Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Тўлов — Отанинг «мукаммал ҳадяси»дир

Тўлов — Отанинг «мукаммал ҳадяси»дир

Яхши ва мукаммал ҳадяларнинг барчаси... Тангридан келиб чиқади. ЁҚБ. 1:17

ҚЎШИҚЛАР: 2, 5

1. Тўлов туфайли қандай баракаларга йўл очилди?

ИСО МАСИҲНИНГ тўлов қурбонлиги туфайли кўплаб баракаларга имкон очилди. Тўлов одилликни севган Одаматонинг барча фарзандлари вақти келиб Худо оиласининг аъзолари бўлишларига йўл очиб берди. Шунингдек, у мангу бахтли яшаш имконини ҳам яратди. Лекин Масиҳнинг тўлови итоаткор одамзодга кутлуғ келажакни беришдан кўпроқ нарсани амалга оширди. Чунончи, Исо Яҳованинг одиллиги томон туриб, ўлишга тайёр бўлгани глобал аҳамият касб этувчи масалаларга ҳам тааллуқлидир. (Иброн. 1:8, 9)

2. а) Исонинг ибодатида қайси глобал аҳамият касб этувчи масалалар кўтарилган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

2 Исо ўлиб, тўлов қурбонлигини тақдим этганидан салкам икки йил муқаддам шогирдларига шундай деб ибодат қилишни ўргатганди: «Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин. Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин». (Мат. 6:9, 10) Келинг, тўлов учун миннатдорлигимизни ошириш мақсадида у Худонинг исми муқаддас бўлиши, Худо Шоҳлигининг бошқаруви, Аллоҳнинг нияти амалга ошиши билан қандай боғлиқ эканини кўриб чиқайлик.

«ИСМИНГ МУҚАДДАС БЎЛСИН»

3. Аллоҳнинг исми ўзида нимани мужассам этади ва қай йўсин Шайтон бу табаррук исмни қоралади?

3 Исо Ўзининг намунали ибодатида дастлаб Худонинг исми муқаддас бўлиши ҳақида сўраган. Аллоҳ Таолонинг исми У қанчалик мукаммал, улуғвор ва муқаддас эканини ўзида мужассам этади. Бошқа ибодатида эса Исо Яҳовага «муқаддас Ота» деб мурожаат қилган. (Юҳан. 17:11) Яҳова муқаддас бўлгани учун, У чиқарадиган меъёрлару қонунларнинг барчаси муқаддасдир. Шундай бўлса-да, Адан боғида Шайтон Худонинг одамлар учун қоидалар ўрнатиш ҳуқуқини айёрлик ила шубҳа остига қўйди. У Яҳова ҳақида ёлғон гапириб, Унинг табаррук исмини қоралади. (Ибт. 3:1–5)

4. Исо Аллоҳнинг исми муқаддас бўлишига қандай ҳисса қўшди?

4 Бироқ Исо Аллоҳнинг исмини чиндан ҳам яхши кўрган. (Юҳан. 17:25, 26) У Аллоҳнинг исми муқаддас бўлишига ўз ҳиссасини қўшган. (Забур 39:9–11 ни ўқинг.) Исо ер юзидаги мукаммал ҳаёти давомида Яҳова Ўзининг онгли мавжудотлари учун талаблар қўйиши ҳам оқилона, ҳам ҳаққоний эканини исботлади. Шайтон Исони ҳатто азоб-уқубатли ўлимга мубтало қилганида ҳам, Исо самовий Отасига буткул содиқ қолди. У садоқатни сақлаб, мукаммал инсон Аллоҳнинг одил меъёрларига тўлиқ итоатни намоён эта олишини тасдиқлади.

5. Қай тариқа биз Худонинг исми муқаддас бўлишига ҳисса қўша оламиз?

5 Яҳованинг исмини яхши кўришимизни қандай кўрсата оламиз? Юриш-туришимиз билан. Маълумки, Яҳова биздан муқаддасликни талаб қилади. (1 Бутрус 1:15, 16 ни ўқинг.) Бу фақатгина Яҳовага топиниб, Унга чин қалбдан итоатли бўлишимиз лозимлигини англатади. Ҳатто бизни қувғин қилишганларида ҳам, Яҳованинг адолатли меъёрларию қонунларига мувофиқ ҳаёт кечириш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Одилона иш тутиб, нуримиз порлашига йўл қўямиз ва шу йўсин Яҳованинг исмини шарафлаймиз. (Мат. 5:14–16) Муқаддас халқ сифатида биз ҳаёт тарзимиз билан Яҳованинг амрлари яхши, Шайтоннинг айбловлари эса ёлғон эканини исботлаймиз. Ҳамма хато қилади ва биз ҳам бундан мустасно эмасмиз, лекин шундай пайтларда сидқидилдан тавба қилиб, Яҳовага иснод келтирадиган ишлардан қочамиз. (Заб. 78:9)

6. Нега номукаммал бўлсак-да, Яҳова бизни одил деб билади?

6 Яҳова Масиҳнинг қурбонлиги асосида Унга ишонч ҳосил қилганларнинг гуноҳларини кечиради. Аллоҳ ҳаётини Унга бағишлаган кишиларни топинувчилари сифатида қабул қилади. У мойланган масиҳийларни одил ўғиллари, «бошқа қўйлардан» бўлганларни эса одил дўстлари деб билади. (Юҳан. 10:16; Рим. 5:1, 2; Ёқб. 2:21–25) Демак, ҳозирнинг ўзидаёқ тўлов Отамиз билан яхши муносабатларга эга бўлишга ва Унинг исми муқаддас бўлишига ҳисса қўшишимизга имкон бермоқда.

«ШОҲЛИГИНГ КЕЛСИН»

7. Тўлов туфайли Худонинг Шоҳлиги остида қайси баракаларга эга бўлиш имкони очилди?

7 Кейин Исо ўзининг намунали ибодатида Худога: «Шоҳлигинг келсин»,— дея галдаги илтимосини айтади. Қизиқ, тўлов Худонинг Шоҳлиги билан қандай боғлиқ? Тўлов туфайли 144 000 киши учун Масиҳ билан самода шоҳлар ва руҳонийлар сифатида хизмат қилиш имкони туғилди. (Ваҳ. 5:9, 10; 14:1) Улар Исо билан биргаликда Худонинг Шоҳлигини ташкил этиб, Минг йиллик давр ичида итоаткор одамзод тўлов келтирадиган баракалардан баҳраманд бўлишига ғамхўрлик қилишади. Ўшанда ер юзи жаннатга айланади ҳамда жамики инсонлар камолотга эришиб, Худонинг ердаги ва осмондаги қисмлардан ташкил топган оиласи билан тамомила бирлашишади. (Ваҳ. 5:13; 20:6) Исо илоннинг бошини эзиб ташлаб, Шайтон кўтарган исённинг ҳамма оқибатларини бартараф этади. (Ибт. 3:15)

8. а) Қай тариқа Исо шогирдларига Худо Шоҳлигининг аҳамиятини тушунишга ёрдам берган? б) Қандай қилиб бугунги кунда Шоҳликни қўллаб-қувватлаётганимизни кўрсатмоқдамиз?

8 Исо ер юзида бўлганида шогирдларига Худо Шоҳлигининг аҳамиятини тушунишга ёрдам берган. У сувга чўмиши биланоқ ҳамма жойда «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни» эълон қилишга киришган. (Луқо 4:43) Осмонга қайтиб боришидан аввал Исо шогирдларига «ернинг четларига қадар» унинг шоҳидлари бўлишларини айтган. (Ҳавор. 1:6–8) Шоҳлик ҳақида ваъз қилиш иши орқали бутун дунё бўйлаб одамлар тўлов ҳақида билим олиш ва Худо Шоҳлигининг фуқаролари бўлиш имкониятига эга бўлишади. Айни замонда биз Масиҳнинг ердаги биродарларига Шоҳлик тўғрисидаги хушхабарни бутун жаҳон бўйлаб ваъз қилиш топшириғини бажаришда кўмаклашиб, Шоҳликни қўллаб-қувватлаётганимизни кўрсатяпмиз. (Мат. 24:14; 25:40)

«ИРОДАНГ БАЖО БЎЛСИН»

9. Яҳова одамзодга нисбатан мақсадини рўёбга чиқаришига нега амин бўлишимиз мумкин?

9 Сўнгра Исо: «Ироданг бажо бўлсин»,— деб, нимани назарда тутган? Тангри Яҳова — Яратувчидир. У ваъда қилган нарсасини шаксиз амалга оширади. (Ишаё 55:11) Яҳова Шайтоннинг исёни Унинг одамзодга нисбатан ниятини пучга чиқаришига йўл қўймайди. Аллоҳнинг азалий хоҳиш-иродасига кўра, ер юзи Одамато ва Момоҳавонинг мукаммал фарзандлари билан тўлиши керак эди. (Ибт. 1:28) Одамато ва Момоҳаво бефарзанд ўтиб кетишган тақдирда эса, ер юзини уларнинг зурриёти билан тўлдириш каби Худонинг нияти амалга ошмай қоларди. Шу боис, Одамато ва Момоҳаво гуноҳ қилишганидан кейин ҳам, Яҳова улар фарзанд кўришларига изн берди. Тўлов ёрдамида Яҳова Унга ишонган барчага баркамолликка эришиш ва мангу яшаш имконини туҳфа этди. Худо инсонларни севади ва итоаткор одамзод У истаганидек ҳаёт кечириши Унинг ниятига киради.

10. Қай йўсин тўлов марҳумларга фойда келтиради?

10 Аммо Яҳова ҳақида билим олиш ва Унга хизмат қилиш имкониятига эга бўлмай вафот этган миллиардлаб кишилар хусусида нима деса бўлади? Гап шундаки, тўлов ўлганларнинг тирилишига имкон беради. Меҳрибон самовий Отамиз уларни ҳаётга қайтариб, Унинг иродаси тўғрисида билиш ва абадий яшаш имкониятини тақдим этади. (Ҳавор. 24:15) Яҳова одамлар ўлишини эмас, яшашини хоҳлайди. У ҳаёт манбаи бўлгани сабабли, тирилган ҳар бир киши учун Ота бўлади. (Заб. 35:10) Шундай экан, Исо бизга «осмондаги Отамиз» деб ибодат қилишни ўргатгани қанчалик ўринлидир! (Мат. 6:9) Яҳова Исога марҳумларни тирилтиришда муҳим ўринни ажратган. (Юҳан. 6:40, 44) Ҳа, жаннатда Исо: «Мен тирилиш ва ҳаётдирман»,— деган сўзларига мувофиқ ўз вазифасини бажаради. (Юҳан. 11:25)

11. Аллоҳнинг «улкан оломон»га нисбатан нияти қандай?

11 Исо: «Ким Аллоҳнинг иродасини бажарса, ўша менинг укам, синглим ва онам бўлади»,— деб айтган. (Марк 3:35) Демак, Яҳова юзхотирчилик қилмай, барчага сахийлигини намоён этади. Унинг ниятига кўра, ҳар бир миллатдан, қабиладан ва тилдан бўлган, ҳеч ким санай олмайдиган «улкан оломон» Унинг топинувчилари бўлиши керак. Ҳа, Масиҳнинг тўловига ишонч билдириб, Худонинг иродасини бажараётганлар «нажотимиз учун, тахтда ўтирган Худойимиздан ҳамда Қўзидан қарздормиз», дея хитоб қилаётганлар орасида бўлиш имконига эгалар. (Ваҳ. 7:9, 10)

12. Қай йўсин намунали ибодатда Яҳованинг итоаткор одамзодга бўлган нияти ўз аксини топган?

12 Яҳованинг итоаткор инсониятга бўлган мақсади Исонинг намунали ибодатидаги илтимосларида акс этган. Биз мазкур ибодатга ҳамоҳанг равишда Яҳованинг исмини муқаддас деб билиш ёки уни шарафлаш учун қўлимиздан келганини қилишни истаймиз. (Ишаё 8:13) Исонинг исми «Яҳова нажот беради» деган маънони билдиради. Тўлов туфайли эришган нажотимиз эса Яҳованинг исмига шон-шараф келтиради. Худонинг Шоҳлиги орқали итоаткор одамзодга тўловнинг баракалари ёғдирилади. Дарҳақиқат, намунали ибодат бизни шунга ишонтиряптики, ҳеч нарса Худонинг иродаси амалга ошишини тўхтата олмайди. (Заб. 134:6; Ишаё 46:9, 10)

ТЎЛОВ УЧУН МИННАТДОРЛИГИНГИЗНИ ИЗҲОР ЭТИНГ

13. Сувга чўмиш орқали нимани кўрсатамиз?

13 Тўлов учун миннатдорлигимизни кўрсатишнинг муҳим йўлларидан бири — тўловга бўлган ишончимиз асосида ўзимизни Яҳовага бағишлаш ва сувга чўмишдир. Сувга чўмиш «Яҳовага тегишли» эканимизни кўрсатади. (Рим. 14:8) Шунингдек, Яҳовадан пок виждон сўраганимизни ҳам билдиради. (1 Бутр. 3:21) Яҳова ушбу илтимосимизга жавоб бериб, Масиҳ қурбонлигининг покловчи қонини бизга нисбатан қўллайди. У ваъда қилганидек, бизга ҳамма нарсани беришига тўла-тўкис аминмиз. (Рим. 8:32)

Тўлов учун миннатдорлигимизни қандай кўрсатмоқдамиз? (13-, 14- хатбошиларига қаранг.)

14. Нима учун бизга яқинларимизни севиш амр этилган?

14 Тўлов учун миннатдорлигимизни кўрсатишнинг яна қандай йўли бор? Яҳова Ўзи барча нарсани севги ила қилгани учун, Унинг топинувчилари ҳам ушбу устувор фазилатни намоён этишларини хоҳлайди. (1 Юҳан. 4:8–11) Яқинларимизни севсак, осмондаги Отамизнинг ўғиллари бўлмоқчи эканимизни исботлаймиз. (Мат. 5:43–48) Ўзгаларни севиш Яҳовани севиш амридан кейин иккинчи ўринда туради. (Мат. 22:37–40) Яқинимизга бундай севгини намоён этишнинг муҳим йўлларидан бири — Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилиш топшириғига итоатли бўлишдир. Биз ўзгаларга севгини намоён этиб, Худонинг улуғворлигини акс эттирамиз. Яқинларни, айниқса, имондошларимизни севиш амрига итоат этганимизда эса, Худога бўлган муҳаббатимиз «камол топади». (1 Юҳан. 4:12, 20)

ТЎЛОВ ОРҚАЛИ ЯҲОВА «ТЕТИКЛИК БАХШ ЭТАДИГАН ВАҚТНИ» КЕЛТИРАДИ

15. а) Айни пайтда Яҳовадан қандай баракалар олмоқдамиз? б) Олдинда бизни қандай баракалар кутяпти?

15 Тўловга ишонч ҳосил қилганимизда, гуноҳларимиз бутунлайин кечирилиши учун йўл очилади. Гап шундаки, Аллоҳнинг Каломи бизни гуноҳларимиз «ювилиши» мумкинлигига ишонтирмоқда. (Ҳаворийлар 3:19–21 ни ўқинг.) Юқорида айтиб ўтганимиздек, тўлов асосида Яҳова мойланган хизматчиларини Ўз фарзандларидек қабул қилади. (Рим. 8:15–17) «Бошқа қўйлар» қаторидан бўлган бизга келсак, Яҳова биз билан исмларимиз ёзилган фарзандликка олиш ҳужжатини тузгандек бўлади. Камолотга эришиб, охирги синовдан ўтганимизда, Яҳова гўёки ушбу ҳужжатга Ўз имзосини қўйгандек бўлади ва бизни Ўзининг суюкли фарзандлари сифатида қабул қилади. (Рим. 8:20, 21; Ваҳ. 20:7–9) Яҳова Ўзининг қадрли фарзандларини абадий севади. Тўлов ҳам бизга мангу баракалар келтиради. (Иброн. 9:12) Ушбу ҳадя ҳеч қачон ўз қадр-қимматини йўқотмайди. На инсон, на қандайдир куч уни биздан тортиб олишга қодир.

16. Қайси маънода тўлов бизни ҳақиқий озодликка эриштирди?

16 Шайтон чин дилдан тавба қилганларни вақти келиб Яҳованинг оила аъзоси бўлишдан тўхтатиш учун ҳеч нарса қила олмайди. Исо ер юзига келиб, «биратўла» ҳамма учун ўлди. Шунинг учун, тўлов барча замонлар учун бардавомдир. (Иброн. 9:24–26) У Одаматодан мерос бўлиб қолган ҳукмни узил-кесил бекор қилди. Қолаверса, Масиҳнинг қурбонлиги туфайли Шайтоннинг назорати остидаги дунёнинг қуллигидан озод бўлдик ва эндиликда ўлим қўрқувида яшамаяпмиз. (Иброн. 2:14, 15)

17. Яҳованинг севгиси сиз учун нимани англатади?

17 Аллоҳнинг ваъдаларига тўлиқ ишонса бўлади. Яҳова ўрнатган табиат қонунлари ҳеч қачон ўзгармаганидек, Унинг ваъдалари ҳам ўзгармасдир. Ҳа, У асло умидимизни пучга чиқармайди. (Мал. 3:6) Яҳова бизга ҳаёт туҳфасидан кўпроқ нарсани тақдим этяпти. У бизга севгисини кўрсатяпти. Ахир «ўзимиз Худонинг бизга бўлган муҳаббатини таниб-билиб, ишонч ҳосил қилдик. Худо севгидир». (1 Юҳан. 4:16) Келажакда бутун курраи замин шод-хуррамликка тўлиб-тошган жаннатга айланади ва ердаги ҳар бир инсон Худонинг севгисини акс эттиради. Келинг, биз ҳам Худонинг осмондаги садоқатли мавжудотлари билан баралла: «Ҳамду сано, шон-шуҳрат, донолик, шукрона, шараф ва куч-қудрат то абад Тангримизга тегишлидир. Омин»,— деб айтайлик. (Ваҳ. 7:12)