Муқаддас Китоб маслаҳатлари бугунги кунда ҳам амалийми?
АЙРИМЛАРНИНГ ФИКРИЧА ЙЎҚ. Бир шифокор Муқаддас Китобдан маслаҳат излашни ҳозирги кунда 1920 йилги кимё фанига оид дарсликни қўллаш билан солиштирган. Танқидчилар: «Агар янги ва замонавий компьютердан фойдаланишни ўрганмоқчи бўлсангиз, эски компьютер учун мўлжалланган қўлланмадан фойдаланмайсиз-ку»,— дейиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, айримлар Муқаддас Китобни тамоман замондан ортда қолган, деб ҳисоблайди.
Бугунги замонавий ва юқори технология ривожланган бир пайтда, нега энди қадимий қўлланмага мурожаат қилиш керак? Ахир сон-саноқсиз веб-сайтлар ва блоглар янгидан-янги маслаҳатлару йўл-йўриқларга тўлиб кетган-ку. Теледастурлар орқали ўз ишининг усталарию олий тоифали психологлар, шахсиятни ривожлантиришга ёрдам берувчи мураббийлар ҳамда ёзувчилар маслаҳат беришади. Китоб дўконларида ниманидир мустақил ўрганиш учун мўлжалланган кўпдан-кўп қўлланмаларни сотиб олса бўлади. Бу эса китоб муаллифларига миллиардлаб доллар даромад келтиради.
Қўл остимизда бундай энг сўнгги маълумотлар бор экан, нега энди қарийб 2 000 йил аввал ёзиб тугатилган Муқаддас Китобга мурожаат қилишимиз керак? Танқидчилар мазкур қадимий китобдан маслаҳат излашни эскирган кимё дарслиги ёки компьютер учун қўлланмадан фойдаланиш билан солиштираётгани балки тўғридир? Аслида, бундай ўйлаш нотўғри. Илм-фан ва технологиялар тез-тез ўзгариб туради, аммо инсон табиати-чи, ўзгарганми? Инсонлар ҳанузгача ҳаёт мазмунини топишни, бахт ва хавфсизликка эришишни, оиласи билан аҳил яшашни ҳамда яхши дўстларга эга бўлишни исташади.
Қадимий бўлишига қарамай, Муқаддас Китобда шунга ўхшаш эҳтиёжларимиз ҳақида ва бошқа маълумотларни ўқишимиз мумкин. Қолаверса, бу китобда айтилишича, у Яратувчимиз томонидан илҳомлантирилган. Бу китобда ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига тааллуқли маслаҳатлар ва турли қийинчиликларни енгишга кўмаклашадиган йўл-йўриқлар мавжуд. (2 Тимўтийга 3:16, 17) Бундан ташқари, унда доимо қўл келадиган — асло эскирмайдиган маслаҳатлар бор! Муқаддас Китобнинг ўзида: «Худонинг каломи жонли»,— дейилган. (Ибронийларга 4:12)
Муқаддас Китобда ёзилганларга чиндан ҳам ишонса бўладими? У эскириб қолганми? Ёки фойдали, амалий ва ҳақиқатан ҳам жонли китобми? «Қўриқчи минораси» журналининг ушбу махсус сонини нашр этишдан мақсад, бу саволларга жавоб топишингизга ёрдам беришдан иборат.