Молиявий барқарорлик
Аксарият одамлар Муқаддас Китобдаги принципларни амалда қўллаб, пулга оид муаммоларини камайтиришди.
ПУХТА РЕЖА ТУЗИНГ
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Тиришқоқнинг режалари муваффақият келтиради, шошқалоқлар эса камбағалликка юз тутади». (Ҳикматлар 21:5)
БУ НИМАНИ АНГЛАТАДИ? Режага қаттиқ риоя қилиш — муваффақият гарови. Шунинг учун, пулни сарфлашдан олдин режа тузинг. Ёдда тутингки, хоҳлаган ҳамма нарсангизни сотиб ололмайсиз. Шундай экан, пулдан оқилона фойдаланинг.
НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН?
-
Бюджетга амал қилинг. Барча ҳаражатларни ёзиб, уларни категорияларга бўлиб чиқинг. Сўнг ҳар бир категорияга қанча пул сарфлашингизни ҳал қилинг. Агар муайян категорияга режадан кўпроқ пул сарфласангиз, бошқаси ҳисобидан фарқни қопланг. Мисол учун, автомобиль ёқилғисига режадан кўпроқ пулингиз кетса, эҳтимол, унча муҳим бўлмаган кийим-кечак учун ажратилган пулдан ишлатарсиз.
-
Қарз олмасликка интилинг. Имкон қадар қарз олишдан қочинг. Аввал пул тўплаб, сўнг зарур нарсаларни сотиб олинг. Қарз олишга мажбур бўлсангиз, қарзга ботиб кетмаслик учун уни иложи борича тезроқ узишга ҳаракат қилинг. Агар қарз олган бўлсангиз, тўлаш учун режа тузинг ва унга қаттиқ амал қилинг.
Борди-ю, киши доим қарз олиб турса, кўп пул сарфлашга мойил бўлади. Шундай экан, қарз олишдан аввал обдан ўйлаб кўринг.
ЗАРАРЛИ ОДАТЛАРДАН ҚОЧИНГ
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Ялқов қишда ер ҳайдамайди-да, ўрим-йиғим пайтида ҳеч нарса топмай тиланчилик қилади». (Ҳикматлар 20:4)
БУ НИМАНИ АНГЛАТАДИ? Дангасалик камбағалликка олиб келади. Шу сабабли меҳнаткаш бўлинг. Пулдан оқилона фойдаланишни ўргансангиз, эртага муҳим эҳтиёжлар пайдо бўлганида, бу сизга асқатади.
НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН?
-
Меҳнатсевар бўлинг. Даромад манбаидан айрилмаслик учун меҳнаткаш бўлиб, ишингизга масъулият билан ёндашинг. Иш берувчилар ҳам тиришқоқ ишчиларни қадрлайди.
-
Ҳалол бўлинг. Иш берувчининг ҳақини ўғирламанг. Ғирромлик обрўйингизга путур етказиб, келажакда иш топишингизга тўсқинлик қилади.
-
Очкўзликдан қочинг. Пулга нисбатан мувозанатли нуқтаи назарда бўлмасангиз, бора-бора соғлигингизга ва бошқалар билан муносабатларингизга зарар етказасиз. Шуни ёдда тутингки, ҳаётда пулдан ҳам муҳимроқ нарсалар бор.
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ БОШҚА ПРИНЦИПЛАР
ЁМОН ОДАТЛАРГА ВАҚТ ВА МАБЛАҒ САРФЛАМАНГ.
«Ичкиликбоз ва очофат қашшоқликка учрайди, уйқучилик жулдур кийим кийдиради». (ҲИКМАТЛАР 23:21)
ПУЛ ҲАҚИДА ҲАДДАН ТАШҚАРИ ТАШВИШЛАНМАНГ.
«Нима еймиз ва нима ичамиз, деб жонингиз учун ёки нима киямиз деб танангиз учун ташвишланманглар». (МАТТО 6:25)
ҲАСАДГЎЙЛИКДАН ҚОЧИНГ.
«Ҳасадгўй қашшоқликка йўлиқишини билмай, бойликнинг кетидан қувади». (ҲИКМАТЛАР 28:22)