Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Амалга ошаётган башоратлар

Амалга ошаётган башоратлар

Биринчи мақолада шоҳ Крез дельфалик коҳинга алданиб, оқибатда Форс шоҳи томонидан мағлуб қилингани ҳақида билиб олган эдик. Муқаддас Китобда эса Форс шоҳи тўғрисида диққатга сазовор бир башорат ёзилган ва у майда-чуйда тафсилотларигача амалга ошган.

Шоҳ Кир туғилишидан анча аввал, тахминан 200 йил олдин Ишаё пайғамбар унинг исмини тилга олиб, у мустаҳкам шаҳар бўлмиш Бобилни қай йўсин босиб олиши ҳақда айтган эди.

Ишаё 44:24, 27, 28: «Яҳова шундай демоқда: “[...] Чуқур сувларга: “Буғланиб кет, Мен барча дарёларингни қуритаман”,— дейман. Кир ҳақида: “У танлаган чўпонимдир, у Менинг иродамни тўлалигича бажаради”,— деб айтаман. Қуддус тўғрисида: “У қайта қурилади”, маъбад борасида: “Пойдевори солинади”,— дейман”».

Юнон тарихчиси Геродотнинг сўзларига кўра, Кирнинг қўшини Бобил шаҳри бўйлаб оқадиган Фурот дарёсининг сувларини буриб юборган. Унинг бу режаси туфайли қўшин дарёнинг саёз жойидан кечиб ўтган ва шаҳарга кира олган. Шаҳарни қўлга киритганидан сўнг, Кир Бобилда асирликда бўлган яҳудийларни озод этган. Улар Қуддусга қайтишига ва 70 йил аввал вайрон қилинган шаҳарни тиклашига изн берган.

Ишаё 45:1: «Яҳова Ўзининг мойлангани Кирга, унинг олдида халқларни бўйсундириб, шоҳларни қуролсизлантириш учун, шаҳар дарвозалари ёпилмай, олдида қўш табақали дарвозалар очилиши учун, Ўзи унинг ўнг қўлидан ушлаб бундай дейди».

Форслар қўш табақали катта дарвозалар орқали шаҳарга киришди, дарвозалар бепарволик билан очиқ қолдирилган эди. Агар бобилликлар Кирнинг режасидан хабардор бўлишганида, дарё томонга қараган барча дарвозаларни ёпиб қўйишарди. Аммо шаҳар ҳимоясиз қолган эди.

Ушбу диққатга сазовор башорат Муқаддас Китобда ёзилган ва тўлиғича амалга ошган кўпгина башоратлардан биридир a. Ўз сохта худолари номидан башорат қилган кишилардан фарқли равишда, Муқаддас Китобда ёзилган башоратлар мана бу сўзларни айтган Зотдан келиб чиқади: «Охирида нима бўлишини бошидан, ҳали юз бермаган нарсаларни олдиндан айтаман». (Ишаё 46:10)

Бундай сўзларни фақатгина исми Яҳова бўлган ҳақ Худо айта олади. Унинг исми «У бўлдиради» деган маънога эга. Бу эса У келажакда содир бўладиган воқеаларни билишига ва иродасига мувофиқ равишда уларнинг ривожига таъсир ўтказа олишига ишора қилади. Буни билиш У ҳамма ваъдаларини албатта амалга оширишига ишонтиряпти.

БУГУНГИ КУНДА АМАЛГА ОШАЁТГАН БАШОРАТЛАР

Муқаддас Китобда бизнинг кунларга тегишли қандай башоратлар ёзилганини билишни истайсизми? Тахминан 2 000 йил олдин Муқаддас Китобда «охирзамонда ниҳоятда оғир вақтлар келиши» ҳақида каромат қилинган эди. Охирзамон дегани нимани билдиради? Бу ибора Ер ёки инсониятнинг сўнгини эмас, балки низолар, жабр-зулм ва минглаб йиллар давомида одамзодга қайғу келтираётган мусибатларга чек қўйилишини назарда тутади. Келинг, «охирзамон» келганини аниқлашга ёрдам берадиган айрим башоратларни кўриб чиқамиз.

2 Тимўтийга 3:1–5: «Охирзамонда ниҳоятда оғир вақтлар келади... Одамлар ўзини севадиган, пулпараст, мақтанчоқ, кеккайган, куфр сўзларини айтувчи, ота-онага итоатсиз, ношукур, садоқатсиз, меҳрсиз, муросасиз, туҳматчи, ўзини тута билмайдиган, шафқатсиз, яхшиликдан нафратланадиган, сотқин, ўзбошимча, мағрур, Аллоҳдан кўра айш-ишратни кўпроқ севадиган бўладилар. Ўзларини художўй қилиб кўрсатишади-ю, амалда эса бунга риоя қилишмайди».

Бугунги кунда мана шундай хулқ-атворли одамлар кўпайиб кетганига қўшиласизми? Атрофимиздаги одамлар ўзини севадиган, пулпараст ва ўта мағрур бўлиб кетганини кўряпсизми? Одамлар бошқаларга ён беришнинг ўрнига кўпроқ ўзиникида туриб оладиган бўлиб кетганини пайқаяпсизми? Ота-онага итоатсизлик кенг тарқалганига ва инсонлар Худодан кўра кўнгилхушликни кўпроқ яхши кўришига эътибор берганингиз аниқ. Ҳа, аҳвол кундан-кунга ёмонлашиб боряпти.

Матто 24:6, 7: «Урушлар шовқинини ва урушлар хабарларини эшитасизлар... Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади».

Баъзи ҳисоб-китобларга биноан, 1914 йилдан буён уруш ва ҳарбий тўқнашувларда ҳалок бўлганларнинг умумий сони 100 миллиондан зиёдни ташкил этди. Бу дунёдаги айрим мамлакатларнинг аҳолисидан ҳам анча кўпроқ дегани. Бу қанча кўз ёшлар ва қайғу-алам келтирганини бир тасаввур қилиб кўринг. Халқлар ўз хатоларидан хулоса чиқариб, урушларга чек қўйдими?

Матто 24:7: «Озиқ-овқат етишмовчилиги... бўлади».

Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури шундай маълумот берди: «Дунё бўйлаб ҳар бир киши учун етарли озиқ-овқат ишлаб чиқарилаётганига қарамай, 815 миллион киши, яъни сайёрамизнинг ҳар тўққизинчи одами ҳар кеча қорни оч ҳолатда ухлагани ётади. Бундан ташқари, ҳар учинчи одам қорни тўйгунча овқат емайди». Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили тахминан уч миллион бола очликдан вафот этади.

Луқо 21:11: «Кучли зилзилалар юз беради».

Ҳар йили қарийб 50 000 та зилзила рўй беради ва улар одамларга сезиларли даражада кучли бўлади. Тахминан 100 таси биноларга қаттиқ зиён етказади ва деярли ҳар йили битта жуда кучли зилзила юз беради. Бир ҳисоботга кўра, 1975–2000 йиллар оралиғида юз берган зилзилалар оқибатида 471 000 киши ҳаётдан кўз юмди.

Матто 24:14: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади».

Бугунги кунда Яҳованинг Шоҳидлари 240 та мамлакат ва ҳудудларда Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилишяпти. Уларнинг сони 8 миллиондан ортиқ. Улар аҳолиси кўпайиб бораётган шаҳарларда, олис қишлоқларда, чангалзорларда ва ҳатто тоғларда ҳам хушхабарни ёйишмоқда! Худо хушхабар етарлича ваъз қилинди деб ҳисоблаганида, башоратда айтилганидай «охират бўлади». Бу нимани англатади? Бу сўзлар инсониятнинг бошқаруви ўз поёнига етиб, ўрнига Худонинг Шоҳлиги ҳукмронлик қилишини билдиради. Шоҳлик бошқаруви остида қандай ваъдалар амалга ошади? Бу ҳақда билишни истасангиз ўқишни давом эттиринг.