Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Муқаддас руҳ самараси Худони шарафлайди

Муқаддас руҳ самараси Худони шарафлайди

Муқаддас руҳ самараси Худони шарафлайди

Мўл-кўл ҳосил бериб... Отамни шарафлаган бўласиз. ЮҲАН. 15:8

1, 2. а) Бошқаларга далда бериш учун қандай имкониятларимиз бор? б) Хизматда қобилиятимизни ривожлантириш учун Яҳова қандай ҳадяни тақдим этган?

 ИККИТА мисолни олайлик. Ёши катта опамиз ёш синглимиз бир нарсадан ташвишланаётганини сезиб қолади. Шунда у синглимизни ваъзгўйлик хизматига таклиф қилади. Уйма-уй хизмат қилишаётганда, синглимиз уни ташвишга солаётган нарса билан бўлишади. Ўша куни, синглимиз ёши катта опамиз унга меҳр билан қизиқиш кўрсатгани учун, Яҳовага миннатдорчилигини ибодатда изҳор қилади. Чиндан ҳам бу ўз вақтида кўрсатилган ёрдам эди! Бошқа мисолда эса, бир жуфтлик чет элда хизмат қилиб қайтган экан. Бир ўтиришда, улар бўлган воқеаларни айтиб беришаётганда, ёш биродаримиз диққат билан уларни тинглаб ўтирибди. Анча йилдан сўнг, ўша биродаримиз ўзи ҳам чет элда хизмат қилишга тайёргарлик кўраётиб, унда бундай хоҳишни уйғотган ҳалиги жуфтликни ва уларнинг суҳбатини эслабди.

2 Эҳтимол, ҳаётингизга ўзгаришлар киритган бирор кишини ёки сиз кимнингдир ҳаётига таъсир қилганингизни ёдга оларсиз. Албатта, фақатгина суҳбатнинг ўзи кимнингдир ҳаётини ўзгартиргани камдан-кам учрайди. Лекин бошқаларга далда бериб, уларни мустаҳкамлаш ҳар куни қўлимиздан келади. Масалан, қобилияту фазилатларингизни ривожлантириб, сизни имондошларингиз учун янада фойдали ва Аллоҳнинг хизматига янада лаёқатли қиладиган бир нарса бор дейлик. Наҳотки, бу ажойиб бўлмаса?! Айнан Яҳова бундай ҳадяни — муқаддас руҳини бизга тақдим этмоқда (Луқо 11:13). Худонинг руҳи ҳаётимизга таъсир қилиб, хизматимизнинг ҳар бир соҳасида маҳоратимизни ошириш учун бизда яхши-яхши фазилатларни ўстиради. Қандай ажойиб ҳадя, шундай эмасми?! (Галатияликларга 5:22, 23 ўқинг).

3. а) «Муқаддас руҳ самарасини» ривожлантириб, қандай қилиб Худони шарафлашимиз мумкин? б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

3 Муқаддас руҳ ёрдамида ривожлантираётган фазилатлар ушбу руҳнинг Манбаи бўлмиш Худованд Яҳованинг шахсиятини акс эттиради (Колос. 3:9, 10). Масиҳийлар нега Аллоҳга тақлид қилишлари муҳимлигини Исо ҳаворийларига гапирганда: «Мўл-кўл ҳосил бериб... Отамни шарафлаган бўласиз»,— деб айтган * (Юҳан. 15:8). «Муқаддас руҳ самарасини» ривожлантираётганимиз гапларимиз ва хатти-ҳаракатларимизда кўринади. Бу ўз навбатида Худога шараф келтиради (Мат. 5:16). Ушбу самара Шайтон дунёсига хос сифатлардан қай тарзда фарқ қилади? Муқаддас руҳ самарасини қандай ривожлантирсак бўлади? Нега буни қилиш қийин бўлиши мумкин? Муқаддас руҳ самарасининг учта, яъни севги, севинч ва тинчлик фазилатларини муҳокама қилаётиб, бу саволларни кўриб чиқамиз.

Тангрининг севгисини акс эттирувчи севги

4. Исо издошларини қандай севгини намоён этишга ундаган?

4 Муқаддас руҳ самараси бўлмиш севги, бу дунёдаги севгидан умуман фарқ қилади. Чунки у Тангрининг севгисини акс эттиради. Исо Тоғдаги ваъзида бу фарқни айтиб ўтганди (Матто 5:43–48 ўқинг). У айтганидай, ҳатто гуноҳкорлар ҳам ўзгаларнинг муносабатига яраша муносабат қилишади. Лекин, бундай «севги» чинакам фидойиликка эмас, балки қилган яхшилигига яхшилик кутишга асосланган. Борди-ю осмондаги Отамизнинг «ўғиллари бўлишни» хоҳласак, бундан йироқлашишимиз даркор. Бошқаларнинг муносабатига яраша муносабат қилишнинг ўрнига, ўзгаларга Яҳованинг нуқтаи назари билан қараб муносабат қилайлик. Исо буюрганидай, душманларимизни қандай қилиб яхши кўришимиз мумкин?

5. Қувғин этаётганларга қай йўсин севгимизни кўрсатишимиз мумкин?

5 Муқаддас Китобдаги бир воқеага эътибор қаратайлик. Павлус билан Сила Филиппи шаҳрида хизмат қилишганда, ҳибсга олиниб, роса саваланишган. Кейин қамоқхонанинг яхши қўриқланадиган қисмига ташланиб, оёқларини кишанлаб қўйишган. Шунингдек, қамоқхона назоратчиси ҳам уларга жуда ёмон муносабатда бўлган. Зилзила юз бергандан сўнг, уларнинг кишанлари бўшаганида, назоратчидан қасос олишганми? Асло. Улар самимий, яъни фидокорона севги кўрсатиб, назоратчининг ҳаётини сақлаб қолишган. Натижада эса, қамоқхона назоратчиси ва унинг бутун хонадони Аллоҳга ишонган (Ҳавор. 16:19–34). Бугунги кунда ҳам кўп имондошларимиз «қувғин этаётганларни дуо қилишади» (Рим. 12:14).

6. Имондошларимизга нисбатан фидокорона севгини кўрсатишнинг қандай йўллари бор? (21- саҳ. рамкага қ.)

6 Биродару опа-сингилларимизни эса бундан ҳам кўпроқ севамиз. «Биродарларимиз учун жонимизни беришга бурчлимиз» (1 Юҳанно 3:16–18 ўқинг). Севгимизни ҳатто майда-чуйда ишларда ҳам намоён этамиз. Мисол учун, агар биз сўз ёки ишимиз билан имондошимизни ранжитиб қўйсак, ярашиб олишга интилиб, севгимизни кўрсатамиз (Мат. 5:23, 24). Бизни хафа қилиб қўйишса-чи? Кечиримли бўламизми ё кек сақлаб юрамизми? (Заб. 85:5). Муқаддас руҳ самараси бўлмиш фидокорона севги арзимас хатоларнинг устини ёпиб, «Яҳова чин дилдан кечирганидек», уларни кечиришни талаб қилади (Колос. 3:13, 14; 1 Бутр. 4:8).

7, 8. а) Одамларга бўлган севги қандай қилиб Худога бўлган севги билан боғлиқ? б) Яҳовага нисбатан севгимизни қай тарзда ривожлантирсак бўлади? (Пастдаги расмга қ.)

7 Имондошларимизга нисбатан фидокорона севгимизни қай тарзда ривожлантирсак бўлади? Худога бўлган севгимизни янада кучайтириш орқали (Эфес. 5:1, 2; 1 Юҳан. 4:9–11, 20, 21). Муқаддас Китобни шахсан ўқиш, мулоҳаза юритиш ва чин дилдан ибодат қилиш туфайли самовий Отамиз Яҳовага бўлган севгимиз янада кучаяди. Бироқ, Аллоҳга яқинлашиш учун фурсатдан унумли фойдаланиш зарур.

8 Айтайлик, Худонинг Каломини ўқишга, ўқиганлар устидан фикр юритишга ва ибодат қилишга кунда муайян вақтни ажратяпсиз. Бу шахсий вақтингизга бирон нарса халақит беришига йўл қўясизми? Шубҳасизки, ибодат қилишимизни ҳеч ким чеклаб қўя олмайди. Кўпчилигимиз Муқаддас Китобни хоҳлаган вақтда ўқиймиз. Ҳатто ҳар кунги ташвишлар гирдобида ҳам Тангрига бўлган севгимизни янада ошириш учун вақт ажратишимиз лозим. Сиз-чи, Яҳовага яқинлашиш учун имкон борича фурсатни бой бермаяпсизми?

«Муқаддас руҳ ато этган қувонч»

9. Муқаддас руҳ самараси бўлмиш севинч қанақа хусусиятга эга?

9 Муқаддас руҳ самараси бўлмиш севинч, қийинчиликларга ҳам бардошли бўлишимизга ҳисса қўшади. Бундай қувонч об-ҳавоси оғир жойларда ўсадиган ўсимликка ўхшайди. Бутун ер юзидаги Аллоҳнинг кўп хизматчилари қийинчиликларни «муқаддас руҳ ато этган қувонч билан қабул қилишяпти» (1 Салон. 1:6). Бошқалари эса, ҳаётида кўпгина қийинчиликларга йўлиқишади. Бироқ, «охиригача дош бериб, қувонч билан узоқ сабрли бўлишлари учун» Яҳова уларга муқаддас руҳини ато этмоқда (Колос. 1:11). Қизиқ, бундай қувончнинг манбаи нимада?

10. Қувончимизнинг манбаи нимада?

10 Шайтон дунёсидаги «бевафо бойлик», Яҳова бераётган маънавий хазинамиз олдида ҳеч қандай қадр-қимматга эга эмас (1 Тим. 6:17; Мат. 6:19, 20). Отамиз биз учун бепоён келажак, қувончли истиқболни асраб қўйган. Бугуннинг ўзида умумжаҳон биродарларимиз орасида бўлишдан бахтиёрмиз. Энг муҳими, Тангри билан яқин муносабатларга эга бўлишдан қувонамиз. Қочқинликда яшашга мажбур бўлса-да, Довуд Яҳовани шарафлаган ва биз ҳам у айтган мана шу санога қўшиламиз: «Сенинг иноятинг ҳаётдан ҳам афзалдир, Сенинг мадҳингни тилдан қўймайман. Умрим бўйи Сенга санолар ўқийман» (Заб. 62:4, 5). Ҳатто қийинчиликларга дуч келсак ҳам, қалбимизда Аллоҳни шарафлаш қувончи пайдо бўлади.

11. Нега Яҳовага қувонч билан хизмат қилиш зарур?

11 Ҳаворий Павлус масиҳийларни: «Раббимиз билан бирликда бўлиб, ҳамиша қувонинглар. Яна бир бор айтаман, қувонинглар!» — деб чорлаган (Филип. 4:4). Нега масиҳийлар Тангрига қувонч ила хизмат қилишлари муҳим? Эсингизда бўлса, Шайтон Яҳованинг ҳукмдорлигига тегишли масалани ўртага ташлаган. Шайтон таъкидлаганидай, Худонинг ҳеч бир хизматчиси Унга чин дилдан хизмат қилмас эмиш (Аюб 1:9–11). Агар Яҳовага мажбурият юзасидан ва қувончсиз хизмат қилсак, ҳамду сано қурбонлигимиз нуқсонли бўлади. Сано бастакорининг мана шу маслаҳатига қулоқ солишимиз ўта муҳим: «Худовандга хурсандчилик ила хизмат қилинг, ҳузурига ҳайқириқлар ила яқинлашинг!» (Заб. 99:2). Хурсандчилик ва хоҳиш билан хизмат қилиб, Аллоҳга шарафлар келтирамиз.

12, 13. Салбий туйғуларни енгиш учун нима қилсак бўлади?

12 Баъзида Худонинг садоқатли хизматчилари ҳам тушкунликка тушиб, салбий фикрлаш тарзи билан курашишларига тўғри келади (Филип. 2:25–30). Бундай дамларда бизга нима ёрдам бериши мумкин? Эфесликларга 5:18, 19 да шундай ёзилган: «Муқаддас руҳга тўлиб, бир-бирингизга санолар билан, Худога ҳамдлар айтиб, маънавий қўшиқлар куйланглар. Яҳовани юрагингизда мусиқа билан тараннум этинглар». Бу маслаҳатга қандай қилиб амал қилсак бўлади?

13 Салбий туйғулар бизни қуршаб олганда, Яҳовага илтижо қилиб, мақтовга сазовор нарсалар ҳақида мулоҳаза юритсак яхши бўлади (Филиппиликларга 4:6–9 ўқинг). Баъзилар Яҳовани тараннум этадиган қўшиқларни куйлашади. Бу эса уларнинг руҳини кўтариб, ижобий фикрлашга кўмаклашади. Битта биродаримиз қаттиқ синовга дуч келган вақтида кўпинча кайфияти бузилиб, руҳи тушиб турар экан. У шундай деб бўлишди: «Бундай ҳолларда сидқидилдан тез-тез ибодат қилишдан ташқари, Яҳовани тараннум этадиган бир нечта қўшиқлар куйлайман. Уларни овоз чиқарибми ёки ичимда куйлайманми, бу менга тинчлик бахш этади. Бунинг устига “Яҳова Таолога яқинлашинг” деган китобни ҳам ўқийман. Шу йил давомида бу китобни икки марта ўқиб чиқдим. Бу юрагим учун малҳамдек. Чиндан ҳам, Яҳова ҳаракатларимга барака берди».

«Тинчлик ришталари»

14. Муқаддас руҳнинг самараси бўлмиш тинчлик нимаси билан ажралиб туради?

14 Келиб чиқиши турлича бўлган биродару опа-сингилларимиз билан халқаро анжуманларда мулоқот қилиб қувончга тўламиз. Бундай бирлик, Худонинг бутун ер юзидаги халқи орасида тинчлик борлигини тасдиқлаяпти. Ташқаридаги кишилар, қачондир ўзаро душман бўлган одамлар энди «тинчлик ришталари орқали муқаддас руҳнинг бирлигини сақлашга интилаётганини» кўриб, ҳайрон қолишади (Эфес. 4:3). Ҳа, кўплар нуқтаи назарини ўзгартириб, бундай тинчликка эришгани мақтовга сазовордир.

15, 16. а) Бутрус қандай муҳитда улғайган ва у учун нима қийинчилик туғдирган? б) Яҳова Бутруснинг нуқтаи назарини қандай қилиб ўзгартирган?

15 Албатта, келиб чиқиши ҳар хил бўлган одамларнинг бирлашиши осон эмас. Бундай якдилликка эришиш мақсадида нимани енгиш кераклигини тушуниш учун ҳаворий Бутруснинг мисолини кўриб чиқайлик. Унинг муносабатини, суннат қилинмаган бошқа халқ вакилларига бўлган қуйидаги сўзлардан кўрсак бўлади: «Ўзларингиз яхши биласизларки, яҳудий кишининг бошқа халқ вакили билан мулоқот қилиши қонунга зиддир. Лекин Тангри, ҳеч кимни нопок ва ҳаром деб ҳисобламаслик кераклигини менга кўрсатди» (Ҳавор. 10:24–29; 11:1–3). Ўша замонда бу нуқтаи назар кенг тарқалган эди. Бутрус ҳам Таврот қонуни бўйича яшаб, фақат яҳудийларни яхши кўриш керак деб ўйлагандир. Эҳтимол, Бутрус буни табиий ҳолдек қабул қилган ва бошқа халқ вакилларини душман деб, улардан нафратлангандир *.

16 Ноқулай аҳволга тушиб қолган Бутрус Корнилийнинг уйига келганда нималарни ҳис этганини бир тасаввур қилинг. Олдинлари яҳудий бўлмаганларга салбий қараган киши қанақасига кейинчалик улар билан «ўзаро бирикиб», бирликни сақлаган? (Эфес. 4:3, 16). Бундан бир неча кун олдин Худо руҳи орқали Бутруснинг қалбини очиб, унинг фикрлаш тарзини ўзгартирган ва нотўғри нуқтаи назарини енгишга кўмаклашган. Яҳова ваҳий орқали, Унинг инсонларга бўлган нуқтаи назари уларнинг ирқи ёки миллатига боғлиқ эмаслигини кўрсатган (Ҳавор. 10:10–15). Шу сабабли Бутрус Корнилийга шундай деган: «Энди тушундим, Худо юзхотирчилик қилмас экан. Аммо Ундан қўрқиб, адолат билан йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан» (Ҳавор. 10:34, 35). Дарҳақиқат, Бутрус ўзгарган ва имондошлари билан бирликда яшаган (1 Бутр. 2:17).

17. Худонинг халқи орасидаги бирлик нимаси билан аҳамиятли?

17 Ҳаворий Бутруснинг мисоли, Тангрининг ҳозирги хизматчилари орасида бўлаётган ўзгаришларни қадрлашга ёрдам беради (Ишаё 2:3, 4 ўқинг) *. «Ҳар бир миллатдан, қабиладан, халқдан ва тилдан бўлган» миллионлаб кишилар «Тангрининг яхши, мақбул, комил иродаси» бўйича фикрлаш тарзини ўзгартиришмоқда (Ваҳ. 7:9; Рим. 12:2). Уларнинг кўпчилиги бир вақтлар нафрат, адоват ва Шайтон дунёсидаги низолар таъсири остида эдилар. Аммо Худонинг Каломини ўрганиб, муқаддас руҳ кўмаги билан улар «тинчлик келтирадиган... нарсалар пайидан бўлишяпти» (Рим. 14:19). Ушбу бирлик эса, Аллоҳга мақтовлар келтирмоқда.

18, 19. а) Тинчлик ва якдиллик бўлишига ҳар биримиз қандай ҳисса қўша оламиз? б) Келаси мақолада нимани муҳокама қиламиз?

18 Ҳар биримиз Тангрининг халқидаги тинчлик ва якдилликка қандай ҳисса қўша оламиз? Маълумки, кўп жамоатларда бошқа мамлакатлардан келганлар бўлади. Улардан баъзилари турли урф-одатларга эга бўлиб, маҳаллий тилда унча яхши гапира олишмайди. Хўш, улар билан яқинроқ танишишга ҳаракат қиляпмизми? Бундай қилиш Муқаддас Китобда тавсия этилган. Ҳаворий Павлус, яҳудий ва бошқа миллат вакилларидан ташкил топган Римдаги жамоатга шундай маслаҳат ёзган: «Тангрини шарафлаш учун Масиҳ сизларни қабул қилганидек, сизлар ҳам бир-бирингизни қабул қилинглар» (Рим. 15:7). Жамоатингизда сиз ҳали унча танимаган кишилар борми?

19 Муқаддас руҳ ҳаётимизга таъсир этиши учун яна нима қилишимиз мумкин? Келаси мақолада бу саволни ва муқаддас руҳ самарасининг қолган фазилатларини муҳокама қиламиз.

[Изоҳлар]

^ Исо айтиб ўтган самара ёки ҳаракатлар, «муқаддас руҳ самарасини» ҳамда ваъзгўйликда Аллоҳнинг «исмини ҳаммага эълон қилишни» ўз ичига олади (Иброн. 13:15).

^ «Халқинг ўғилларидан қасос олма, уларга кек сақлама. Яқинингни ўзинг каби севгин» (Лев. 19:18, ЯДТ). Яҳудий дин раҳбарлари «халқинг ўғиллари» ва «яқининг» деган сўзларни фақатгина яҳудийларга тегишли деб билишган. Таврот қонуни бўйича исроилликлардан бошқа халқларга қўшилмаслик талаб этиларди. Бироқ, бу қонун биринчи асрдаги дин пешволарига яҳудий бўлмаганларни душман деб, улардан нафратланишга ҳуқуқ бермаган.

^ Ишаё 2:3, 4: «Одамлар тўп-тўп бўлиб келади, улар шундай деб айтади: “Қани, юринглар! Чиқайлик Эгамизнинг тоғига!.. Токи У бизга ўргатсин Ўзининг йўлларини, токи юрайлик бизлар Унинг сўқмоқларидан” [...] Қиличларини айлантиришар омочга, найзаларини эса ток қайчиларига. Қилич кўтармас бир-бирига қарши халқлар, ҳеч қачон жанг қилишни ўрганмас улар».

Илтимос, тушунтиринг

• Имондошларимизга фидокорона севгимизни қандай қилиб кўрсата оламиз?

• Нега Тангрига қувонч ила хизмат қилишимиз муҳим?

• Жамоатда тинчлик ва якдиллик бўлишига қандай ҳисса қўша оламиз?

[Тадқиқ учун саволлар]

[21- саҳифадаги рамка]

«Булар Масиҳнинг чинакам издошлари»

Бир китобда яҳудий маҳбус йигитнинг сўзлари келтирилган. У Нойенгаммедаги концентрацион лагерда Яҳованинг Шоҳидлари билан илк бор танишганини айтиб берган.

«Кунларнинг бирида Дахаудаги лагердан биз яҳудийлар бошқа лагерга тушганимизда, у ердаги яҳудийлар биз билан бўлишмаслик учун ҳамма нарсаларини яшириб қўйишган эди. [...] Концентрацион лагерга тушишдан олдин, биз бир-биримизга ёрдам берардик. Лекин бу ерда ҳаётимиз қил учида турганда, ҳар бир киши бошқаларни унутиб, нуқул ўз жонини ўйларди. Бироқ, Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари қандай йўл тутганини бир тасаввур қилинг. Ўша пайтларда улар машаққат билан сув қувурларини тузатишарди. Ҳаво совуқ эди. Улар муздек сувда туриб кун бўйи ишлашарди. Бу кишилар қандай қилиб буларнинг барига чидашларини ҳеч ким тушунмасди. Улар бизни Яҳова қўллаб-қувватлайди, дейишарди. Лекин, улар ҳам нонга зор бўлгандан бизга ўхшаб оч қолишарди. Улар нима қилишган дейсизми? Ўзларига берилган нонларини йиғиб, яримини ўзларига, қолганини эса эндигина Дахаудан келган имондошларига беришган. Улар янги келганларни хурсандчилик билан кутиб олиб, уларнинг юзидан ўпишган. Нон ейишдан аввал улар ибодат қилишарди. Ҳаммаси мамнун ва бахтли эди. Улар энди қорнимиз очмайди деб айтишган. Ўшанда мен: “Булар Масиҳнинг чинакам издошлари”,— деган хулосага келганман» («Between Resistance and Martyrdom — Jehovah’s Witnesses in the Third Reich»).

[19- саҳифадаги расмлар]

Яҳовага яқинлашиш учун имкон борича фурсатни бой бермаяпсизми?