Умид бахш этувчи таълимотлар
Худо яқин келажакда ажойиб ўзгаришлар қилишни ваъда беряпти. У азоб-уқубатларга чек қўйиб, инсонлар ер юзида бахтли яшашига имкон яратади. (Забур 37:11) Нега бу ваъдага ишонишимиз мумкин? Чунки «Аллоҳ инсон эмаски ёлғон гапирса». (Саҳрода 23:19) Келинг, Яратувчимиз амалга оширадиган баъзи ишларни кўриб чиқайлик.
Худо ёвуз одамларни йўқ қилади
«Ёвузларнинг майса каби ўсиб кетиши, ёмонлик қилувчиларнинг гуллаб-яшнаши — абадий йўқ бўлиб кетиши учундир». (ЗАБУР 92:7)
Ўтган мақолада билиб олганимиздек, ёвузлик тобора авжига чиқади. Биз бундан ҳайрон қолмаймиз, чунки Муқаддас Китобда «охирзамон» пайтида одамлар ниҳоятда ёвузлашиб кетиши башорат қилинганди. (2 Тимўтийга 3:1–5) «Охирзамон» деганда, Худога итоат этишни истамайдиган одамлардан иборат ҳозирги дунёнинг охирги кунлари назарда тутилади. Яқинда Худо ёмон йўлдан қайтишни хоҳламайдиганларни йўқ қилади. Ўшанда ер юзида фақат Худога итоат этадиган яхши инсонлар яшайди. «Одил кишилар ер юзига эгалик қилади, улар ерда абадий яшайди». (Забур 37:29)
Аллоҳ Шайтонни яксон қилади
Худо Шайтонни эзиб ташлайди. (РИМЛИКЛАРГА 16:20)
Шайтон, жинлар ва барча ёвуз одамлар йўқ қилингач, ер юзида тинчлик ўрнатилади. Яратувчимиз: «[Сизни] ҳеч ким даҳшатга солмайди»,— деб ваъда беряпти. (Михо 4:4)
Худо касалликлару ўлимга чек қўяди
«Ўшанда Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди. Зеро аввалгилар ўтиб кетди». (ВАҲИЙ 21:4)
Аллоҳ Шайтон, Одамато, Момоҳаво ва номукаммаллигимиз келтирган зарарни қоплаб, азоб-уқубатлару касалликларга чек қўяди. Натижада «ўлим... бошқа бўлмайди». Парвардигоримизни яхши кўрадиган ва Унга итоат қиладиган одамлар абадий яшайди. Қизиқ, улар қаерда яшайди?
Аллоҳ ер юзини жаннатга айлантиради
«Саҳро ва қақраган ер қувонади, дашт-биёбон шодланиб, заъфарон каби гуллайди». (ИШАЁ 35:1)
Худо ёвузликни йўқ қилганида, ер юзи жаннатга айланади. Жаннатда кўп гўзал боғу роғлар бўлади ва ер мўл-кўл ҳосил беради. (Забур 72:16) Океанлар, кўллар ҳамда дарёлар тоза бўлади ва уларда ҳаёт қайнайди. «Ифлосланиш» сўзи ҳатто ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Одамлар ўзлари учун уйлар қуриб, уларда яшашади. Ўшанда уйсиз, оч ва камбағал одамлар бошқа бўлмайди. (Ишаё 65:21, 22)
Худо ўлган инсонларни ҳаётга қайтаради
«Одамларнинг тирилишига ишониб, Худога умид боғлайман». (ҲАВОРИЙЛАР 24:15)
Ўлган яқинларингизни яна кўришни истайсизми? Қодир Тангри ер юзидаги жаннатда уларни ҳаётга қайтаради, яъни тирилтиради. Сиз уларни, улар эса сизни таний олишади. Бу сизларга қанчалик қувонч келтиришини тасаввур қилинг! Нега булар амалга ошишига ишонишимиз мумкин? Чунки Муқаддас Китобда тирилиб, ўз оиласи билан бирлашган катталар ва болаларнинг мисоллари ёзилган. Масалан, Исо пайғамбар ўлган инсонларни тирилтирган ва одатда кўп одамлар бунинг гувоҳи бўлишган. (Луқо 8:49–56; Юҳанно 11:11–14, 38–44)