Муқаддас руҳ сизни етаклаб боришига йўл қўйяпсизми?
Муқаддас руҳ сизни етаклаб боришига йўл қўйяпсизми?
Сенинг олиҳиммат Руҳинг равон ерлардан мени етаклаб борар. ЗАБ. 142:10
1, 2. а) Яҳова хизматчиларининг фойдасини кўзлаб қайси вазиятларда муқаддас руҳидан фойдаланади? б) Муқаддас руҳнинг таъсири чекланганми? Тушунтиринг.
МУҚАДДАС РУҲНИНГ таъсири ҳақида ўйлаганингизда нималар хаёлингизга келади? Гидўн ва Шимшўннинг қудратли ишларини эслайсизми? (Ҳак. 6:33, 34; 15:14, 15). Эҳтимол, илк масиҳийларнинг жасорати ёки Олий Кенгаш олдида ўзини хотиржам тутган Стефан кўз олдингизга келар (Ҳавор. 4:31; 6:15). Ҳозирги пайтда халқаро анжуманлардаги чексиз қувонч, бетарафлиги туфайли қамоқда ўтирган биродарларимизнинг садоқати ҳамда воизлик ишининг кенг кўламда олиб борилаётгани ҳақида нима деса бўлади? Бу мисоллар, муқаддас руҳ таъсир қилаётганини яққол кўрсатиб турибди.
2 Муқаддас руҳ фақатгина муайян вазиятларда ёки ўзгача шароитларда таъсир қиладими? Йўқ. Ахир Худонинг Каломида айтилишича, масиҳийлар «муқаддас руҳга мувофиқ йўл тутишяпти», «муқаддас руҳга яраша умр кечиришяпти» (Галат. 5:16, 18, 25). Ушбу иборалардан кўриб турибмизки, муқаддас руҳ ҳамиша бизнинг ҳаётимизга таъсир қилар экан. Фикримизни, нутқимизни ва хатти-ҳаракатларимизни муқаддас руҳи орқали ҳар куни бошқариши учун, Яҳовадан илтижо қилиб сўрашимиз даркор (Забур 142:10 ўқинг). Ушбу руҳ ҳаётимизга таъсир ўтказишига йўл қўйсак, бу Аллоҳга шараф, бошқаларга эса ором берадиган самаралар келтиради.
3. а) Нега муқаддас руҳ бизни етаклаб боришига муҳтожмиз? б) Қандай саволларни муҳокама қиламиз?
3 Муқаддас руҳ бизни етаклаб бориши нега шунчалик муҳим? Чунки бошқа бир куч бизни ўзига бўйсундириб, муқаддас руҳнинг таъсирига қарши чиқишга интилади. Ушбу куч Муқаддас Китобда «тана истаклари» деб аталган бўлиб, номукаммал танамизнинг гуноҳга мойиллигини назарда тутади. Номукаммалликни эса биз аждодимиз Одаматодан мерос қилиб олганмиз (Галатияликларга 5:17 ўқинг). Унда Аллоҳнинг муқаддас руҳи бизни етаклаб бориши нима дегани? Гуноҳли танамизнинг мойилликларига қарши туриш учун қандай қадамлар қўйсак бўлади? Келинг, бунинг учун «муқаддас руҳнинг самараси», яъни «узоқ сабрлилик, меҳрибонлик, ҳиммат, имон, мулойимлик ва ўзини тута билиш» каби фазилатларни муҳокама қилайлик (Галат. 5:22, 23).
Мулойимлик ва узоқ сабрлилик жамоатда тинчлик бўлишига кўмаклашади
4. Мулойимлик ва узоқ сабрлилик фазилатлари жамоатда тинчлик бўлишига қандай ҳисса қўшади?
4 Колосаликларга 3:12, 13 ўқинг. Мулойимлик ва узоқ сабрлилик фазилатлари жамоатда тинчлик бўлиши учун гўё бирга ҳамкорлик қилишади. Бу иккала хислат бошқалар билан юмшоқ муомала қилишга, иғволи гап-сўз айтилганда хотиржамликни сақлашга ва бошқалар ёмон гап айтса ёки қабиҳ иш қилса, уларга ҳам шундай жавоб қайтармасликка ёрдам беради. Борди-ю имондошимиз билан гапимиз қочиб қолса, узоқ сабрлилик ёки чидам фазилати ундан кўнглимиз қолмаслигига ҳамда тинчликни қайта тиклашга кўмаклашади. Нега мулойимлик ва узоқ сабрлилик бунчалик муҳим? Чунки ҳаммамиз номукаммалмиз.
5. Павлус билан Барнабо орасида нима юз берган ва бу нимани таъкидлайди?
5 Павлус билан Барнабо орасида нима бўлганини кўриб чиқайлик. Улар йиллар давомида хушхабарни ёйишда елкама-елка хизмат қилишган. Иккаласи ҳам мақтовга арзигулик фазилатларга эга бўлган. Аммо бир сафар «улар қаттиқ тортишиб қолишди-да, бир-биридан айрилишди» (Ҳавор. 15:36–39). Ушбу воқеа, ҳатто Тангрининг садоқатли хизматчилари орасида ҳам гоҳида келишмовчиликлар юз бериб туришини таъкидлайди. Агар имондош билан тушунмовчилик юз берса, гап талашишнинг олдини олиш ниятида ва муносабатларга путур етмаслик мақсадида масиҳий нима қилиши мумкин?
6, 7. а) Имондошимиз билан суҳбатлашганда қизишиб кетмаслик учун Муқаддас Китобдаги қайси маслаҳатга риоя қилсак бўлади? б) Тинглашга тайёр бўлиш, сўзлашга ва ғазабланишга шошилмаслик қандай фойда келтиради?
6 Павлус билан Барнабо орасидаги келишмовчилик тўсатдан пайдо бўлиб, «қаттиқ тортишиб қолишларига» олиб келган. Агар масиҳий имондоши билан бирор масалани муҳокама қилаётганда қизишиб кетаётганини сезса, Ёқуб 1:19, 20 даги мана бу сўзларга қулоқ тутса оқилона бўлади: «Ҳар бир киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга ва ғазабланишга эса шошилмасин. Чунки ғазабга бериладиган одам, Аллоҳ талаб этган адолатга мувофиқ йўл тута олмайди». Вазиятга қараб бундай киши мавзуни ўзгартириши, суҳбатни кейинга қолдириши ёки қизишиб кетмай туриб ўзи кечирим сўраши мумкин (Ҳик. 12:16; 17:14; 29:11).
7 Ушбу маслаҳатга амал қилиб қандай фойда олса бўлади? Тинчланиб олиш учун вақт ажратиб, ўша масала ҳақида ибодат қилиб ҳамда қандай жавоб беришни ўйлаб кўриб, масиҳий Худонинг руҳи уни етаклаб боришига йўл қўяди (Ҳик. 15:1, 28). Муқаддас руҳнинг таъсири остида киши мулойимлик ва узоқ сабрлилик фазилатларини намоён эта олади. Шу йўсин у, Эфесликларга 4:26, 29 да ёзилган маслаҳатларга риоя қилади: «Ғазабланиб, гуноҳ қилманглар. [...] Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин тингловчиларга фойда келтириш учун, зарур бўлганда уларни мустаҳкамлайдиган эзгу сўзларни гапиринглар». Дарҳақиқат, мулойимлик ва узоқ сабрлилик хислатларига буркансак, жамоатда тинчлик ва бирлик бўлишига ҳисса қўшамиз.
Меҳр ва ҳиммат кўрсатиб, оилангизга тетиклик бахш этинг
8, 9. Меҳрибонлик ва ҳиммат қандай фазилат ва улар уйда қандай муҳит яратишга ёрдам беради?
8 Эфесликларга 4:31, 32; 5:8, 9 ўқинг. Жазирама кунда енгил шабада ва муздек сув ёқимли бўлганидек, меҳр ва ҳиммат ҳам тетиклик бахш этади. Ушбу хислатлар оилада ёқимли муҳит яратишга ёрдам беради. Меҳрибонлик жозибадор фазилат бўлиб, бошқаларга самимий қизиқиш кўрсатиш билан боғлиқ. Бундай қизиқиш ёрдам қўлини чўзганда ва ўйлаб айтилган сўзларда намоён бўлади. Ҳиммат фазилати ҳам меҳрга ўхшаб кетади. Ушбу ижобий хислат бошқаларнинг манфаати учун қилинган ишларда кўринади. Сахийлик ҳам бу фазилатга хосдир (Ҳавор. 9:36, 39; 16:14, 15). Аммо ҳиммат ўз ичига янада кўпроқ нарсани олади.
9 Ҳиммат — бу юқори ахлоқий фазилатдир. Унга нафақат қилган ишимиз, балки жуда муҳим ҳисобланган қандай шахс эканимиз ҳам киради. Буни яхши пишган, ичи ва ташида нуқсони бўлмаган мевага ўхшатиш мумкин. Ҳиммат фазилати муқаддас руҳнинг самараси бўлиб, масиҳийнинг бутун ҳаёти давомида унга гўё ҳамроҳ бўлиши керак.
10. Оила аъзолар муқаддас руҳнинг самарасини ривожлантиришига нима ёрдам беради?
10 Масиҳийлар оилада бир-бирига меҳр ва ҳиммат кўрсатишига нима ёрдам беради? Худо Каломидаги аниқ билим муҳим аҳамиятга эга (Колос. 3:9, 10). Баъзи оила бошлари ҳар ҳафта ўтказиладиган оилавий топинишга муқаддас руҳ самарасини тадқиқ қилишни киритишади. Буни ташкил этиш қийин эмас. Она тилингизда тадқиқ қилишга мўлжалланган адабиётлардан, муқаддас руҳнинг самараси бўлган фазилатларга оид маълумотни топинг. Сўнг ҳар ҳафта бир нечта хат бошларини кўриб чиқиш мумкин. Қарабсизки, бир неча ҳафта ичида ҳамма хислатларни муҳокама қиласиз. Тадқиқ пайтида ҳавола қилинган оятларни ўқиб, муҳокама қилинг. Ўрганиб олганларингизга амал қилиш йўлларини изланг ва ҳаракатларингизга барака бериши учун Яҳовага ибодат қилинг (1 Тим. 4:15; 1 Юҳан. 5:14, 15). Бундай тадқиқ оила аъзоларининг бир-бирига бўлган муносабатини ўзгартирадими?
11, 12. Иккита художўй жуфтлик меҳрибонлик хислатини тадқиқ қилиб қандай фойда кўришди?
11 Янги турмуш қурган бир жуфтлик никоҳда бахтли бўлишни истаб, муқаддас руҳ самарасини чуқур тадқиқ қилишга бел боғлабди. Хўш, улар фойда кўришибдими? Хотини шундай фикр билдирди: «Меҳрибон бўлиш вафодорлик ва садоқатни ўз ичига олиши ҳақида билиб, бир-биримизга илгари қилган муносабатимизни анча ўзгартирдик. Биз ён беришни ва кечиришни ўргандик. Бундан ташқари “раҳмат” ва керак бўлганда “кечирасиз” дейишга одатландик».
12 Оилавий муаммоси бўлган бошқа бир эр-хотин эса муносабатларида меҳрибонлик етмаётганини тушунишибди. Улар ҳам меҳрибонлик фазилатини бирга тадқиқ этишга қарор қилишибди. Натижаси қандай бўлганини биласизми? Оила боши қуйидагиларни айтиб берди: «Меҳрибонлик ҳақида тадқиқ ўтказиш, бир-биримиздан шубҳаланмай, аксинча ишонишга ҳамда бир-биримизнинг манфаатимизни кўзлашга ёрдам берди. Энди биримиз бошқамизнинг эҳтиёжларига янада эътиборли бўла бошладик. Гарчи айтадиган гаплари мени хафа қилса-да, рафиқамни фикрини очиқ ифодалашга ундаш ҳам меҳр кўрсатишнинг белгиси экан. Бу, ғуруримни бир четга суриб қўйишим кераклигини англатарди. Оилавий ҳаётда меҳрибонлик фазилатини намоён этишни бошлаб, бир-биримизга заҳримизни сочмайдиган бўлдик. Бу бизни чиндан ҳам озод қилди». Сизнинг оилангиз ҳам муқаддас руҳ самарасини тадқиқ қилишдан фойда олиши мумкинми?
Ёлғиз қолганда имонни намоён этиш
13. Қандай хавфдан маънавийлигимизни ҳимоялашимиз лозим?
13 Масиҳийлар Худонинг руҳи уларни одамлар орасида бўлганда ҳам, ёлғиз қолганда ҳам етаклаб боришига йўл қўйишлари даркор. Бугун Шайтоннинг дунёсида жирканч тасвирлар ва бузилиб кетган ўйин-кулгилар болалаб кетмоқда. Бундай ҳолат маънавийлигимизга хавф туғдиради. Хўш, масиҳий ўзини қандай тутиши керак? Аллоҳнинг Каломида шундай маслаҳат бор: «Ҳар қандай ифлосликдан покланиб, ортиқча нарсадан — ёмонликдан фориғ бўлинглар ва жонларингизни қутқара оладиган каломнинг ичингизга экилишини мулойимлик билан қабул қилинглар» (Ёқб. 1:21). Келинг, муқаддас руҳнинг яна бир хислати бўлмиш имон, Яҳованинг назарида пок қолишимизга қандай ёрдам беришини кўриб чиқайлик.
14. Қандай қилиб имони сустлик ёмон ишларга қўл уришга олиб келади?
14 Агар чинакам имонга эга бўлсак, Яҳовани мавжуд шахс деб ҳисоблаймиз. Борди-ю, У мавжуд шахс эканига ишонмасак, биз осонгина ёмон ишларга қўл уришимиз мумкин. Келинг, қадим замонда Тангрининг халқи орасида нима юз берганини кўриб чиқайлик. Яҳова Ҳизқиё пайғамбарга Исроил оқсоқоллари ёлғиз қолганда, ички қоронғи хоналарда қандай жирканч ишлар қилишганини кўрсатган. Улар Яҳова бизни кўрмаяпти, юртимизни тарк этган, дея бутларга сиғинаётган эканлар (Ҳиз. 8:12). Муаммо нимада эканига эътибор бердингизми? Улар, Яҳова қилмишларидан хабардор эканига ишонишмаган. Чунки Уни мавжуд шахс деб билишмаган.
15. Яҳовага бўлган кучли имон бизни қандай ҳимоялайди?
15 Юсуфнинг мисоли эса бунинг аксидир. Оиласи, юртдошларидан узоқда бўлса-да, у Пўтифарнинг хотини билан зино қилмади. Бунинг сабаби қуйидаги сўзларида ифодаланган: «Қандай қилиб мен шу қадар қабиҳлик қилиб, Худога қарши гуноҳ қиламан?!» (Ибт. 39:7–9). Кўряпмизки Юсуф учун Тангри Яҳова мавжуд шахс бўлган. Агар Аллоҳ биз учун ҳам мавжуд шахс бўлса, нопок ўйин-кулгига ёки ёлғиз қолганда Уни ранжитадиган бирор ишга қўл урмаймиз. «Хонадоним ичра соф дилим ила юраман. Разил нарсани кўз ўнгимга келтирмайман», деган сано бастакори каби қарорга эга бўлайлик (Заб. 100:2, 3).
Ўзини тута билиш фазилати ёрдамида қалбингизни асранг
16, 17. а) Ҳикматлар китобида баён этилган «ақлсиз йигит» қандай қилиб гуноҳнинг тузоғига илинган? б) 26- саҳифадаги расмда тасвирланганидек, одам қайси ёшда бўлмасин шунга ўхшаш воқеа қандай содир бўлиши мумкин?
16 Ўзини тута билиш хислати ҳам муқаддас руҳ самараси бўлиб, Худо қоралаган нарсаларни рад этишни назарда тутади. У қалбимизни асрашга кўмаклашади (Ҳик. 4:23). Ҳикматлар 7:6–23 даги сўзларни кўриб чиқайлик. Оятларда, «бир ақлсиз йигит» фоҳишанинг макрига дош беролмагани баён этилган. Йигит «кўчадан ўтиб, зинокор аёлнинг уйи» олдидан кетаётганида тузоққа илинган. Эҳтимол, йигит қизиқувчанлигини қондириш мақсадида унинг уйи олдидан ўтишга қарор қилгандир. Кўз очиб-юмгунча, у ҳаётдан маҳрум этадиган йўлга қандай қадам қўйганини ўзи ҳам билмай қолган.
17 Қандай қилиб ўша йигит бундай ҳалокатли хатодан қочиши мумкин эди? «Ўша аёлнинг йўлига бурилмасин», деган огоҳлантиришга қулоқ солиши даркор эди (Ҳик. 7:25). Бу ерда биз учун бир сабоқ бор: агар Худонинг руҳи бизни етаклаб боришини хоҳласак, бизни васвасага соладиган вазиятлардан қочишимиз керак. Ўша дайдиб юрган «ақлсиз йигит» сингари, кимдир телевизор томоша қилаётиб бемақсад бир каналдан бошқасига кўчиб юради ёки Интернетда кезиб юради. У истайдими ёки йўқми, шаҳвоний ҳирсни қўзғатадиган тасвирлар ногаҳон пайдо бўлиши мумкин. Аста-секин у порнография томоша қилишдек нопок одат чиқариб, виждони ўтмаслашади ва Худо билан муносабатлари барбод бўлади. Бу ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин (Римликларга 8:5–8 ўқинг).
18. Масиҳий қалбини асраш ниятида қанақа чоралар кўриши мумкин ва бу ўзини тута билиш фазилати билан қандай боғлиқ?
18 Мабодо шаҳвоний ҳирсни қўзғатадиган тасвирларга дуч келиб қолсак, биз ҳам зудлик билан чоралар кўриб ўзимизни тута оламиз ва шундай қилишимиз шарт. Бундай вазиятлар пайдо бўлганда улардан четланиш нақадар яхши! (Ҳик. 22:3). Ҳимояланиш мақсадида муайян чоралар кўриш ва уларга риоя қилиш, ўзини тута биладиган инсон эканимиздан далолат беради. Бундай чораларга, компьютерни бошқалар кўрадиган жойга ўрнатиш киради. Айримлар компьютер ёки телевизорни бирор киши ёнида бўлгандагина томоша қилишни афзал кўришади. Бошқалар эса Интернетга уланмасликка қарор қилишади (Матто 5:27–30 ўқинг). Яҳовага «чин юракдан, пок виждондан ва риёдан холи имон» билан топина олишимиз учун, ўзимизни ва оиламизни имкон борича ҳимоялашга ҳаракат қилайлик (1 Тим. 1:5).
19. Муқаддас руҳ бизни етаклаб боришига йўл қўйсак, қандай фойда кўрамиз?
19 Муқаддас руҳнинг таъсири остида ҳосил бўлган самара кўп фойда келтиради. Мулойимлик ва узоқ сабрлилик жамоатда тинчлик бўлишига ҳисса қўшади. Меҳрибонлик ва ҳиммат эса оилаларга бахт келтиради. Имон ва ўзини тута билиш бўлса, Яҳовага яқин бўлиб, Унинг олдида покликни сақлашга кўмаклашади. Бундан ташқари, Галатияликларга 6:8 да шундай сўзлар бор: «Кимки муқаддас руҳга экса, муқаддас руҳдан мангу ҳаёт ўриб олади». Муқаддас руҳ уларни етаклаб боришига йўл қўйган кишиларга эса, Яҳова шу руҳдан фойдаланиб абадий ҳаётни ато этади. Буни Яҳова Масиҳнинг тўловига асосланиб амалга оширади.
Марҳамат қилиб, тушунтиринг
• Мулойимлик ва узоқ сабрлилик жамоатда тинчлик бўлишига қандай ҳисса қўшади?
• Масиҳийлар оилада меҳрибонлик ва ҳиммат фазилатларини намоён этишига нима ёрдам беради?
• Қандай қилиб имон ва ўзини тута билиш масиҳийга қалбини асрашга кўмаклашади?
[Тадқиқ учун саволлар]
[24- саҳифадаги расм]
Қандай қилиб гап талашишнинг олдини олиш мумкин?
[25- саҳифадаги расм]
Муқаддас руҳ самарасини тадқиқ қилиш оилангизга фойда келтиради
[26- саҳифадаги расм]
Имон ва ўзини тута билиш фазилатларини намоён этиб, қандай хатарлардан йироқлашамиз?