Можароларни ҳал қилиб, тинчликни сақлашга интиласизми?
ТАНГРИ ЯҲОВА биз, масиҳийларни, тинчликни қадрлашга чорлаяпти. Зеро Яҳова ўзаро тинч-тотув яшашимизни истайди. Ахир тинчликпарвар бўлишимизнинг натижасида имондошларимиз мўл-кўл тинчликдан баҳраманд бўла олишади. Шунда масиҳийлар жамоати можаролардан холи бўлишни хоҳлаган барчани ўзига жалб қилади.
Мисол учун, Мадагаскардаги бир машҳур табиб Яҳованинг Шоҳидлари орасида ҳукм сураётган якдилликни кўриб, ўзига шундай дебди: «Агар қачонлардир динга эътиқод қиладиган бўлсам, биринчи навбатда шу динни танлайман». Вақт ўтиб, бу киши жинларга топинмай қўйди, турмушини Муқаддас Ёзувларга мос равишда тартибга солиш учун ойлар сарфлади ва тинчлик Худоси Яҳованинг хизматчиси бўлди.
Ушбу кишига ўхшаб, ҳар йили минглаб одамлар улар орзу қилиб юрган тинчликни масиҳийлар жамоатида топишмоқда. Аммо Муқаддас Китобда жамоатда «ҳасадгўйлик ва жанжалкашлик»нинг мавжудлиги дўстлигимизга путур етказиб, муаммолар туғдириши мумкинлиги ҳақида аниқ айтилган. (Ёқб. 3:14–16) Бахтимизга, Аллоҳнинг Каломида қандай қилиб бундай муаммолардан қочишимиз ва тинчликни мустаҳкамлашимиз мумкинлиги борасида яхши маслаҳатлар ёзилган. Келинг, қай йўсин бу маслаҳатлар айрим ҳаётий масалаларда асқатишини кўриб чиқамиз.
МУАММОЛАР ВА УЛАРНИ ЕЧИШ ЙЎЛЛАРИ
«Мен ҳамкорим бўлган бир биродар билан келишмай қолдим. Бир марта бир-биримизга бақириб кетганимизда, икки киши келиб, урушганимизни кўрди». (КРИС)
«Кўпинча мен билан ваъзгўйликка чиқадиган опа бирданига мен билан хизматга чиқмайдиган бўлди. Кейинчалик эса мен билан умуман гаплашмай қўйди. Нима учун бундай қилганини тушунмадим». (ЖАНЕТ)
«Мен телефонда икки киши билан суҳбатлашаётгандим. Учаламиздан бири хайрлашганди ва у гўшакни қўйиб бўлган, деб ўйлагандим. Кейин мен у ҳақда иккинчи суҳбатдошимга ёмон гаплар айтдим. Аммо биринчи суҳбатдошим ҳали гўшакни қўймаган экан». (МАЙКЛ)
«Жамоатимиздаги иккита кашшоф орасида муаммо пайдо бўлибди. Биттаси бошқасини койибди. Уларнинг жанжали бошқаларни тушкунликка туширди». (ГАРИ)
Сиз ушбу вазиятларни аҳамиятсиз деб биларсиз. Аммо бу вазиятлар уларга алоқадор бўлган кишиларга узоқ вақт давомида ҳиссий ва маънавий жароҳат келтириши мумкин. Бироқ шунга қарамай, Муқаддас Китобни йўлкўрсаткич сифатида қўллаган ҳамма биродару опа-сингиллар тинчлик муносабатларини тиклашга муваффақ бўлишганини билиш сизга далда келтирса керак. Нима деб ўйлайсиз, Муқаддас Китобдаги қайси йўл-йўриқлар уларга асқатган?
«Йўлда жанжаллашиб юрманглар». (Ибт. 45:24) Бу маслаҳатни Юсуф отасининг олдига қайтаётган акаларига берганди. Нақадар доно сўзлар-а?! Инсон ўз ҳис-туйғуларини назорат қила олмаса ва тезда аразлайдиган бўлса, у бошқаларнинг жаҳлини чиқариши мумкин. Крис унинг камчилиги мағрурлигида ва йўл-йўриқни қабул қилишни унча хоҳламаганида эканини тушунди. Шунда у ўзгармоқчи бўлиб, урушиб қолган биродаридан кечирим сўрабди ва кейин ўзини тута билиш фазилати устидан астойдил ишлабди. Крис ўзгармоқчи эканини кўриб, унинг ҳамкори ҳам ўзгара бошлабди. Ҳозир улар биргаликда Яҳовага хизмат қилишдан завқ олишяпти.
«Маслаҳат бўлмаган жойда иш юришмайди». (Ҳик. 15:22) Жанет ушбу маслаҳатга диққатлироқ бўлиши кераклигини англади. Шунда у ўша опа билан «маслаҳат»лашишга, яъни у билан суҳбатлашишга қарор қилди. Ушбу суҳбат пайтида Жанет хушмуомалалик ила ўша опадан у нима учун аразлагани ҳақида очиқчасига айтиб беришини сўради. Аввалига бу суҳбат таранг руҳда ўтганди. Аммо кейинчалик улар муаммосини мулойим оҳангда муҳокама қилишганида, ҳаммаси ўз жойига тушди. Суҳбат пайтида ўша опа Жанетга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган бир вазиятни нотўғри тушунганини англаб етди. Шунда у Жанетдан кечирим сўради ва ҳозир улар яна бир команда бўлиб Яҳовага хизмат қилишяпти.
«Агар ҳадянгизни қурбонгоҳга олиб келганингизда, биродарингиз сиздан хафа экани ёдингизга тушиб қолса, ҳадянгизни қурбонгоҳ олдида қолдиринг-да, аввалига бориб биродарингиз билан ярашинг». (Мат. 5:23, 24) Исо ўзининг Тоғдаги ваъзида айтган мазкур маслаҳат эсингиздадир. Юқоридаги Майкл у қанчалик бемулоҳаза ва жаҳлдор бўлганини тушунганида, ўзини тушкун ҳис қилди. Шунда у тинчликни тиклашга ҳаракат қилиб кўрмоқчи бўлди. У хафа қилган биродар билан юзма-юз кўришиб, ундан камтарлик ила кечирим сўради. Бунинг натижаси қандай бўлди? Майкл шундай деб бўлишди: «Биродарим мени чин дилдан кечирди». Ҳа, уларнинг дўстона ришталари қайта тикланди.
«Бир-бирингизга чидамли бўлинглар ва ҳатто кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса, уни чин дилдан кечирсин». (Колос. 3:12–14) Иккита кашшоф масаласига келсак, меҳрибон оқсоқол уларга қуйидаги саволлар устида мулоҳаза юритишга ёрдам берди: «Икковимиз урушиб қолганимиз учун бошқаларни ҳам ғамга ботиришга ҳаққимиз борми? Наҳотки бир-биримиз билан ярашиб олмаслигимизга ва тинчгина Яҳовага хизмат қилишда давом этмаслигимизга қандайдир асосли сабаб бор бўлса?» Ўша иккита кашшоф оқсоқолнинг маслаҳатини қабул қилиб, унга риоя этишди. Ҳозир улар бир-бири билан яхши тил топишишади ва биргаликда хурсандчилик ила ваъз қилишади.
Ҳозиргина тилга олинган Колосаликларга 3:12–14 даги илоҳий маслаҳат кимдир сизни ранжитганида жуда қўл келиши мумкин. Кўплар камтарликни намоён этиб, инсонни кечириш ва бўлган воқеани унутиб юбориш мумкинлигига ўзлари ҳам амин бўлишди. Борди-ю муайян ҳаракатлардан кейин масалани янада чуқурроқ кўриб чиқишга эҳтиёж туғилса-чи, унда Матто 18:15 даги йўл-йўриқни қўлласа бўладими? Бу оятдаги Исонинг маслаҳати инсон кимгадир нисбатан жиддий гуноҳ қилганида қўйиши керак бўлган қадамга ишора қиляпти. Бироқ, умуман олганда, бу маслаҳат сизга ҳам қўл келиши мумкин. Ҳа, имондошингиз олдига бориб, масалани у билан севги ва камтарлик ила муҳокама қилишга ҳамда уни ҳал этишга урининг.
Албатта, Муқаддас Китобда бошқа амалий маслаҳатлар ҳам мавжуд. Аммо улар сизга фойда келтириши учун, сиз «муқаддас руҳнинг самараси... — севги, севинч, тинчлик, узоқ сабрлилик, меҳрибонлик, ҳиммат, имон, мулойимлик ва ўзини тута билиш» каби фазилатларни намоён этишингиз лозим. (Галат. 5:22, 23) Машинани мойлашда ишлатиладиган мой сингари ушбу илоҳий фазилатлар ҳам тинчлик ўрнатиш жараёни силлиқ кечишига ёрдам беради.
ШАХСИЯТЛАР ХИЛМА-ХИЛЛИГИ ЖАМОАТНИ БЕЗАЙДИ
Шахсият — бир-биримизни бошқалардан ажратиб турувчи ҳамда ҳар биримизнинг ўзлигимизни белгиловчи хусусиятлар мажмуидир ва унинг ёрдамида биз кўплаб дўстларга эга бўла оламиз. Лекин шахсиятлар хилма-хиллиги, шунингдек, можароларга ҳам олиб келиши ҳеч гап эмас. Бир тажрибали оқсоқол қуйидаги мисолни келтирди: «Уятчан бўлган киши киришимли ва хушчақчақ бўлишда қийналиши мумкин. Бундай фарқ унчалик муҳимдек туюлмас, аммо бу жиддий муаммо келтириши эҳтимолдан йироқ эмас». Бироқ сизнингча, агар одамларнинг шахсияти ҳар хил бўлса, бу улар ўртасида албатта муаммо пайдо бўлишини англатадими? Келинг, иккита ҳаворийнинг мисолини ўрганайлик. Масалан, Бутрус қанақа бўлган? Эҳтимол, сиз у очиқ ва таъсирчан бўлган, деб ўйларсиз. Юҳанно-чи? У садоқатли ва одатда сўзлар ҳамда ҳаракатларда ўзини тута билган, деган фикрда бўлишингиз мумкин. Балки, ушбу иккита ҳаворий ҳақида бундай фикрга бориш учун баъзи сабаблар бордир. Ҳа, уларнинг шахсияти фарқ қилганга ўхшайди. Аммо шунга қарамай, улар бирга ҳамкорлик қилишган. (Ҳавор. 8:14; Галат. 2:9) Демак, бугунги кунда ҳам турли шахсиятга эга бўлганлар биргаликда ҳамкорлик қила олишади.
Юҳан. 13:34, 35; Рим. 5:6–8) Ундай бўлса, у билан бўлган дўстона ришталарингизни узишнинг ёки ўзингизни ундан олиб қочишнинг ўрнига, ўзингиздан шундай деб сўранг: «Имондошим Муқаддас Китобга хилоф бўлган бирон-бир ҳаракат қиляптими? У буни атайин қалбимга озор етказиш учун қиляптими?» Қолаверса, мана шу савол ҳам аҳамиятлидир: «Бу имондошимнинг қайси ижобий фазилатлари менга фойда келтириши мумкин?»
Эҳтимол, жамоатингиздаги қайсидир имондошингиз сўзлари ва хатти-ҳаракатлари билан жиғингизга тегаётгандир. Сиз Масиҳ шу имондошингиз учун ҳам ўлганини ва сиз унга севгини намоён этишингиз кераклигини тушуняпсиз. (Мазкур охирги савол муҳимдир. Масалан, агар инсон гапдон, сиз эса камгап бўлсангиз, унга хизматда суҳбатни бошлаш қанчалик осон экани ҳақида ўйлаб кўринг. Сиз унга бирга хизмат қилишни таклиф қилсангиз, ундан нимани ўрганишингиз мумкинлигини кўрасиз. Ё бўлмаса, агар у одатда бошқаларга сахий бўлса, сиз эса бироз зиқна бўлсангиз, унда ёши катталар, касаллар ёки муҳтожларга ёрдам бериш қувончини наҳот сиз ҳам ҳис қилгингиз келмаса? Асосийси, гарчи сиз ва имондошингиз турли хил шахсиятларга эга бўлсангизлар-да, сизлар диққатингизни ижобий нарсаларга қаратиб, бир-бирингизга яқин бўлишингиз мумкин. Бундай йўл тутиб, қалин дўст бўлиб қолмасангиз ҳам, бу иккалангизни бир-бирингизга яқин қилиб, қалбингизга хотиржамлик бахш этади ва жамоатда тинчлик ҳукм суришига ҳисса қўшади.
Эводия билан Синтиха ҳар хил шахсият эгалари бўлишгани эҳтимолдан йироқ эмас. Шунга қарамай, Павлус уларни «Раббимиз билан бирликда бўлиб, ҳамфикрликни сақлашга» ундаган. (Филип. 4:2) Сиз ҳам бу мақсадга эришишга ва шу билан бирга тинчликсевар бўлишга интиласизми?
МОЖАРО ДАВОМ ЭТИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ
Гуллар боғида ёввойи ҳолда ўсаётган бегона ўтлар каби бошқаларга нисбатан салбий ҳис-туйғулар ҳам, агар уларни илдизи билан суғориб ташламасак, янада кучайиб кетиши эҳтимолдан йироқ эмас. Инсон хафаликни енга олмаса, бу ҳаттоки бутун жамоатга таъсир
қилиши мумкин. Яҳовани ва имондошларимизни севсак, шахсиятларимиз турлилиги Худонинг халқи орасида тинчлик ҳукм суришига халақит бермаслиги ёки бу тинчликни бузмаслиги учун қўлимиздан келганини қиламиз.Агар можароларга ёки шахсиятлар турлилигига дуч келганимизда, тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилсак, қанчалик аъло натижаларга эришганимиздан ҳайрон қолишимиз ҳеч гап эмас. Масалан, битта Шоҳиднинг мисолини кўриб чиқайлик. У шундай деб бўлишди: «Бир имондошимиз менга бола каби муносабат қиларди. Ғазабим ўсиб боргани сайин эса, унга қўпол гапирадиган бўлиб қолдим. Шунда мен: “У менга мен лойиқ бўлган ҳурматни намоён этмаяпти, шунинг учун мен ҳам унга ҳурмат кўрсатмайман”,— деб ўйладим».
Кейин эса бу опамиз ўзининг хатти-ҳаракатлари ҳақида ўйлай бошлади. «Мен ўз нуқсонларимни кўра бошладим ва ўзимдан роса хафа бўлиб кетдим. Шунда фикрлаш тарзимни ўзгартиришим кераклигини тушундим. Яҳовага бу масала бўйича ибодат қилганимдан сўнг, ўша опага кичкина совға сотиб олдим ва ёмон муносабатим учун кечирим сўраш мақсадида унга откритка ёздим. Биз бир-биримизни қучоқладик ва масалани унутиб юборишга келишдик. Бундан буён ўртамизда ҳеч қандай муаммо пайдо бўлмаганди».
Одамлар жудаям тинчликка муҳтож. Аммо кўплар мавқесини йўқотиб қўйишдан қўрқишгани ёки мағрур бўлишгани учун баъзида ўзларини тинчликсевар инсонларга хос бўлмаган тарзда тутишни бошлашади. Бу Яҳовага топинмайдиган кўплаб одамлар учун оддий ҳолдир, аммо Унинг исми билан аталган хизматчилари орасида тинчлик ва якдиллик ҳукм суриши лозим. Ахир Яҳова Павлусни бекорга қуйидаги сўзларни ёзишга илҳомлантирмаганди: «Мен сизлардан ўтинаман: даъват этилганингизга яраша йўл тутинглар. Ўй-фикрларда камтарин, мулойим, узоқ сабрли ва севги билан бир-бирингизга бардошли бўлиб, тинчлик ришталари орқали муқаддас руҳнинг бирлигини сақлашга интилинглар». (Эфес. 4:1–3) «Тинчлик ришталари», чиндан ҳам, бебаҳодир. Шунинг учун, келинг, уларни мустаҳкамлайлик ва орамизда юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай келишмовчиликни ҳал этишга интилайлик!