Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Нега 2 Шоҳлар 21:7–9 да Довуд «Мефибоситга... раҳм қилди» дейилган-у, аммо кейин Мефибосит ўлимга маҳкум этилди?

Бу баёнотни ўқиган баъзиларда мазкур савол туғилади. Лекин бу ерда Мефибосит исмли иккита ҳар хил киши ҳақида гап кетяпти. Нималар юз берганини кўриб чиқиш орқали сабоқ олишимиз мумкин.

Исроил шоҳи Шоулнинг еттита ўғли ва иккита қизи бўлган. Тўнғич ўғлининг исми Йўнатан эди. Кейинчалик Шоул канизаги Ризпадан Мефибосит исмли ўғил кўрган. Қизиғи шундаки, Йўнатаннинг ҳам Мефибосит исмли ўғли бўлган. Шундай қилиб, шоҳ Шоулнинг Мефибосит исмли ҳам ўғли, ҳам невараси бор эди.

Шоҳ Шоул исроилликлар орасида яшаган гивонликларга қарши тиш қайраган ва уларни йўқ қилишга уринган. Ҳойнаҳой, уларнинг кўпи ўлдирилган. Бу нотўғри қарор бўлган. Нима учун? Ёшуанинг даврини эсласак, исроиллик йўлбошчилар гивонликлар билан тинчлик сулҳини тузган эди. (Ёшуа 9:3–27)

Шоҳ Шоулнинг даврида мазкур сулҳ ҳали ҳам ўз кучида эди. Шоҳ сулҳга қарши йўл тутиб, гивонликларни қириб ташлашга уринди. Оқибатда «у ва унинг хонадони қон тўкканликда айбдор» бўлди. (2 Шоҳ. 21:1) Кейинчалик Довуд шоҳ бўлди. Омон қолган гивонликлар унга мурожаат қилиб, қирғин ҳақида айтди. Довуд Шоулнинг ўша даҳшатли қилмиши учун улар нимани исташини сўради. Шунда, Яҳова юртга барака бериши учун йўл очиларди. Гивонликлар пул талаб қилмади. Аксинча, уларни «йўқ қилишни режалаштирган» кишининг еттита ўғли ўлдирилишини сўради. (Саҳ. 35:30, 31) Довуд уларнинг илтимосини бажарди. (2 Шоҳ. 21:2–6)

Ўшанда Шоул ва Йўнатан жангда ўлган бўлади. Аммо Йўнатаннинг ўғли Мефибосит тирик эди. Бир фожиа дастидан унинг оёқлари болалигидан майиб эди. Шу боис, у бобосининг гивонликларга қарши ҳужумида қатнашмаган. Довуд Йўнатан билан дўстлик ҳақида аҳдлашган эди. Бу унинг авлодларига, жумладан, ўғли Мефибоситга фойда келтирганди. (1 Шоҳ. 18:1; 20:42) Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Йўнатан ўғли Мефибоситга шоҳ [Довуд] раҳм қилди. Чунки Довуд Яҳова олдида Шоулнинг ўғли Йўнатан билан қасамёд қилган эди». (2 Шоҳ. 21:7)

Хўш, Довуд гивонликларнинг илтимосига қандай жавоб берди? У Шоулнинг иккита ўғлини — улардан бири Мефибосит эди — ва бешта неварасини уларнинг қўлига топширди. (2 Шоҳ. 21:8, 9) Довуднинг бу иши туфайли энди ҳеч ким юртда қон тўкилишида айбдор эмасди.

Бу баёнот шунчаки тарихий воқеа эмас. Худонинг Қонунида: «Фарзандлар ҳам оталарининг гуноҳи учун ўлдирилмасин»,— деб айтилган. (Қонун. 24:16) Борди-ю, Шоулнинг иккита ўғли ва бешта невараси бу қилмишда айбсиз бўлганида, Яҳова Довуднинг қарорини маъқулламаган бўларди. Чунки қонуннинг давомида шундай ёзилган: «Инсон фақатгина ўзининг гуноҳи учун ўлдирилсин». Афтидан, Шоулнинг авлодидан бўлган еттита ўғли гивонликларни қириб ташлашда қатнашган. Оқибатда, улар гуноҳи учун жазоланган.

Бу баёнотдан кўряпмизки, киши шунчаки йўл-йўриқларга амал қилдим деб айтгани ёки ўйлагани учун ўзини оқлай олмайди. У қилган иши учун жавобгар бўлади. Ҳикматлар китобида: «Юрар йўлингни текисла, шунда барча йўлларинг барқарор бўлади. Ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилма, ёмон йўлга қадам босма»,— деб ёзилган. (Ҳик. 4:24–27; Эфес. 5:15)