«Худо қаерда эди?»
«ХАЁЛГА ҚАЙТА-ҚАЙТА “ХУДО ҚАЕРДА ЭДИ?” ДЕГАН САВОЛ КЕЛАДИ», — деган эди Рим папаси Бенедикт XVI. Бу сўзларни у Польшадаги Освенцим концлагерига экскурсияга борганида айтган эди.
БИРОР ФАЛОКАТ ЮЗ БЕРГАНИДА ХАЁЛИНГИЗГА «ХУДО ҚАЕРДА ЭДИ?» ДЕГАН САВОЛ КЕЛГАНМИ? ЁКИ БОШИНГИЗГА КУЛФАТ ТУШГАНИДА АЛЛОҲ ШАХСАН СИЗ ҲАҚИНГИЗДА ҚАЙҒУРИШ-ҚАЙҒУРМАСЛИГИ ТЎҒРИСИДА ЎЙЛАГАНМИСИЗ?
Эҳтимол, сиз ҳам ўзингизни Қўшма Штатларда яшовчи Шейла каби ҳис қилгандирсиз. Художўй оилада катта бўлган Шейла бундай деди: «Худо Яратувчимиз бўлгани учун болалигимданоқ Унга талпиниб яшадим. Аммо ҳеч қачон ўзимни Унга яқин ҳис қилмаганман. У мени фақат узоқдан кузатиб тургандай туюларди. Худо мендан нафратланади деб ўйламасдим, бироқ У мени яхши кўришига ҳам ишонолмасдим». Нега Шейла бундай шубҳаларга борган? У қуйидагича тушунтирди: «Оиламизнинг бошига бирин-кетин бахтсизликлар туша бошлади ва Худо бизга умуман ёрдам бермаётгандай туюларди».
Сиз ҳам Шейла сингари Қодир Аллоҳ борлигига аминдирсиз. Лекин У шахсан сиз учун қайғуряптими, йўқми, деб қизиқишингиз мумкин. Яратувчимиз қудрату доноликка эга эканига ишонган ва одил киши бўлган Аюб пайғамбарни ҳам шунга ўхшаш саволлар қизиқтирган. (Аюб 2:3; 9:4) Бахтсизликлар бирин-кетин зарба бериб, аҳвол яхшиланишига умид йўқдай туюлганида Аюб Худодан: «Нега мендан юзингни яшириб, мени Ўз душманинг деб биласан?» — дея сўраган. (Аюб 13:24)
Муқаддас Китобда бу борада нима дейилган? Рўй бераётган бахтсизликларга Худо айбдорми? У бутун инсониятга ва ҳар биримизга алоҳида ғамхўрлик қилаётганига далиллар борми? Аллоҳ билан шахсий муносабатларимизга келсак, У бизга эътибор берадими, бизни тушунадими, ҳамдардлик кўрсатадими ва муаммоларимизда бизга ёрдам берадими?
Келаси мақолаларда Худо бизга ғамхўрлик қилаётгани ҳақида Унинг яратган ижодлари нимани очиб бераётганини кўриб чиқамиз. (Римликларга 1:20) Кейин эса бу борада Муқаддас Китобда нима дейилганини муҳокама қиламиз. Аллоҳнинг яратганлари ва Каломи воситасида Уни таниб-билганингиз сайин, У сизга ғамхўрлик қилаётганига ишончингиз ортади. (1 Юҳанно 2:3; 1 Бутрус 5:7)