Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ота-оналар, болаларингиз доно бўлиб, нажот топишига кўмаклашинг

Ота-оналар, болаларингиз доно бўлиб, нажот топишига кўмаклашинг

Сен болалигингданоқ Муқаддас Ёзувларни ўргангансан. Бу Ёзувлар эса сени... доно қилиб, нажот бахш этади. 2 ТИМ. 3:15

ҚЎШИҚЛАР: 1, 41

1, 2. Нега айрим ота-оналар боласи ўзини Яҳовага бағишлаб, сувга чўмиши борасида хавотир олиши мумкин?

ҲАР ЙИЛИ минглаб кишилар ҳаётини Яҳовага бағишлаб, бунинг рамзи сифатида сувга чўмади. Аксарият ёшлар ҳақиқатда улғайиб, ҳаётнинг энг яхши йўлини танлайди. (Заб. 1:1–3) Агар сиз масиҳий ота-она бўлсангиз, албатта, ўғлингиз ёки қизингиз сувга чўмишини орзиқиб кутасиз. (3 Юҳанно 4 ни солиштиринг.)

2 Шундай бўлса-да, баъзи нарсалар ҳақида ташвишланишингиз мумкин. Эҳтимол, айрим ёшлар сувга чўмганини, бироқ кейинчалик Худонинг меъёрлари бўйича яшай олмаганини кўргансиз. Баъзилари эса ҳатто ҳақиқат йўлидан кетиб қолган. Шу йўсин, сизнинг болангиз ҳам Яҳовага хизмат қилишни бошлаб, кейин эса унинг ҳақиқатга бўлган илк севгиси сўнармикан, деб хавотир олаётгандирсиз. Фарзандингиз биринчи асрдаги Эфес жамоатидаги масиҳийлардай бўлиб қолиш эҳтимоли бор. Исо уларга: «Сен илк муҳаббатингдан совидинг»,— деб айтган. (Ваҳ. 2:4) Хўш, болангизнинг севгиси совимаслигига ва у «нажотга эришишига» қай йўсин кўмаклаша оласиз? (1 Бутр. 2:2) Бу саволга жавоб олиш учун, келинг, Тимўтийнинг мисолига эътибор қаратайлик.

«МУҚАДДАС ЁЗУВЛАРНИ ЎРГАНГАНСАН»

3. а) Қай йўсин Тимўтий масиҳий бўлган ва билганларига қандай амал қилган? б) Павлус таълим олиш борасида Тимўтийнинг эътиборини қайси учта нарсага қаратган?

3 Чамаси милодий 47 йили ҳаворий Павлус Листрага илк бор ташриф буюрганида Тимўтий Исонинг таълимотларини ўрганиб юради. У ўспирин бўлганга ўхшайди ва ўзини яхши томондан кўрсатади. Икки йил ўтгач, у ваъзгўйлик сафарида Павлуснинг ҳамкори бўлади. Тахминан 16 йилдан кейин Павлус унга қуйидагиларни ёзади: «Олган таълимингга ва тўғрилигига ўзинг ишонч ҳосил қилган нарсаларга риоя қил, чунки буларни кимдан олганингни биласан. Сен болалигингданоқ Муқаддас Ёзувларни [Ибронийча ёзувларни] ўргангансан. Бу Ёзувлар эса сени Исо Масиҳ билан боғлиқ бўлган ишонч орқали доно қилиб, нажот бахш этади». (2 Тим. 3:14, 15) Павлус Тимўтийга: 1) Муқаддас Ёзувларни ўрганиш, 2) ўрганганларга ишонч ҳосил қилиш ва 3) Исо Масиҳ билан боғлиқ бўлган ишонч орқали доно бўлиб, нажотга эришиш борасида айтган сўзларга эътибор беринг.

4. Фарзандингизга таълим беришда сизга нималар қўл келяпти? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

4 Масиҳий ота-она сифатида болангиз ҳозирги кунда ҳам Ибронийча, ҳам Юнонча ёзувлардан иборат бўлган Муқаддас Китобни ўрганишини хоҳлаётгандирсиз. Қобилиятига яраша бола, ҳатто жажжигина бўлса ҳам, Муқаддас Китобда қаламга олинган одамлару воқеалар ҳақида асосий билимларни ўзлаштира олади. Яҳованинг ташкилоти ота-оналарга фарзандларини тарбиялашда қўл келадиган кўпгина адабиёт ва видеоларни тақдим этяпти. Сизнинг тилингизда бор бўлганлари тўғрисида фикр юритиб кўринг. Унутмангки, Муқаддас Ёзувлардаги билимлар Яҳова билан яқин муносабатлар қуриш учун пойдевор бўлади.

«ИШОНЧ ҲОСИЛ ҚИЛИШ»

5. а) «Ишонч ҳосил қилиш» нима дегани? б) Тимўтий Исо ҳақидаги хушхабарга қаттиқ ишонганини қаердан биламиз?

5 Тўғри, Муқаддас Ёзувларни ўрганиш муҳим. Аммо Муқаддас Китобда қаламга олинган одамлар ва воқеалар ҳақида билим орттиришнинг ўзи етарли эмас, уларга маънавий таълим бериш бундан-да муҳимроқ. Эсингизда бўлса, Тимўтий шунингдек «ишонч ҳосил қилган». Бошқача қилиб айтганда, у билиб олганлари ҳақиқат эканига қатъий амин эди. Тимўтий Ибронийча ёзувларни болалигиданоқ биларди. Лекин у айнан Исо ваъда қилинган Масиҳ экани борасида айрим яққол далилларга асосланиб ишонч ҳосил қилган. Ҳа, Тимўтий билимларига ишонч ҳосил қилган, деб айтса бўлади. Дарҳақиқат, Тимўтий хушхабарга қаттиқ ишонган, шунинг учун, у сувга чўмиб Исонинг шогирди ҳамда ваъзгўйлик фаолиятида Павлусга ҳамроҳ бўлган.

6. Болангиз Худонинг Каломидан ўрганганларига ишонч ҳосил қилиши учун қандай ёрдам бера оласиз?

6 Сиз ҳам болангиз Тимўтий каби ўрганганларига ишонч ҳосил қилиши учун қандай ёрдам бера оласиз? Авваламбор сабрли бўлинг. Имон бир кечанинг ўзида пайдо бўлмайди ёки сиз амин бўлганингиз учунгина фарзандингиз ҳам ишонади, деб ўйламанг. Ҳар бир бола ўз ақлини ишга солиб, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга бўлган ишончини мустаҳкамлаши лозим. (Римликларга 12:1 ни ўқинг.) Сиз ота-оналар ушбу жараёнда, айниқса болангиз саволлар берганда муҳим ўринга эгасиз. Келинг, баъзи мисолларни кўриб чиқайлик.

7, 8. а) Қандай қилиб бир ота қизига таълим бераётганда сабрли бўлган? б) Сиз ҳам болангизга нисбатан қачон сабрли бўлишингиз керак?

7 Томас, 11 яшар қизнинг отаси, шундай деб бўлишди: «Қизим: “Ерда ҳаёт пайдо бўлиши учун Яҳова эволюциядан фойдаланиши мумкинмиди?” ёки “Нега вазиятни яхши томонга ўзгартириш ниятида жамият ишларида, масалан, сайловларда қатнашмаймиз?” — деб сўраб қоларди. Гоҳида унга нимага ишониши кераклигини уқтиришдан ўзимни тиярдим. Чунки ишонч бу битта катта ҳақиқат эмас, у кўпгина кичкина далиллардан иборат».

8 Томас таълим бераётганда сабрли бўлиш муҳимлигини билган. Аслини олганда, барча масиҳийлар сабрли бўлиши муҳим. (Колос. 3:12) У анча вақт давомида бир қанча суҳбатлар олиб бориш кераклигини тушунган. Қолаверса, у Муқаддас Ёзувлар асосида музокара қилса, қизи ўрганганларига ишонч ҳосил қила олишини англаган. Томас яна қуйидагиларни айтди: «Мен ва хотиним қизимиз, айниқса, муҳим мавзулар борасида ўрганганларига чиндан ҳам ишонишини ва бу унга тушунарли бўлаётганини билишни хоҳлардик. Саволлари бўлса, бу яхши. Очиғини айтганда, агар у савол бермасдан бирон нимага ишониб кетса, ўшанда хавотирланардим».

9. Фарзандингизда Худонинг Каломига бўлган ишончни мустаҳкамлаш учун нима талаб этилади?

9 Ота-она боласига сабр ила таълим берса, у имон нималигини, яъни унинг «кенглиги, узунлиги, баландлиги, теранликларини англаб етади». (Эфес. 3:18) Уларнинг ёши ва қобилиятларини ҳам инобатга олишимиз даркор. Ўрганганларига ишонч ҳосил қилганда, улар ўз эътиқодини бошқалар, жумладан, синфдошлари олдида ҳимоялай олишади. (1 Бутр. 3:15) Мисол учун, болангиз одамнинг ўлимидан сўнг нима бўлишини Муқаддас Китоб асосида тушунтириб бера оладими? Муқаддас Китобда тушунтирилганларни у англаяптими? * Фарзандингизда Худонинг Каломига бўлган ишончни мустаҳкамлаш учун сабр талаб этилади, аммо бундай қилиш арзийди. (Қонун. 6:6, 7)

10. Таълим беришингизда нима муҳим ҳисобланади?

10 Болангиз ишонч ҳосил қилишида сизнинг ўрнагингиз ҳам жуда муҳим. Учта қизнинг онаси Стефани шундай дейди: «Қизларим кичиклигиданоқ ўзимдан: “Яҳова борлигига, Унинг севгисига ва йўллари адолатли эканига нега ўзим ишонаётганим ҳақида улар билан суҳбатлашяпманми? Қизларим мен Яҳовани чиндан ҳам севишимни аниқ кўришяптими?” — деб сўраб турардим. Ўзим ишонч ҳосил қилмасам, қандай қилиб қизларимдан буни кута оламан».

ДОНО БЎЛИБ, НАЖОТ ТОПСИН

11, 12. Донолик нима ва нега у одамнинг ёшига боғлиқ эмас деб айта оламиз?

11 Билиб олганимиздек, Тимўтий 1) Муқаддас Ёзувларни ўрганган ва 2) билганларига ишонч ҳосил қилган. Бироқ Муқаддас Ёзувлар уни «доно қилиб, нажот бахш этади», деганда Павлус нимани назарда тутган?

12 «Муқаддас Китобни англамоқ» энциклопедиясида тушунтирилишича, Муқаддас Китобдаги донолик бу «муаммоларни енгишда, хавф-хатарлардан қочишда ёки уларнинг олдини олишда, муайян мақсадларга эришишда ёки бошқаларга бунда ёрдам беришда билим ва ақл-идрокни қўллаш қобилиятидир. Бу, нодонликнинг акси». Муқаддас Китобда: «Ақлсизлик [аҳмоқлик, ЯДТ] боланинг дилига ўрнашган»,— деб ёзилган. (Ҳик. 22:15) Мантиқан олиб қараганда, аҳмоқликнинг акси бўлган донолик етукликнинг белгилардан биридир. Маънавий етуклик асосан ёшга эмас, у одам Яҳовадан ўринли тарзда қўрқишига ва Унинг амрларига тайёрлик ила бўйсунишига боғлиқ. (Забур 110:10 ни ўқинг.)

13. Болангиз доно бўлиб, нажот топишга интилаётганини қандай кўрсата олади?

13 Етарли даражада маънан етук бўлган ёшлар ўз истаклари ёки тенгдошлари таъсирининг «шамолидан тўлқинланиб, у ёқдан бу ёққа тебранадиган» бўлишмайди. (Эфес. 4:14) Аксинча, улар «зеҳнини ишга солиш орқали яхшини ёмондан ажратишга» ўрганиб етуклик сари интилишади. (Иброн. 5:14) Улар ҳатто ота-онаси ёхуд бошқа тенгдошлари кўрмаганда ҳам доно қарорлар чиқариб, етуклик сари интилаётганини намоён этишади. (Филип. 2:12) Бундай донолик нажот топиш учун зарур. (Ҳикматлар 24:14 ни ўқинг.) Болангизга бундай доноликка эга бўлишга қандай ёрдам бера оласиз? Аввало, сиз нималарни қадрлаётганингизни фарзандингиз билишига амин бўлинг. Сўзларингизу ўрнагингиз билан Худонинг Каломидан билиб олаётган хазиналарни қадрлаётганингизни кўрсатинг. (Рим. 2:21–23)

Нега ота-она ҳаракат қилишда давом этиши керак? (14–18- хатбошиларига қаранг.)

14, 15. а) Сувга чўммоқчи бўлган ёшлар нималар борасида мулоҳаза юритишлари керак? б) Аллоҳнинг қонунларига бўйсуниб баракаларга эришиш устида фикр юритишга болангизга қандай ёрдам бера оласиз?

14 Бироқ болангизга нима тўғри ва нима нотўғри эканини айтишнинг ўзи етарли эмас. Масалан, қуйидаги саволлар асосида у билан мулоҳаза юритиб кўрсангиз яхши бўларди: «Нега бизга ёқимли бўлиб туюлган нарсалар Муқаддас Китобда ман этилади? Муқаддас Китобдаги меъёрлар доим фойдали эканига мени нима ишонтиряпти?» (Ишаё 48:17, 18)

15 Сувга чўммоқчи бўлган фарзандга бошқа бир нарса — масиҳий бўлиш масъулияти борасида мулоҳаза юритишга кўмаклашиш керак. Бунинг қандай фойдаси бор? Бу арзигуликми? Қандай қийинчиликлар бор? Нега қийинчиликларга қараганда фойдаси анча кўпроқ? (Марк 10:29, 30) Одам сувга чўмгандан кейин буларга дуч келиши ҳеч гап эмас. Шу боис, жиддий қадам босишдан олдин булар ҳақда яхшилаб ўйлаб кўриш лозим. Фарзандларга итоаткорликнинг баракалари ва итоатсизликнинг оқибатларини кўришга кўмаклашсангиз, уларда ўрганганларига ишонч ҳосил қилиш эҳтимоли кўпроқ бўлади. Муқаддас Китобдаги меъёрлар ҳамиша уларнинг манфаати учун хизмат қилади. (Қонун. 30:19, 20)

СУВГА ЧЎМГАН ЁШЛАР ҚИЙИНЧИЛИКЛАРГА ДУЧ КЕЛГАНДА

16. Бола сувга чўмгандан сўнг ҳақиқат борасида шубҳалана бошласа, ота-онаси нима қилиши лозим?

16 Агар ўғил ёки қизингиз сувга чўмгандан сўнг ҳақиқат борасида шубҳалана бошласа-чи? Масалан, уларни дунёдаги нарсалар ўзига жалб қилиши ёки уларда Муқаддас Китобдаги принциплар бўйича яшаш чиндан ҳам оқилонами, деган савол пайдо бўлиши мумкин. (Заб. 72:1–3, 12, 13) Ота-она экансиз, шу каби саволларга қандай жавоб беришингиз мумкинлигини ўйлаб қўйинг. Зеро бу, болангиз эътиқодингиз тўғри эканини тан олишига ёки уни рад этишига таъсир қилади. Фарзандингиз кичкина ёки ўсмир бўладими, бу масалалар борасида у билан курашманг. Унутмангки, мақсадингиз уни севги ила қўллаб-қувватлаб, муваффақиятли бўлишига кўмаклашишдан иборатдир.

17, 18. Ҳақиқат борасида шубҳаланаётган болага ота-она қандай ёрдам бериши мумкин?

17 Албатта, сувга чўмишдан аввал ёшлар ўзини Яҳовага бағишлашади. Бу, Аллоҳни севишга ваъда бериб, нима бўлган тақдирда ҳам Унинг иродаси пайида бўлиш дегани. (Марк 12:30 ни ўқинг.) Яҳова ушбу ваъдага енгил-елпи ёндашмайди. Демак, бу ваъдани бераётган ҳар бир инсон бунга худди шундай ёндашиши керак. (Воиз 5:3, 4) Буларни болангизга ўринли пайтда ва мулойим тарзда эслатинг. Лекин бундай йўл тутишдан олдин Яҳованинг ташкилоти ота-оналар учун тақдим этаётган нарсалардан самарали фойдаланинг. Шу йўсин, ҳаётни Яҳовага бағишлаб, сувга чўмиш қанчалик жиддий эканини ва баракалар келтиришини тушунтиришга яхши замин яратасиз.

18 Масалан, кўп тилларда чоп этилган «Ёшларнинг саволлари. Амалий маслаҳатлар» китобининг 1- жилдидаги «Ота-оналарнинг саволлари» иловасида фойдали маслаҳатлар келтирилган. У ерда шундай ёзилган: «Фарзандим ҳақиқатдан юз ўгирди, деб шошилиб хулоса қилманг. Эҳтимол, гап умуман бошқа нарсададир». Бу тенгдошлар босими туфайли бўлиши мумкин. Қолаверса, у ўзини ёлғиз ҳис этаётгандир ёки бошқа ёш имондошлари ундан маънан етукроқдай туюлаётгандир. Ўша иловада яна қуйидагича айтилган: «Шу каби сабаблар Муқаддас Китобдаги ҳақиқат билан боғлиқ эмаслигига қўшиларсиз. Афтидан, улар унга, ҳозирча ҳақиқатга яраша яшашига халақит бераётган вазиятлар билан боғлиқ». Бу иловада, ҳақиқат борасида шубҳаланаётган болага қандай ёрдам бериш масаласида ота-она учун бир нечта таклиф мавжуд.

19. Ота-она боласи доно бўлиб, нажотга эришишига қай йўсин ёрдам бера олади?

19 Ота-она сифатида сиз жиддий масъулиятга ва шарафга эгасиз. Бу ҳам бўлса, фарзандларингизга «Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг фикрлаш тарзини уларга пайванд қилишдир». (Эфес. 6:4) Демак, уларга нафақат Муқаддас Китобда ёзилганларни ўргатиш, балки билиб олаётганларига ишонч ҳосил қилишга ҳам ёрдам бериш лозим. Ҳа, улар кучли имонга эга бўлишлари муҳим. Зеро бу уларни Яҳовага бағишланиб, Унга чин дилдан хизмат қилишга ундайди. Илойим, Яҳованинг Каломи, муқаддас руҳи ва сиз ота-оналарнинг ҳаракатлари туфайли болангиз доно бўлиб, нажотга эришсин!

^ абз. 9 Сайтда «Муқаддас Китоб таълимотлари» (БИБЛЕЙСКИЕ УЧЕНИЯ) номли сарлавҳа остидаги ўқув дафтарлари болалару ўсмирларга Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни англашга ва бошқаларга тушунтириб беришга ажойиб ёрдам бўлади. Улар jw.org сайтимизда кўп тилларда мавжуд. «Муқаддас Китоб таълимотлари/Муқаддас Китоб тадқиқи учун қўлланмалар» (БИБЛЕЙСКИЕ УЧЕНИЯ/ПОСОБИЯ ДЛЯ ИЗУЧЕНИЯ БИБЛИИ) сарлавҳаси остидаги маълумотга қаранг.