди. Йўлда кетаётиб, Наима Рутни ўзининг Мўаб юртига қайтишга ундади, аммо у шундай деди: «Сиздан ажралишга, қайтиб кетишга мени мажбур қилманг... Сизнинг халқингизни ўзимнинг халқим, сизнинг Худойингизни ўзимнинг Худойим дейман» (Рут 1:16). Вақт ўтгач, Рут Наиманинг Боз исмли қариндошига турмушга чиқди. Улар ўғил кўришди ва кейинчалик ундан Довуд ҳамда Исо келиб чиқди. Ҳа, Яҳова имон ва жасоратни намоён этадиган кишиларга баракаларини ёғдиради (Рут 2:12; 4:17–22; Мат. 1:1–6).

КЎПЛАР ЎЗ ҲАЁТИНИ ХАВФ ОСТИГА ҚЎЙИШГАН

11. Ёҳуйидо ва Ёҳушева қай йўсин жасоратни намоён этишди ва бу билан нима амалга ошди?

11 Аллоҳ, имондошларининг манфаати ва қизиқишларини ўзиникидан устун қўйган кишилар билан бўлганини кўрганимизда, имонимиз мустаҳкамланиб, жасоратга тўламиз. Олий руҳоний Ёҳуйидо ва унинг хотини Ёҳушеванинг мисолини олайлик. Шоҳ Охазиёнинг ўлимидан кейин, унинг онаси Оталиё Йўшдан ташқари шоҳнинг барча фарзандларини ўлдириб, ўзи тахтга ўтиради. Ёҳуйидо ва Ёҳушева Охазиёнинг ўғли Йўшни олти йил давомида яшириб юришади. Еттинчи йили эса, Ёҳуйидо Йўшни шоҳ этиб эълон қилади ва Оталиёни ўлимга маҳкум этади (4 Шоҳ. 11:1–16). Кейинчалик Ёҳуйидо маъбадни тиклашда Йўшни қўллаб-қувватлайди. Ёҳуйидо 130 ёшда оламдан ўтади. «У Исроил халқи, Худо ва Худонинг уйи учун қилган хизматлари эвазига Довуд қалъасида шоҳлар ёнига дафн қилинади» (2 Сол. 24:15, 16). Ёҳуйидо ва унинг хотини жасорат ила йўл тутишгани туфайли, кейинчалик Масиҳ келиб чиқиши керак бўлган шоҳ сулоласи сақлаб қолинди.

12. Обидмалек қандай қилиб жасоратни намоён этган?

12 Шоҳ Зидқиёнинг саройидаги Обидмалек исмли хизматчи, Еремиё учун ўз ҳаётини хавф остига қўйган. Яҳудо шаҳзодалари шоҳнинг ёнига бориб, Еремиё жангчилар ва одамларнинг руҳини тушираётгани учун, уни ўлдириш ниятида сардобадаги балчиққа ташлашни сўрашган (Ерм. 38:4–6). Еремиёдан нафратланадиган одамлар кўп бўлишига қарамай, Обидмалек бу пайғамбарнинг манфаатини кўзлаб, шоҳ Зидқиёнинг олдига боради. Шоҳ, Еремиёни қўйиб юборишга рози бўлиб, уни  балчиқдан чиқариш учун Обидмалек билан бирга 30 кишини юборади. Шунда, Аллоҳ пайғамбари орқали Обидмалекка, бобилликлар Қуддусга ҳужум қилишганда, омон қолишини ваъда қилади (Ерм. 39:15–18). Ҳа, Худонинг йўлида намоён этилган жасорат мукофотланади.

13. Учта иброний йигит қандай қилиб жасоратни намоён этган ва уларнинг мисолидан қандай фойда олишимиз мумкин?

13 Мил. авв. еттинчи асрда, Яҳованинг учта иброний хизматчиси имон ва жасоратни намоён этишгани учун мукофотланишган. Шоҳ Навухадназар Бобилдаги амалдорларни йиғиб, улардан ўрнатилган олтин ҳайкалга сиғинишларини талаб қилган. Бундай йўл тутмаган одам оловли чуқурликка ташланиб, ўлдирилиши керак эди. Ўша учта иброний йигит Навухадназарга шундай дейишган: «Биз сиғинадиган Худо бизни оловли чуқурликдан ҳам, сизнинг қўлингиздан ҳам қутқаришга қодир. Аммо У бизни қутқармаган тақдирда ҳам, билиб қўйингки, эй, шоҳ ҳазратлари, биз ҳеч қачон худоларингизга сиғинмаймиз, сиз ўрнатган олтин ҳайкалга ҳам сажда қилмаймиз» (Дон. 3:16–18). Уларнинг мўъжизавий тарзда омон қолишгани, Дониёр 3:19–30 да баён этилган. Гарчи бизда оловли чуқурликда ўлиш хавфи бўлмаса-да, содиқ қолишда синовларга дуч келяпмиз. Худо, имонимиз ва жасоратимиз учун бизга барака беришига амин бўлишимиз мумкин.

14. Дониёр 6- бобга кўра, пайғамбар қай йўсин жасорат ила йўл тутган ва натижаси қандай бўлган?

14 Дониёрнинг душманлари шоҳ Дорога, пайғамбарга зарар келтирадиган фармон чиқариши учун босим ўтказишган. Улар шоҳга шундай дейишган: «Ҳамма одам ўттиз кун мобайнида фақатгина сизга сажда қилсин. Кимки бошқа бир худо ёки одамга сажда қилса, шерлар уясига ташлансин». Лекин пайғамбар имон ва жасоратни намоён этган. «Дониёр фармон имзоланганлигини била туриб уйига борди. Болохонасига чиқиб, ҳар доим қилганидай, кунига уч маҳал тиз чўкиб Худога илтижо қилди, Уни мадҳ этиб улуғлади. Болохонанинг деразалари эса Қуддус томон очилган эди» (Дон. 6:6–10). Дониёр шерлар уясига ташланди, лекин Яҳова уни қутқариб қолди (Дон. 6:16–23).

15. а) Акила билан Прискилла имон ва жасоратни намоён этишда қандай ибрат кўрсатишган? б) Юҳанно 13:34 даги Исонинг сўзлари нимани англатади ва кўп масиҳийлар шу каби севгини қай йўсин кўрсатишяпти?

15 Муқаддас Китобдан, Акила ва Прискилла ҳаворий Павлуснинг жонини сақлаб қолиш учун ўзларини хавф остига қўйишганини билиб оляпмиз (Ҳавор. 18:2; Рим. 16:3, 4). Улар Исонинг қуйидаги сўзларига мувофиқ жасорат ила йўл тутишган: «Мен сизларга янги амр беряпман: бир-бирингизни севинглар. Мен сизларни севганимдек, сизлар  ҳам бир-бирингизни севинглар» (Юҳан. 13:34). Мусонинг Қонуни ҳам, одамдан ўзгани ўзини севгандай севишни талаб этарди (Лев. 19:18). Бироқ нега Исонинг амри «янги» бўлган? Сабаби бу амр биздан, Исо каби ўзгалар учун ҳаётимизни беришга тайёр бўлиб, шу билан севгимизни намоён этишни талаб этади. Кўп масиҳийлар, имондошларини шафқатсиз муносабатдан ёки душманлар томонидан ўлдирилишдан ҳимоя қилиб, жасорат ила ўзларини хавф остига қўйишгани билан севгини кўрсатиб келишяпти (1 Юҳанно 3:16 ни ўқинг).

Илк масиҳийлар Рим императорига топинишдан воз кечишган

16, 17. Илк масиҳийларнинг имони қандай синалган ва буни, бизнинг кунларимиздаги масиҳийларнинг айримлари дуч келган синовлар билан қай йўсин солиштирса бўлади?

16 Исо каби, илк масиҳийлар фақатгина Яҳовага жасорат ила топинишган (Мат. 4:8–10). Ўшанда, Рим императорини шарафлаш ниятида тутатқи куйдириларди, лекин улар бундан бош тортишган (расмга қ.). Тарихчи Дэниел Манникс ўз китобида ёзишича, олов ёниб турган қурбонгоҳни одатда майдонда ўрнатишарди. Барча маҳбуслар оловга бир қанча тутатқини ташлашлари керак эди ва шундан сўнг уларга ҳужжат берилиб, озод қилинишарди. Уларга бу, императорга топиниш эмас, шунчаки Рим императорини худо деб тан олишни англатишини тушунтиришарди. Шундай бўлса-да, масиҳийларнинг фақат айримлари бу таклифга рози бўлишган («Those About to Die»).

17 Нацистларнинг концлагерларидаги масиҳийларга, Яҳовага топинишдан бош тортиш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекиш билан озод этилиш ва ўлимдан халос бўлиш имкони бир неча марта берилганди. Лекин улардан фақатгина бир нечтаси бундай имзо қўйишган. Руандада содир бўлган қирғинчилик пайтида тутси ва хуту қабилаларидан бўлган Яҳованинг Шоҳидлари ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб, бир-бирларини ҳимоя қилишган. Шунга ўхшаш қийинчиликларда жасорат ҳамда имон керак бўлади.

УНУТМАНГ, ЯҲОВА БИЗ БИЛАН!

18, 19. Муқаддас Китобдаги имон ва жасоратни намоён этган кишиларнинг қайси мисоллари, ваъзгўйлик ишини бажаришимизга кўмаклашади?

18 Бугунги кунда биз, Худо Ўз хизматчиларига топширган улкан бир фаолиятда, яъни Шоҳлик хабарини эълон этиш ва шогирд тайёрлаш ишида қатнашиш шарафига эгамиз (Мат. 24:14; 28:19, 20). Исонинг тенги йўқ мисоли учун ниҳоятда миннатдормиз! У «шаҳару қишлоқлар бўйлаб Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилиб юрган» (Луқо 8:1). Исо каби, биз ҳам Шоҳлик хабарини ваъз қилиш учун имон ва жасоратга эга бўлишимиз даркор. Аллоҳнинг кўмаги билан биз ҳам, тўфонда қирилиб кетиши керак бўлган бетавфиқлар орасида «адолат йўлини хабарлаб юрган» Нуҳ сингари жасоратли бўлишимиз мумкин (2 Бутр. 2:4, 5).

19 Ибодат, ваъзгўйлик ишини бажаришимизга ёрдам беради. Исонинг баъзи издошлари қувғинларга дуч келганда, «Тангрининг каломини жасорат билан гапириш» учун ибодат қилишган ва уларнинг дуолари ижобат бўлган (Ҳаворийлар 4:29–31 ни ўқинг). Борди-ю, уйма-уй хизмат қилишга қўрқаётган бўлсангиз, Яҳова имон ва жасорат сўраб, қилган ибодатларингизга жавоб беради (Забур 65:19, 20 ни ўқинг) *.

20. Яҳованинг хизматчилари сифатида қандай ёрдамга эгамиз?

20 Ушбу ёвуз ва нотинч дунёда Худонинг иродасини бажариш осон эмас. Бироқ биз ёлғиз эмасмиз. Аллоҳ биз билан. Унинг Ўғли жамоат Бошидир. Бунинг устига, бутун дунёда 7 000 000 дан ортиқ имондошимиз бор. Келинг, улар билан бирга 2013- йил учун танланган қуйидаги оятни эсда сақлаб, имонимизни намоён этайлик ва хушхабарни эълон қилайлик: «Жасоратли ва дадил бўл... Худойинг Яҳова сен биландир» (Ёшуа 1:9, ЯДТ).

^ 19- х.б. «Қўриқчи минораси»нинг 2012- йил 15- февраль сонидаги «Дадил ва ботир бўлинг» номли мақолада, жасоратни намоён этган кишиларнинг кўпгина мисоллари мавжуд.

2013- йилнинг ояти: «Жасоратли ва дадил бўл... Худойинг Яҳова сен биландир». Ёшуа 1:9, ЯДТ