2-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
132-ҚЎШИҚ Иккимиз бир тан бўлдик
Эрлар, хотинингизни эъзозланг
Эрлар... аёлларни... эъзозланг. (1 БУТР. 3:7)
АСОСИЙ ФИКР
Қандай қилиб эр хотинини ҳам сўзда, ҳам амалда эъзозлай олади?
1. Яҳова никоҳ тузумини ўрнатганининг сабабларидан бири қандай?
ЯҲОВА «бахтиёр... [Тангри]» ва У биз ҳам бахтиёр бўлишимизни истайди. (1 Тим. 1:11) Ҳаётдан завқ олиб яшашимиз учун У бизга кўп ҳадялар берган. (Ёқб. 1:17) Улардан бири никоҳ туҳфасидир. Эркак ва аёл турмуш қурганида бир-бирини севишга, ҳурмат қилишга ва қадрлашга қасам ичади. Эр ва хотин бир-бирини қаттиқ севишдан тўхтамаса, иккови ҳам жуда бахтиёр бўлади. (Ҳик. 5:18)
2. Бугунги кунда кўпгина никоҳлар билан нима юз беряпти?
2 Афсуски, ҳозирги дунёда кўпгина жуфтликлар никоҳ куни берган ваъдаларида турмайди. Натижада улар бахтсиз бўлиб қоляпти. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг яқинда берган ҳисоботига кўра, кўп эрлар ҳиссан, жисмонан ва сўзлари билан турмуш ўртоқларига азоб беради. Бундай эр бошқалар олдида ҳурмат ила гапириши, лекин ёлғиз қолганда, бунинг аксини қилиши мумкин. Шунингдек, эр порнография томоша қилганида, никоҳ ришталари заифлашади.
3. Эр хотинига зўравонлик қилишига қайси омиллар сабаб бўлиши мумкин?
3 Нима сабабдан баъзи эрлар зўравон бўлади? Айримлари зўравон отанинг қўлида улғайгани туфайли «Зўравонлик оддий ҳол» деб ўйлайди. Бошқаларига эса маданият таъсир қилади. Оқибатда улар хотинига ким хўжайин эканини кўрсатиш учун «Куч ишлатиш керак» деган фикрни олға суради. Бошқа эркакларга эса ҳис-туйғуларини, жумладан, ғазабини тийиш ўргатилмаган. Айримлар мунтазам равишда порнография томоша қилгани оқибатида аёллар ва жинсий муносабатлар борасида нотўғри тасаввурга эга. Устига-устак, COVID-19 пандемияси туфайли бундай муаммолар янада кучайди. Албаттаки, юқорида келтирилган омилларнинг ҳеч бири эрнинг зўравонлигини оқламайди.
4. Масиҳий эрлар нимадан эҳтиёт бўлиши керак ва нега?
4 Масиҳий эрлар аёллар тўғрисидаги нотўғри тасаввур уларга ҳам таъсир қилишидан эҳтиёт бўлишлари лозим a. Нега деганда, кўпинча ўй-фикрлар хатти-ҳаракатларнинг бошидир. Ҳаворий Павлус Римдаги масиҳийларни: «Ушбу замонга уйғунлашманглар»,— деб огоҳлантирган. (Рим. 12:1, 2) Павлус мазкур сўзларни римликларга ёзганида, ўша жамоатдагилар бир неча йилдан бери масиҳий эди. Лекин шунга қарамай, Павлуснинг сўзларидан жамоатдаги айримларга дунёнинг фикрлаш тарзи таъсир қилганини кўряпмиз. Шу боис ҳам у уларни фикрлаш тарзинию хулқ-атворини ўзгартиришга ундаган. Шубҳасизки, Павлуснинг маслаҳати бугунги масиҳий эрларга ҳам тегишли. Афсуски, уларнинг айримлари бу дунёнинг таъсирига берилган ва ҳатто хотинига зўравонлик қилган b. Хўш, Яҳова эр хотинига қандай муомала қилишини кутади? Бу саволнинг жавобини ушбу мақоланинг очқич оятидан билиб оляпмиз.
5. 1 Бутрус 3:7 га кўра, эр хотинига қандай муносабатда бўлиши керак?
5 1 Бутрус 3:7 ни ўқинг. Яҳова эрларга хотинларини эъзозлашни амр этган. Эъзозлаш бу бирон кимга ҳурмат ила муомала қилишни англатади. Хотинини эъзозлайдиган эр унга меҳр ва севги ила муносабатда бўлади. Ушбу мақолада қандай қилиб эр хотинини эъзозлаётганини кўрсата олишини муҳокама қиламиз. Аммо аввалига келинг, қайси нарсалар хотинларни ерга уришини билиб оламиз.
ХОТИНИНГИЗНИ КАМСИТАДИГАН НАРСАЛАРДАН ҚОЧИНГ
6. Хотинига жисмоний зўравонлик қиладиган эр ҳақида Яҳова қандай фикрда? (Колосаликларга 3:19)
6 Жисмоний зўравонлик. Яҳова зўравонлардан нафратланади. (Заб. 11:5) У айниқса хотинига қўл кўтарадиган эрлардан нафратланади. (Мал. 2:16; Колосаликларга 3:19 ни ўқинг.) Очқич оятга, 1 Бутрус 3:7 га кўра, агар эр хотини билан яхши муомалада бўлмаса, бу унинг Худо билан бўлган муносабатларига таъсир қилади. Яҳова ҳатто унинг ибодатларини эшитмаслиги мумкин.
7. Эфесликларга 4:31, 32 га биноан, эрлар қандай гап-сўзлардан қочиши керак?
7 Оғзаки зўравонлик. Баъзи эрлар хотинига ғазаб билан гапиради ва уни ҳақоратлайди. Яҳова «ғазаб, бақириқ ва ҳақоратли» сўзлардан c нафратланади. (Эфесликларга 4:31, 32 ни ўқинг.) Худо ҳаммасини эшитади. Эр ҳатто уйда ёлғиз бўлганида аёли билан қандай оҳангда муомала қилиши Яҳова учун аҳамиятлидир. Хотинига қаҳр билан гапирадиган эр нафақат никоҳига, балки Худо билан бўлган дўстлигига путур етказади. (Ёқб. 1:26)
8. Яҳова порнография борасида қандай фикрда ва нима учун?
8 Порнография томоша қилиш. Яҳова порнография ҳақида қандай фикрда? У ундан жирканади. Шундай экан, нопок расмларни томоша қиладиган эр Худо билан бўлган дўстлигига путур етказади ва рафиқасига ҳурматсизлик кўрсатади d. Яҳова эрдан нафақат хатти-ҳаракатида, балки фикрларида ҳам хотинига садоқатли бўлишини кутади. Исо: «Аёл кишига эҳтирос билан қараган... [эркак], аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади»,— деган e. (Матто 5:28, 29)
9. Нега Яҳова эр рафиқасини жинсий таҳқирлашидан нафратланади?
9 Жинсий таҳқирлаш. Айрим эрлар хотинини уларни таҳқирлайдиган ёки виждонини қийнайдиган жинсий хатти-ҳаракатлар қилишга мажбурлайди. Яҳова бундай шафқатсизлик ва худбинликдан нафратланади. У эр хотинини севишини, қадрлашини ва ҳис-туйғуларини ҳурмат қилишини кутади. (Эфес. 5:28, 29) Хўш, масиҳий эр хотинини таҳқирлаётган ё бўлмаса порнография томоша қилаётган бўлса-чи? Қай йўсин у фикрлаш тарзинию хатти-ҳаракатларини ўзгартира олади?
ҚАЙ ЙЎСИН НОМУНОСИБ ХУЛҚ-АТВОРНИ БАС ҚИЛИШ МУМКИН?
10. Эрлар Исонинг ўрнагидан қандай фойда олиши мумкин?
10 Эр хотинига нисбатан зўравонлик қилишни ва уни камситишни бас қилишига нима ёрдам беради? У Исога тақлид қилиш учун жон куйдириши мумкин. Исо оила қурмаган бўлса-да, шогирдларига кўрсатган муносабатидан эрлар хотинига қандай муомала қилиш борасида намуна олиши мумкин. (Эфес. 5:25) Масалан, Исо ҳаворийларига қандай муомала қилганидан ва гапирганидан эрлар нимани ўрганиши мумкинлигига диққат қаратайлик.
11. Исо ҳаворийларига қандай муомала қилган?
11 Исо ҳаворийларига меҳр ила ва уларнинг ҳурматини жойига қўйиб муомала қилган. У ҳеч қачон қаттиққўл ёки қўпол бўлмаган. Гарчи Исо уларнинг Хазрати ва Хўжайини бўлса-да, қандай ҳокимиятга эга эканини исботлаш учун кучини кўз-кўз қилмаган. Бунинг ўрнига, у камтаринлик ила уларга хизмат қилган. (Юҳан. 13:12–17) Исо шогирдларига: «Мендан ўрганинглар, чунки мен мулойим ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз роҳат топади»,— деб айтган. (Мат. 11:28–30) Эътибор беринг, Исо мулойим бўлган. Мулойим киши заиф бўлмайди. Аксинча у ҳис-туйғуларини жиловлаш учун кучли бўлади. Иғволи вазиятга тушганида, у хотиржамликни йўқотмайди ва ҳис-туйғуларини назорат қила олади.
12. Исо бошқаларга қандай гапирган?
12 Исо сўзлари билан бошқаларга тасалли ва далда берган. У издошларига қаттиққўллик ила гапирмаган. (Луқо 8:47, 48) Ҳатто Исога қарши чиққанлар уни ҳақоратлаб, жаҳлини чиқаришга уринганида, У «ҳақорат билан жавоб қайтармаган». (1 Бутр. 2:21–23) Баъзида Исо ҳатто қаттиқ гапиришдан кўра жим туришни танлаган. (Мат. 27:12–14) Масиҳий эрлар учун нақадар ажойиб ўрнак!
13. Матто 19:4–6 да айтилганидай, қай йўсин эр хотинига «боғланиб қолади»? (Расмга ҳам қаранг.)
13 Исо эрларга хотинига садоқатли қолишни айтган. У Отасининг гапларини иқтибос сифатида келтириб, эр «хотинига боғланиб» ёки ёпишиб қолиши кераклигини айтган. (Матто 19:4–6 ни ўқинг.) Бу ерда ишлатилган юнонча сўз том маънода «елим билан ёпиштирилгандай маҳкам бирикиб қолиш»ни англатади. Шундай экан, эр ва хотин ўртасидаги никоҳ ришталари худди уларни елим билан маҳкам ёпиштиргандай мустаҳкам бўлиши керак. Эр ё хотин турмуш ўртоғига оғриқ келтирадиган бирон нарса қилса, уларнинг иккови ҳам азоб чекади. Хотинини қаттиқ севадиган эр порнографиянинг ҳар қандай турини рад этади. У «ярамас нарсадан» шу заҳоти кўзини олиб қочади. (Заб. 119:37) Ҳа, у хотинидан бошқа ҳеч бир аёлга эҳтирос билан қарамаслик учун кўзлари билан аҳд тузади. (Аюб 31:1)
14. Зўравон эр Яҳова ҳамда хотини билан муносабатларини тиклаш учун қандай қадамлар қўйиши керак?
14 Хотинига жисмонан ёки сўзлари билан азоб берадиган эр Яҳова ҳамда рафиқаси билан бўлган муносабатларини тиклаш учун бир нечта қадам қўйиши керак. Бу қандай қадамлар экан? Биринчидан, у жиддий муаммоси борлигини тушунади. Яҳовадан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. (Заб. 44:21; Воиз 12:14; Иброн. 4:13) Иккинчидан, эр хотинига азоб беришни бас қилади ва хулқ-атворини ўзгартиради. (Ҳик. 28:13) Учинчидан, у хотинидан ва Яҳовадан кечирим сўрайди. (Ҳавор. 3:19) Шунингдек, эр ўзгариши учун истак ва ўй-фикрларини, гап-сўзларини ҳамда хатти-ҳаракатларини назорат қилиш учун Яҳовадан ёлвориб ёрдам сўраши керак. (Заб. 51:10–12; 2 Кор. 10:5; Филип. 2:13) Тўртинчидан, у зўравонлик ва ҳақоратли гап-сўзларнинг ҳар қандай туридан нафратланишни ўрганиш учун ибодатларига мувофиқ йўл тутади. (Заб. 97:10) Бешинчидан, у жамоатдаги меҳрибон чўпонлардан дарҳол ёрдам излайди. (Ёқб. 5:14–16) Олтинчидан, келажакда ҳам бундай хулқ-атвордан қочиш учун режа тузади. Порнография томоша қиладиган эр ҳам худди шу қадамларни қўйиши лозим. Яҳова унинг хулқ-атворини ўзгартириш учун қилаётган ҳаракатларига барака беради. (Заб. 37:5) Лекин эр хотинини ерга урадиган хулқ-атвордан қочишининг ўзи етарли эмас. У, шунингдек, хотинини эъзозлаётганини кўрсатиши лозим. Қизиқ, у буни қандай қила олади?
ҚАЙ ЙЎСИН ХОТИНИНГИЗНИ ЭЪЗОЗЛАЙ ОЛАСИЗ?
15. Қандай қилиб эр хотинига бўлган севгисини кўрсата олади?
15 Севгингизни кўрсатинг. Никоҳида бахтиёр бўлган айрим биродарлар хотинини қанчалик севишини кўрсатиш учун ҳар куни бирон нима қилишни одат қилган. (1 Юҳан. 3:18) Масалан, эр хотинининг қўлини ушлаш ёки уни қучоқлаш каби кичик йўллар орқали унга бўлган севгисини кўрсатиши мумкин. Балки у хотинига «Сизни соғиндим» ёки «Кунингиз қандай ўтяпти?» деб СМС юборар. Вақти-вақти билан севгисини изҳор этиш ниятида яхши танланган сўзларни откриткага ёзиб, унга берар. Эр бу каби ишларни қилганида, хотинини эъзозлайди ва никоҳини мустаҳкамлайди.
16. Нега эр хотинини мақташи керак?
16 Миннатдор эканингизни кўрсатинг. Хотинини эъзозлайдиган эр у қадрли эканини айтади ва унга далда беради. Бундай қилишнинг йўлларидан бири эр хотинига уни қўллаб-қувватлаш ниятида қилаётган барча ишлари учун раҳмат айтишидир. (Колос. 3:15) У хотинини чин дилдан мақтаганида, унинг қалби қувончга тўлади. Хотин ўзини хавфсиз, суюкли ва қадрли ҳис қилади. (Ҳик. 31:28)
17. Қай йўсин эр хотинини ҳурмат қилишини кўрсата олади?
17 Меҳрибон бўлинг ва ҳурмат кўрсатинг. Хотинини севадиган эр уни қадрлайди ва ардоқлайди. У рафиқасини Яҳованинг бебаҳо ҳадяси деб билади. (Ҳик. 18:22; 31:10) Натижада у хотинига ҳатто жинсий муносабатлар пайтида меҳр ва ҳурмат ила муомала қилади. Бундай эр жинсий яқинлик пайтида хотинини ўзини ноқулай, таҳқирланган ёки виждонини қийнайдиган хатти-ҳаракатлар қилишга мажбурламайди f. Қолаверса, ўзи ҳам Яҳованинг олдида пок виждонга эга бўлиш учун жон куйдиради. (Ҳавор. 24:16)
18. Эрларнинг нима қилиш қарори қатъий бўлиши керак? (« Рафиқангизни ҳурмат қилишнинг тўртта йўли» номли рамкага ҳам қаранг.)
18 Эрлар, ҳаётингизнинг барча соҳасида хотинингизни эъзозлаш учун қилаётган ҳаракатларингизни Яҳова кўришига ва қадрлашига амин бўлинг. Хотинингизга оғриқ келтирадиган ҳар қандай ҳаракатлардан қочиш ҳамда унга меҳр, ҳурмат ва севги кўрсатиш орқали уни эъзозлаш қарорингиз қатъий бўлсин. Шунда хотинингизга уни севишингизни ва қадрлашингизни кўрсатасиз. Хотинингизни эъзозлаб, энг муҳим муносабатларингизни — Яҳова билан дўстлигингизни ҳимоялайсиз. (Заб. 25:14)
131-ҚЎШИҚ «Аллоҳ бирга қўшганни бандаси ажратмасин»
a Эрлар «Қўриқчи минораси»нинг 2024 йил январь сонидаги «Аёлларга Яҳова каби муносабат кўрсатяпсизми?» номли мақолани ўқишдан фойда олади.
b Уйда зўравонликнинг қурбони бўлганларга jw.org веб-сайти ва «JW Library®» иловасидаги «Қўшимча мақолалар» туркумида келтирилган «Оиласида таҳқир қилинадиганлар учун ёрдам» мақоласини ўқиш фойдали бўлиши мумкин.
c ИБОРА МАЪНОСИ. «Ҳақоратли сўзлар» камситадиган сўзлар билан чақиришни, шафқатсизлик ва қўполлик билан танқид қилишни ўз ичига олади. Эр рафиқасига оғриқ келтирадиган ёки ерга урадиган ҳар қандай сўз айтса, бу ҳақоратли сўзларга киради.
d jw.org веб-сайти ва «JW Library» иловасида «Порнография никоҳингизни барбод қилиши мумкин» номли мақолани ўқинг.
e Эри порнография томоша қиладиган хотин «Қўриқчи минораси»нинг 2023 йил август сонидаги «Турмуш ўртоғингиз порнография томоша қилганида» номли мақолани ўқишдан фойда олиши мумкин.
f Муқаддас Китобда эр-хотин ўртасидаги қандай жинсий муносабатлар пок ёки нопок экани айтилмаган. Бу борада масиҳий жуфтлик Яҳовани шарафлайдиган, бир-бирига маъқул бўлган ва виждонини пок сақлашга кўмаклашадиган қарор чиқариши керак. Умуман олганда, жуфтлик никоҳига тегишли бундай шахсий масалани бошқалар билан муҳокама қилмайди.
g РАСМГА ШАРҲ. Биродарнинг Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган ҳамкасблари уни порнография кўришга ундаяпти.